2026 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш турнири доирасидаги илк учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафар учрашувида Туркманистон футболчиларини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Сречко Катанец шогирдлари биринчи бўлиб гол ўтказиб юборганига қарамай, иккинчи бўлимда рақиб дарвозасини уч маротаба ишғол қилишни уддалади. Аввалига Элдор Шомуродов Отабек Шукуровга иккита голли пас узатди. Отабек ҳам бир вазиятда Элдорни голли вазиятга чиқариб қарзини узди.
Бу гол Элдор Шомуродовнинг терма жамоамиз тарихидаги энг кўп гол урган футболчи сифатидаги рекордини янгилади. Энди Шомуродов ҳисобида 67 та ўйинда киритилган 38 та гол бор.
2015 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётган 28 ёшли ҳужумчи голларини қайси мамлакатлар терма жамоаларига ургани кўпчилик футбол ишқибозларини қизиқтирса керак.
Sports.uz портали Шомуродов йўллаган тўпларни ўз дарвозасидан олиб чиққан терма жамоалар ҳақида маълумот беради.
Элдор терма жамоамиз сафидаги илк голини учинчи ўйинида – Осиё чемпионатининг саралаш турнирида Баҳрайн дарвозасига киритган.
2016 йил давомида форвардимиз ўз ҳисобига учта гол ёздириб қўйди. Унинг аниқ зарбалари Ливан, Канада, Ироқ дарвозаларидан жой олди.
2017 йилнинг бошида ўртоқлик учрашувида Грузия дарвозасига бир жуфт тўп киритган ҳужумчимизда қарийб икки йиллик қуруқ серия кузатилди.
Элдор нохуш серияга 2019 йилнинг январида барҳам берди. Осиё чемпионати учрашувларида Ўмон ва Японияга биттадан, Туркманистонга иккита гол урди. Мана шу йилнинг ўзида Хитой, Яман, Саудия Арабистонига биттадан, Сурия, Сингапур, Фаластинга иккитадан тўп киритилди.
Шомуродов 2020 йили Италия чемпионатига кўчиб ўтганидан кейин, миллий терма жамоамиздаги статистикаси ҳам ажобий томонга ўзгаргани кузатилди.
Моҳир ҳужумчимиз Европадаги кучли бешлик чемпионатидан келиб, Эрон дарвозасини ишғол қилди. Кейинги йили Сингапур ва Швеция билан бўлган ўйинларда бир мартадан рақиб дарвозасига йўл топди.
2022 йилги беллашувларда “италиялик легионеримиз” Қирғизистон, Қозоғистон, Коста-Рикага биттадан, Жанубий Суданга иккита, Уганда ва Мальдив ороллари терма жамоаларига учтадан тўп киритиб, сермаҳсуллиги ошиб бораётганини кўрсатди.
Шомуродов 2023 йилни ҳам юқори савияда ўтказмоқда. Унинг Боливия ва Тожикистонга урган голлари футболчиларимизнинг ғалабасини таъминлади. Шунингдек, бу йил Элдор Туркманистонга қарши иккита учрашувда жами учта тўп киритди.
Умуман олганда, Туркманистон Шомуродовнинг “севимли” жамоасига айланиб қолган. Ҳамюртимиз туркманларга қарши уч марта майдонга тушиб, бешта гол ва иккита ассист қайд этди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида доирасидаги навбатдаги учрашувини 21 ноябрь куни Тошкентда Эрон вакилларига қарши ўтказади.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг