Россия миллий терма жамоаси, ЦСКА ва “Челси” собиқ футболчиси Юрий Жирков metaratings.ru сайтига берган интервьюсида Россия Премьер-лигасининг биринчи даврасида ўзига ёққан жамоалар ва футболчилар ҳақида гапирди.
— Россия Премьер-лигасининг биринчи даврасида қайси жамоа сизга маъқул келди?
— “Краснодар”. Чунки улар мусобақа жадвалида биринчи ўринда кетяпти.
— Мураббийларданчи?
— Владимир Ивич. У бошқараётган жамоа чемпионатда пешқадамлик қиляпти.
— Ўйинчилар борасида нима дейсиз? Ҳамма ЦСКАдаги Аббосбек Файзуллаевдан ҳайратланяпти...
— Мен Файзуллаев яхши ўйнаган, гол урган ва жамоадошларига голли паслар узатган вазиятларни кўрдим. Жуда яхши футболчи!
Эслатиб ўтамиз, Юрий Жирков ЦСКА таркибида икки маротаба, “Зенит”да уч марта Россия чемпиони, жами олти бор мамлакат кубоги эгаси бўлган. “Армиячилар” билан УЕФА кубогини қўлга киритган.
Шунингдек, “Челси” сафида Англия Премьер-лигаси ғолиби, Англия кубоги ва Суперкубоги соҳиби бўлган.
Россия футболидаги яна бир таниқли мутахассис – ЦСКАда ўйнаган собиқ ҳимоячи Евгений Варламов ҳам euro-football.ru сайтига берган интервьюсида “армиячилар”нинг ўйини ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва Аббосбек Файзуллаевнинг маҳоратини алоҳида тилга олди.
— Бу мавсум ЦСКА сизни қувонтиряптими ёки хафамисиз?
— Жамоа қайд ўтаётган кўрсаткичлар хурсанд қиляпти. Қолаверса, жамоада ЦСКА академиясидан тарбияланган ёш ўйинчиларни қўллаб-қувватлашяпти. Уларга ўйин вақти ажратиляпти.
— Лекин кейинги пайтда бош мураббий Владимир Федотов майдонга ёш ўйинчиларни камроқ туширяпти...
— Асосий жамоада ҳар доим натижа биринчи ўринда туради. Бош мураббий наздида ана шу натижани таъминлай олишга тайёр футболчилар майдонга чиқади.
— Чемпионатнинг биринчи даврасида ЦСКА ўйинчиларидан қай бири сизга кўпроқ ёқди?
—Ҳужумчилардан Фёдор Чаловни кўрсатиш мумкин. Ҳозир унинг ўйини очилиб кетган. Ҳамма унга ишонч билдирганди, у гол ура бошлади.
Шахсан менга Аббосбек Файзуллаев ёқди. Жуда фойдали трансфер бўлди. Жуда қизиқарли футболчи экан.
Умуман олганда, жамоанинг ҳар бир футболчиси алоҳида учрашувда чақнаяпти. Лекин қаторисига ҳамма учрашувларда натижа кўрсатадиган ўйинчи ҳозиргача кўзга ташлангани йўқ.
— “Армиячилар” ҳозир бешинчи ўринда кетяпти. Бу мавсум жамоа нималарга қодир?
— Натижа барқарорликдан келиб чиқади. Агар камида кетма-кет бешта учрашувда ижобий натижа қайд этилса, кучли учликка кириб олиш имкони туғилади. Агар ғалабалар барқарор бўлса, ЦСКА кучли учликка кира олади. Агар имкониятлардан келиб чиқсак, ЦСКа кучли учликда бўлиши керак.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг