Сречко Катанец: "Бугунги ўйиндан кўнглим тўлди. Йигитларнинг ўз ишига ёндашуви мени қувонтирди"
ЖЧ-2026 саралаши доирасида Эрон билан ўйналган дурангдан кейин Ўзбекистон термаси бош мураббийи Сречко Катанец ҳамда футболчи Остон Ўрунов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Бугун ўйинни захирадан томоша қилиш осон бўлмади. Эронга қарши эришилган дуранг - яхши натижа ва мен йигитларни табриклайман. Биринчи бўлимда кўпроқ агрессив ўйин намойиш этишимиз керак эди деб ўйлайман. Лекин иккинчи таймда ўйинимизни яхшиладик. 2:0 ҳисобидан дурангга эришдик ва бу жуда яхши натижа деб ҳисоблайман. Голларни ўзимизнинг айбимиз туфайли ўтказиб юбордик.
Остон Ўрунов: - Ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик. Бугун мағлуб бўлишга ҳаққимиз йўқ эди. Икки тўпни йўққа чиқарганимиздан жуда ҳам хурсандмиз.
- Иккинчи таймда Эрон мураббийлари штаби билан жанжаллашиб кетдингиз ва таржимонимиз майдондан четлатилди. Ўша вазиятга изоҳ бериб ўтсангиз?
- Бу муҳим вазият эмас. Мен ҳакамларнинг ишига баҳо бермайман. Эрон терма жамоасининг услуби шундай, улар ҳар доим шундай ўйин намойиш этишади.
- Биринчи бўлимда йигитларнинг ўйини чиқмади дедингиз. Танаффусда футболчиларга нималар дедингизки, улар майдонга қайтиб камбэк амалга оширишди.
- Танаффусда уларга қўрқмаслик кераклигини айтдим. Биз тўпни тезроқ ҳаракатлантиришимиз кераклигини тушунтирдим. Тўпни кўп вақт ушлаб туришнинг фойдаси йўқ.
- 0:2 ҳисобини дурангга айлантириш албатта қувонарли. Аммо дастлабки икки учрашувдан қандай ҳулосалар чиқардингиз. Қаерда камчиликлар бор ва қайси позицияларни кучайтириш учун имкон бор деб ўйлайсиз?
- Бугунги ўйиндан кўнглим тўлди. Футболчиларнинг учрашувга бўлган ёндашуви мени қувонтирди. Йигитлар характер намойиш этишди ва 0:2 ҳисобини 2:2га айлантиришди. Мен футболчиларимизни ўз клубларида ҳам кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишини истайман. Улар ўз клубларида стабил тарзда ўйнаб турса, 20-30 фоизга ўйинимизни кучайтира оламиз. Услубимиз устида ишлашимиз керак ва ҳали ўйинимизни кучайтира оламиз.
- Ёш футболчиларга кўпроқ имконият беришингиз мумкин эди менинг фикримча. Ёш футболчиларга имконият беришдан қўрқаяпсизми? Масалан, Файзуллаев ва Хусановлар асосий таркибда ўйнай олади менинг фикримча?
- Секин асталик билан уларга имконият берамиз. Улар ҳали жуда ёш. Масалан Хусанов жуда иқтидорли, лекин у клубида деярли ўйнамаяпти. Терма жамоа қисқа вақт йиғин олиб боради ва биз унга биринчи дақиқаларданоқ ишонч билдиришимиз катта таваккал.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг