ЖЧ-2026 саралашида Эрон термаси билан ўйналган дурангдан кейин Ўзбекистон термаси сардори Элдор Шомуродов фикрларини билдириб ўтди.
- Икки хил тайм бўлди. Иккинчи бўлимда яхшироқ ҳаракат қилдик. Асосийси - ёмон ўтказган биринчи бўлимдан кейин ҳеч ким қўлини туширмади ва охиригача курашди. Жамоадошларимнинг барчаси ҳам хурсанд эмас, чунки ҳаммамиз ғалабани кўзлагандик. Бир очко ҳам ёмон натижа эмас, ёмон ўйин кўрсатмадик.
- Туркманистон термасига қарши ўйинда ҳам бугун ҳам Ўзбекистон термаси характер кўрсата олди. Бу йигитларнинг характери билан боғлиқми ёки Катанец мотиваторми?
- Мураббий ҳам доимо таслим бўлмасликни айтади. Бизда ажойиб жамоа бор, буни футболчилар ҳам тушуниб турибди. Охиригача курашишга келишиб олганмиз. Бу шунчаки гап бўлиб қолмаяпти ва футболчилар буни майдонда намойиш қилишга ҳаракат қилишмоқда.
- Биринчи бўлимдан кейин кийим алмаштириш хонасида қандай кўрсатмалар бўлди?
- Барчада ишонч етарлича эди. Ҳеч ким 0:2га ютқазаяпмиз, ҳаммаси тугади дегани йўқ. Барча ўзига ишонди. Айтганимдек, ғалабани истагандик.
- Элдор Шомуродовнинг термадаги функцияси ўзгарди десак бўладими?
- Бу жамоавий ўйин, унда бу ишни ким қилиши муҳим эмас. Жамоада ким гол уради, ким ассист бўлади, менга фарқи йўқ. Муҳими ғалаба.
- Иккинчи бўлимда ҳакам Эрон томонга ёнбосгандек кўринди. Бу рақибларнинг провакациялари билан боғлиқми?
- Эрон ютиб турган пайти вақтни чўзишга, ҳисобни ушлашга ҳаракат қилди ва провакациялар қилди. Биз эса бунга учмасдан ўз ўйинимизни кўрсата олдик.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг