Эрон терма жамоаси ҳужумчиси Сардор Азмун ЖЧ-2026 саралаш босқичи доирасида Ўзбекистонга қарши ўйиндан кейин ўз таасуротлари билан ўртоқлашди.
28 ёшли футболчи мазкур баҳсда терма жамоасини сардорлик боғичи остида майдонга бошлаб тушди.
"Профессионал футбол билан шуғуллана бошлаганимда, катта орзуларим бор эди. Биринчиси ва энг муҳими, терма жамоа либосини кийиш эди. Жаҳон чемпионати ва Осиё кубогида иштирок этиш кейинги мақсадларимдан бири эди ва бундай лаҳзаларни бошдан кечирдим. Ўзбекистонга қарши баҳсда эса масъулиятли сардорлик боғичини тақишга муваффақ бўлдим.
Бу мен учун шараф, бу боғичда буюк футболчилар ўйнаган. Сардорлик боғичи мақсадим эмас, бироқ буни орзу қилмаганман дея олмайман. Бу ҳолат Тошкентда рўй берди. Бундан хурсандман. Бунинг масъулияти оғир бўлса-да, ҳаётимдаги ижобий воқеалардан бири бўлди. Менга ишонган барча футболчиларга миннатдорчилик билдираман", деди "Рома" форварди.
Эслатиб ўтамиз, 2:2 ҳисобида якунланган учрашувда Азмун голли узатма амалга оширди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг