13:13 / 24.11.2023
304

Сенегал ФИФАга шикоят йўллади. Унда Франция U-17 жамоасини ЖЧ-2023дан дисквалификация қилиш сўралган

Сенегал ФИФАга шикоят йўллади. Унда Франция U-17 жамоасини ЖЧ-2023дан дисквалификация қилиш сўралган

Фото: «SPORTbible»

Индонезияда ўтказилаётган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати нимчоракфиналида Сенегал U-17 терма жамоаси французлар билан ўйиннинг асосий вақтида 0:0 ҳисобини қайд этиб, пеналтилар сериясида мағлубиятга учради. Сенегал мундиалдаги иштирокини тўхтатиб, турнир билан хайрлашган бўлса-да, мамлакат футбол федерацияси Франциянинг ҳам чоракфиналда ўйнашига қарши чиқмоқда ва буни ФИФА регламентининг қўпол тарзда бузилиши дея ҳисобламоқда.

Аввалроқ Франция ўсмирлар жамоаси ҳужумчиси Яннис Иссуфу ЖЧ-2023 Африка саралаш баҳси доирасида Нигер ўсмирлар жамоаси сафида майдонга тушгани маълум бўлганди. ФИФА қоидаларига кўра эса, футболчининг бир турнирда икки жамоа сафида ўйнаши қатъиян ман этилган. Шундан келиб чиқилса, ФИФА регламентига биноан Франция ўсмирлар жамоаси турнирдан дисквалификация қилиниши лозим.

«Ушбу футболчи ФИФА байроғи остида ўтадиган бир хил ёш тоифасидаги икки расмий турнирда икки хил жамоа сафида майдонга тушган. Аммо ФИФА низоми ва футболчиларнинг трансфер қоидаларида «футболчи аввалги ассоциацияси билан иштирок этган турнирларда янги ассоциацияси байроғи остида иштирок эта олмайди», дея аниқ ва равшан қилиб кўрсатилган. Бу қоидага зид. Қолаверса, U17 Жаҳон чемпионати регламентида барча футболчилар ФИФА низомига мувофиқ турнирда иштирок этиши шартлиги белгиланган.

Шундай экан, юқоридагиларни инобатга олган ҳолда бу турнирда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлмаган ўйинчини ўз сафига қўшиб олгани ва турнирда рўйхатдан ўтказгани учун Франциянинг ЖЧ-2023дан дисквалификация қилинишини қатъий сўраймиз», - дейилади Сенегал футбол федерациясининг ФИФАга йўллаган баёнотида.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Франция футбол федерацияси «Монпелье» клуби ҳужумчиси саналмиш Янниснинг Нигер ўсмирлар жамоаси сафида мусобақанинг саралаш босқичида майдонга тушганидан хабари бўлмаган. Табиийки, спортчининг терма жамоасини ўзгартиргани ҳақида ФИФА огоҳлантирилмаган. Терма жамоа бош мураббийи Жан-Люк Ваннуки айнан дисквалификация эҳтимоли туфайли Сенегалга қарши ўйинда Иссуфуни қайдномага киритмаганди.

ФИФА француз нашри сўровига жавобан айни пайтда ушбу масала ўрганилаётгани, ҳозирча бундан бошқа изоҳ берилмаслигини билдирган. Лекин нашр ўз манбаларига таянган ҳолда халқаро футбол ташкилоти иш дисквалификациягача бормаслиги хусусида Франция терма жамоаси мутасаддиларини тинчлантиргани ҳақида ёзган. Нашрга кўра, Буркина-Фасо чиндан ҳам апелляция берган, аммо бу регламентда белгиланган муддатдан кейин содир бўлгани айтилмоқда. Шу сабабли ушбу вазиятда французлар оддийгина тушунтириш бериш орқали можароли вазиятдан осон чиқишлари эҳтимоли юқори экани айтилганди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сенегал ФИФАга шикоят йўллади. Унда Франция U-17 жамоасини ЖЧ-2023дан дисквалификация қилиш сўралган