"Насаф"даги Зафармуроднинг зафарли юриши ҳақида: "Охирги ўйинимизни финалга тенглаштирса бўлади"
“Насаф” жамоасининг иқтидорли ва маҳаллий тарбияланувчиларидан бири Зафармурод Абдураҳматов ҳақида кўпчилик илиқ гапларни айтяпти.
Дарҳақиқат, у нафақат “Насаф”нинг, балки футболимизнинг келажаги сифатида эътироф этиляпти. Футболчи ОЧЛнинг 5-турида Қаршида “Ал-Файсали”га қарши баҳсда ҳам ажойиб ўйин кўрсатди ва шунга яраша чиройли гол урди.
Шундан сўнг Абдураҳматов Sports.uz сайтига интервью берди.
- Авваламбор, ажойиб ўйин ва ғалаба билан табриклайман. Бундай учрашувдан кейин бир неча кун ўтди ва хулосалар қандай?
Яхши ўйин бўлди. Учрашув тугаши биланоқ биз кейинги ўйинга тайёргарликни бошладик. Ҳаммаси яхши кетяпти. Олдинда яна иккита ўйинимиз бор. “Ал-Файсали”ни мағлуб этган ўйинимизни унутиб бўлдик.
- Ўша баҳснинг биринчи бўлими омадсиз ўтди ва мураббийни кўрсатмаси қандай бўлди? Чунки иккинчи бўлимда жамоа буткул ўзгарди?
- Албатта, тайм сўнгидаги гол ҳар қандай жамоани тушкунликка туширади. Мураббийимиз биринчи бўлимдан кейин бизга бу ўйин бизники, Қаршида бўляпи, албатта ютишимиз керак, қўлдан келгаича ҳамма ҳаракат қилсин, Худо хоҳласа, иккинчи бўлим бошидан тезкор гол уриб оламиз, ғалабани қўлга киритамиз, деб айтганди ва амалда шундай бўлди.
- Сизни голингиз шедевр голлар қаторида. Айтинг-чи, бу гол фаолиятингизда энг чиройлисими? Қандай таъриф берасиз?
- Голга келадиган бўлсак, тўғри чиройли бўлди. Бу ҳам бошқа голларим каби энг яхшиларидан бири. Ҳеч қайсинисини ажратиб кўрсатмаганман. Муҳими, урган голимни жамоамга фойдаси тегса бўлди.
- “Насаф”да кейинги босқичга чиқиш учун яхши имконият бор. Охирги тур финал каби катта аҳамиятга эга деб ўйлайсизми?
- Албатта, ҳаммада имконият бор. Шунинг учун гуруҳдаги охирги учрашувимизни финалга тенглаштирса бўлади. Қолаверса, ҳар қандай ўйин ҳам аслида финалга тенг бўляпти. Бу айниқса, мавсум охирлаб қолган пайтда янада муҳим аҳамият касб этади.
- “Насаф”да доим кашфиёт футболчилар етишиб чиқади ва улардан бирисиз. Катта футболдаги асосий мақсад ва орзуингиз нима?
- Худо хоҳласа, Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтариш, жаҳон чемпионатларида мадҳиямизни янгратиш ва топ-5 чемпионатларида тўп суриш каби ниятларим бор.
- ”Насаф” ОЧЛда қаергача бора олади, деб ўйлайсиз?
- Бу қийин савол. Чунки олдиндан бирор нраса деб бўлмайди. Тўп юмалоқ майдон текис дейишади. Қўлдан келганича ҳаракат қиламиз ва яхши натижалар кўрсатишга интиламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг