Хабарингиз бор, 26 ноябрь тонгида АҚШнинг Лас-Вегас шаҳридаги "Michelob Ultra Arena"да катта профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтганди.
Унинг доирасида ҳамюртимиз Шоҳжаҳон Эргашев (23-1-0) IBF йўналиши чемпиони, пуэрто-риколик Сабриель Матиас (20-1-0)га қарши рингга кўтарилган ва жароҳати сабаб жангни якунига етказа олмаган эди. Шоҳжаҳон мана шу чемпионлик жанги учун 17 килограмм вазн ташлашига тўғри келганди. Жангдан кейин Эргашев шу йил апрель ойида номаълум кимсалар оёғига пичоқ тиқиб кетишгани ва айнан шу жароҳат чемпионлик баҳсида панд берганини айтганди.
Янада кучли бўлиб қайтишини айтган чарм қўлқоп устамиз Инстаграм саҳифаси орқали ўз ўқувчиларига мурожаат қилди. Эргашев кузатувчилардан Матиасга қарши реванш жанги ҳақида сўраган. Сўровномада овоз берганларнинг 91 фоизи реванш жанги ўтказилиши керак деган. Қолган 9 фоизи эса реваншга ҳожат йўқ деган маънода қарши тугмани босган.
Маълумот учун, 31 ёшли Эргашев кетма-кет 23 ғалабадан сўнг фаолиятидаги илк мағлубиятни қабул қилиб олган эди. Матиасда ҳам битта мағлубият бор. IBF чемпиони Эргашевга қарши жанггача 19 та ғалабага эга эди.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг