Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Москванинг ЦСКА клуби ҳужумкор футболчиси Аббосбек Файзуллаев Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси – IFFHS экспертлари томонидан 2023 йилнинг энг яхши ёш футболчиси номинацияси бўйича ғолибликка даъвогарлар рўйхатига киритилди.
Бу йилги рўйхатдан бутун дунёдан яхши ўйин кўрсатаётган 26 нафар 20 ёшгача истеъдод эгалари киритилди ва улар 120 дан ортиқ мамлакатлар экспертлари иштирокидаги сўровномада овозга қўйилади.
Халқаро ташклот рўйхатига киритилган Аббосбек Файзуллаев сўровномага номзоди қўйилган ягона осиёлик футболчи ҳисобланади.
Россиялик футбол экспретлари ҳам Файзуллаевнинг халқаро миқёсда эътироф этилганига ўз муносабатини билдиряпти.
ЦСКА жамоасининг собиқ футболчиси Владимир Пономорёв “армиячилар” етакчисининг жаҳоннинг энг истеъдодли ёшлари қаторидан ўрин олгани бўйича фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
— Файзуллаевнинг ўйини 20 ёшли футболчи учун жуда юқори даражада экани кўриниб турибди. Жуда зўр футбол кўрсатяпти.
Мен Аббосбек ўз ёшига нисбатан жуда ақлли ва жозибали футбол намойиш қиляпти, деган бўлардим эди.
Одатда, футболчилар 23-24 ёшда улғайган ҳисобланади ва ўйини очилади. Чунки айнан шу ёшда уларнинг ақли шаклланган бўлади. Лекин Аббосда ҳозирнинг ўзида етуклик аломатлари намоён бўлиб улгурди. Менга бу жуда ёқяпти.
Аббос ўз вақтида пас беради, ўзи ҳам жуда яхши очилади, дарвозага жуда аниқ зарба беришга қодир. Файзуллаевнинг бўйи бироз паст, лекин бу каби футболчиларнинг техникаси ва тезлиги ўта юқори бўлиши талаб этилади. Аббосда эса бу хусусиятлар яхши шаклланган, у тўп билан яхши югуради ва дриблинг устаси ҳисобланади.
Шундай экан, мен Файзуллаевни халқаро ташкилот томонидан йилнинг энг яхши ёш футболчиси номинацияси бўйича даъвогарлар қаторига киритилганини қўллаб-қувватлайман. Бу адолатли қарор.
Аббосбек жаҳоннинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилишга муносиб ва лойиқ, деб ҳисоблайман, - деди Владимир Пономарёв.
Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпиони ва ушбу мусобақанинг энг зўр ўйинчиси бўлган. Шунингдек, у ёшлар ўртасида Аргентинада ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам муносиб иштирок этган.
Файзуллаев ЦСКАга август ойида кўчиб ўтди. Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубогида жами 18 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини икки маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига тўққизта голли пас узатди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг