Россия Премьер-лигасида юзага келган қишки танаффус даврида мутахассислар чемпионатнинг биринчи қисмини таҳлил қилишга эътибор қаратмоқда.
Россия футболида чуқур из қолдирган Андрей Аршавин жорий мавсум трансферлари ҳақида фикр билдирди.
Ўз даврида "Арсенал" сафида Англия Премьер-лигасида порлаган Андрей Аршавин ҳозирги кунда Россиянинг кўп карра чемпиони – “Зенит” клубида бош директорининг спортни ривожлантириш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаётган мутахассис чемпионат биринчи қисми якунига кўра, энг яхши трансфер қайси эканини таъкидлади.
- Бителлонинг трансфери энг яхшими ёки Аббосбек Файзуллаевники? Мен Файзуллаевни танлаган бўлардим. Агар Бителло билан таққосласак Аббосбек ҳали ёш, қолаверса, Бителло яхши чемпионатларда ўйнаб келган.
ЦСКАнинг “Крилья Советов” билан баҳсига эътибор қаратинг. Ўшанда бир киши кам бўлиб ўйнаётган “армиячилар” 0:2 ҳисобида ютқазаётганди.
Майдонда Файзуллаев тушди, рақиб жарима майдонига келган ҳар бир тўп Файзуллаев томонидан узатилди, ҳаммаси хавфли кўриниш олди, барчаси олдинга узатилган паслар эди.
Буларнинг бари 20 ёшли йигитчанинг иши эди. Файзуллаев эътироф ва эътиборга муносиб, - деди Андрей Аршавин.
Андрей Аршавин “Зенит”нинг афсонавий футболчиларидан бўлган. Мамлакатнинг ўз давридаги энг зўр ўйинчиси бўлган Аршавин 2009-2013 йиллар давомида Лондоннинг “Арсенал” жамоасида тўп тепган. Андрей “канонирлар” таркибида 105 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 23 маротаба ишғол қилган. Бундан ташқари, россиялик ҳужумкор футболчи Қозоғистоннинг “Қайрат” жамоасида ҳам ўйнаган.
Аббосбек Файзуллаев “Пахтакор”дан ЦСКАга шу йилнинг август ойида кўчиб ўтди. Бу трансфер 500 минг еврога тушди.
20 ёшли футболчи қисқа фурсат ичида “армиячилар”нинг асосий фигурасига айланди. Аббос келганидан кейин ЦСКАнинг аксарият ҳужумлари айнан ўзбек футболчиси томонидан ташкил этилмоқда.
Файзуллаев аксарият мутахассислар томонидан чемпионатнинг асосий кашфиёти сифатида эътироф этилди.
Аббосбек Файзуллаев ЦСКАнинг сентябрь, октябрь, ноябрь ва декабрь ойларидаги энг яхши футболчиси, деб топилди.
Легионеримиз Россия Премьер-лигаси ва мамлака кубоги беллашувларида жами 18 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини икки маротаба ишғол қилди ҳамда жамоадошларига тўққизта голли пас узатди.
Ҳамюртимиз легионер сифатида Россия майдонларида муваффақиятли ўйнаётгани туфайли унинг трансфер суммаси тўрт ой ичида бир неча баравар кўтарилиб, бугунги кунда 4 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Аббосбек Файзуллаев айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида январь ойида бошланадиган Қатардаги Осиё кубоги мусобақасига тайёргарлик кўрмоқда.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг