Россия Премьер-лигасида қишки танаффус эълон қилинган. Футбол экспертлари чемпионатнинг биринчи қисмини таҳлил қилиш билан банд.
Ёзги трансферлар вақтида “Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтган Аббосбек Файзуллаев Премьер-лиганинг асосий кашфиёти сифатида мухлису мутахассислар жиққат марказида турибди. Россиялик экспертлар ўзбек футболчиси ҳақида кўп фикр билдиряпти.
Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига россиялик экспертларнинг Аббосбек Файзуллаев ҳақидаги фикрларини ҳавола қилишда давом этади.
Владимир Пономарёв, ЦСКАнинг собиқ футболчиси:
ЦСКА мусобақа жадвалида саккизинчи ўринга тушиб қолганидан ҳайратдаман. Тўғри, юқоридаги жамоалар билан очколар ўртасидаги фарқ катта эмас, лекин ишланиши керак бўлган жиҳатлар борлиги билиниб турибди.
Менга “армиячилар”нинг жисмоний тайёргарлиги ёқмаяпии. Кўпинча иккинчи бўлимда муаммолар юзага келмоқда. Демак, тайёргарликда жиддий камчиликлар бор.
Жамоанинг ҳужум чизиғини зўр, деб бўлмайди. Фёдор Чалов ва Антон Заболотний яхши ўйинчи, лекин жамоанинг бир жуфт тезкор ҳужумчига эҳтиёжи бор. Улар рақиб ҳимоя чизиғига босим ўтказиши керак. Ҳар доим позицион ҳужум билан ўйнаш ҳам яхши эмас.
ЦСКАда Аббосбек Файзуллаев жуда яхши бошлади. У ҳақиқий топилма. ЦСКАда Файзуллаевдан бошқаси тўп билан югура олмайди, тезликда дриблингини қўллай олмайди. Фақат пас орқали ўйнайди. Қанотдан ҳужум уюштирилганда рақибни алдаб ўтишганини кўрмадим. Агар майдонда телеграф устуни турган бўлса ҳам, ЦСКА ўйинчилар ундан пас орқали ўтади.
Геннадий Костилев, ЦСКА собиқ футболчиси:
“Армиячилар” иштиёқ билан ўйнаганида муваффақиятли давр ҳам бўлди. Кейин пасайиш бошланди. Барқарорлик етишмади. Бу ҳолатда яхши натижаларга эришиб бўлмайди.
ЦСКАда кутилаётган даражада ўйин кўрсата олмаётган ўйинчилар бор. Бунақаларини легионерлар орасида ҳам, маҳаллий футболчилардан ҳам топиш мумкин. Менинг фикримча, ЦСКАда фақат Игорь Акинфеев жиддий савияда ўйнаяпти. Қолганлари ҳам ёмон футболчи эмас, лекин мунтазам юқори даражада ўйин кўрсатаётгани йўқ.
Кўпчилик томонидан мавсум кашфиёти сифатида эътироф этилаётган Аббосбек Файзуллаев ҳақиқатан ақлли футболчи, ўзида бир неча сифатларни уйғунлаштирган. Лекин яккама-якка курашларга озгина кучи етмаяпти.
Ўзбек легионерининг ҳаракатлари асосан ҳужумга қаратилган. Бу эса, кимдир унинг ўрнига ҳимояда тер тўкиши кераклигини билдиради. Шундай қилмаса, муаммо келиб чиқиши мумкин.
Аббосда футболчи сифатида дид яхши ривожланган, ҳар доим оригинал тарзда пас беришга интилади. Файзуллаев типидаги футболчилар ҳар доим катта ҳажмдаги ишларни амалга оширади. Ҳатто катта-катта клубларда ҳам шундай бўлади.
Таъкидлаш жоиз, Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубогида ҳозиргача 18 та учрашув ўтказиб, иккита гол ва тўққизта ассист муаллифи бўлди. Айни пайтда 20 ёшли ҳужумкор футболчимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Қатарда бўладиган Осиё чемпионатида иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг