16:16 / 13.01.2024
162

Осиё Кубоги. Турнир фаворитлари, стадионлар ва мусобақага оид бошқа маълумотлар

Осиё Кубоги. Турнир фаворитлари, стадионлар ва мусобақага оид бошқа маълумотлар

Қатарда яшил майдонлари мезбонлик қиладиган Осиё Кубоги мусобақаси 12 январь куни старт олди. Саралаш босқичида иштирок этган 46 та жамоадан 24 таси финал босқичига йўл олди. Айнан улар 12 январдан 10 февралга қадар соврин учун кураш олиб боради.

Фото: Спорц

Формат қанақа?

Ҳар бирида 4 тадан терма жамоа бўлган 6 та гуруҳ мавжуд. 1/8 финалга биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар ҳамда энг яхши натижа қайд этган 4 та учинчи ўрин эгалари йўл олади.

Гуруҳ босқичи қуйидагича кўриниш олган:

А гуруҳи: Қатар, Хитой, Тожикистон, Ливан.

B гуруҳи: Австралия, Ўзбекистон, Сурия, Ҳиндистон.   

C гуруҳи: Эран, БАА, Гонконг, Фаластин.

D гуруҳи: Япония, Индонезия, Ироқ, Вьетнам.

E гуруҳи: Жанубий Корея, Малайзия, Иордания, Баҳрайн.

F гуруҳи: Саудия Арабистони, Таиланд, Қирғизистон, Уммон.

Асосий фаворитлар

Фото: Спорц

Ҳар қандай Осиё Кубогида бўлгани каби ушбу мусобақада ҳам Япония терма жамоаси асосий фаворит ҳисобланади. Шунингдек, Австралия, Эрон, Жанубий Корея, Қатар ва Ўзбекистон терма жамоалари ҳам ғолиблик учун кураш олиб боришга ҳаракат қилади.

Улардан кейинги ўринларда Хитой, Сурия, БАА, Фаластин, Иордания, Баҳрайн ва Уммон каби терма жамоалар жой олган. Ҳар бир гуруҳда плей-оффга чиқиши кутилмаган ҳисобланадиган терма жамоалар ҳам мавжуд — Ливан, Ҳиндистон, Гонгконг, Индонезия, Малайзия ва Қирғизистон.

Осиё Кубоги жамоалари ФИФА рейтингида 23-ўриндан (Эрон) то 155-ўрингача (Индонезия) жойлашган.

Ўйинлар бўлиб ўтадиган стадионлар

Фото: Спорц

2019 йилда турнир мезбонлиги Хитойга топширилганди.. Бироқ орадан 3 йил ўтиб, ковид чекловлари туфайли мусобақа Хитойда ўтказилмайдиган бўлди. Австралия, Индонезия, Қатар ва Жанубий Корея мезбонликни таклиф қилганди, кейинчалик австралияликлар ва индонезияликлар курашдан чиқди. Осиё Кубоги мезбонлиги Қатарда бўлиб ўтиши белгиланди ва шу билан бирга ўйинлар 2023 йилнинг ёзидан 2024 йилнинг бошига кўчирилди.

2022 йилги Жаҳон Чемпионатидан таниш бўлиб қолган барча еттита стадион (“974”дан ташқари) ўйинларни қабул қилади. Осиё Кубогида 9 та аренадан фойдаланилади: 2 та қўшимча стадион — Ар-Райяндаги 15 минг томошабин сиғадиган “Жассим бин Ҳамад” ҳамда Доҳадаги 10 минг сиғимга эга “Абдулла бин Ҳалиф” стадионлар ўйинларни қабул қилади. Биринчиси 1970 йилда қурилган, 2010 йилда реконструкция қилинган, иккинчиси эса 11 йил олдин очилган.

Шаҳарлар Жаҳон Чемпионатидаги каби: Доҳа, Лусаил, Ал-Ҳаур, Ал-Вакра ва Ар-Райян. Очилиш ўйини бўлган Қатар ва Ливан ўртасидаги баҳс (3:0) “Лусаил”да бўлиб ўтди. Айнан шу стадионда Аргентина ва Франция ўртасида мундиал финали бўлиб ўтганди.

Терма жамоалар ҳақида

Фото: Спорц

  • Қатарда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатида Япония Германия ва Испанияни мағлуб этган (кейинчалик немислар устидан ўртоқлик ўйинида ҳам 4:1 ҳисобида зафар қучган), бироқ пенальтилар сериясидаги муваффақиятсизлик туфайли чорак финалга чиқа олмаганди. Мундиалда қатнашган таркибнинг ярмидан кўпроғи — 14 нафар футболчи Осиё Кубогида иштирок этади. Мухлислар Ватару Эндо (“Ливерпуль”), Каору Митома (“Брайтон”), Такуми Минамино (“Монако”), Такехиро Томиясу (“Арсенал”), Рицу Доана (“Фрайбург”), Такуми Асано (“Boxум”), Такефусо Кубо (“Реал Сосьедад”) ва Дайзена Маэда (“Селтик”) каби футболчиларни кўриши мумкин. Шу билан бирга бош мураббий Ҳадзиме Мориясу “Лацио” футболчиси Даити Камада, ЖЧ қаҳрамонларидан бири Ао Танака ва ўтган мавсум Шотландия чемпионатида 27 та гол урган Кего Фурухасиларни таркибга қўшмасдан ҳаммани ҳайрон қолдирди.

  • Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада жиддий йўқотиш билан ташриф буюрди. Жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар ва ҳозирги кундаги етакчи Элдор Шомуродов жароҳати сабабли терма жамоага ёрдам бера олмайди. Мусобақа бошланишига оз муддат қолганда ҳимоячи Ҳусниддин Алиқулов ҳам жароҳат олиб, сафдан чиқди. Шунга қарамасдан Ўзбекистон олдига жиддий мақсадларни қўйган. Жамоа сардори Жалолиддин Машарипов матбуот анжуманида камида кучли 4 ликка кириш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Фото: Спорц

  • Австралияликлар ЖЧда иштирок этган таркибнинг ярмини Қатарга олиб келмади. Лекин сардор Метю Райан (“АЗ”) бор, шунингдек, мундиалда гол урган Крейг Гудвин (“Аделаида Юнайтед”) ва Митчелл Дюклар (“Фажиано Окаяма”) ҳам ташриф буюрган. Меттю Лекки, Массимо Луонго, Айдин Ҳрустич ёки Фран Карачич каби футболчилар йўқ, ҳар бирида турлича сабаблар бор: Лекки жароҳат олган, Луонго терма жамоадан кетган, Ҳрустич эса сўнгги вақтларда “Верона”да ўйнамаяпти, Карачич ёздан буён жамоасиз.
  • Эрон мусобақанинг энг ёши катта жамоаларидан бири, фақатгина уч футболчи 27 ёшдан кичик. Мухлисларни хавотирга солаётган иккинчи сабаб — Меҳди Таремининг “Порту”даги натижалари пасайгани: сўнгги тўрт мавсум давомида Португалияда 76 та гол урган футболчи жорий мавсумда атиги 3 та голга муаллифлик қилди. Аммо энг тажрибали Алиризо Бейнранванд (“Персеполис”), Алиризо Жаҳонбахш (“Фейеноорд”) ва Карим Ansaрифард (“Омония”) ва Сардор Азмун (“Рома”) Осиё Кубогида терма жамоасининг 50-голини уришга умид қилмоқда (ҳозир 49 та гол бор).

Фото: Спорц

  • Юрген Клинсманн бошчилигидаги Жанубий Корея терма жамоасида бутун эътибор суперклубларда тўп сурадиган уч футболчига тушади — Ким Мин Чже (“Бавария”), Ли Кан Ин (“ПСЖ”) ва Сон Ҳён Мин (“Тоттенҳэм”). Кореяда Клинсманн танқидлар остида қолмоқда. Мутахассис ўтган йили ёзда ёмон натижалар, дастлабки 6 ойда мамлакатда атиги 67 кун ўтказиб, қолган пайтда Калифорниядан туриб, Zoom орқали матбуот анжумани ўтказгани учун жиддий танқид қилинганди. Германиялик мураббийнинг ўзи турнирдаги ғалабадан бошқа ҳар қандай натижа омадсизлик эканлигини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун Ўзбекистон терма жамоаси турнирдаги юришини Сурияга қарши баҳс билан бошлайди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё Кубоги. Турнир фаворитлари, стадионлар ва мусобақага оид бошқа маълумотлар