Катанец "эксперимент"и ўхшамади ёхуд Ўзбекистон терма жамоаси Сурияни мағлуб эта олмаганига 5 сабаб
Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубогидаги дастлабки учрашувда Сурия терма жамоаси билан дуранг ўйнади. Биз эса терма жамоамиз нима сабабдан сурияликларни мағлуб эта олмаганини таҳлил қилдик.
1-сабаб: Асосий таркиб ва Шомуродовнинг йўқлиги
Сурия терма жамоасига қарши кечган учрашувда Шомуродов йўқлиги яққол сезилди. Шомуродов каби тезкор ва очиқ зоналарни қидирувчи футболчининг йўқлиги ҳужумдаги самардорликка салбий таъсир ўтказди. Катанецнинг Ўруновни ҳужумчи сифатида ўйнатиш қарори ўзини оқламади. Остон нимага қодир эканлигини барчамиз яхши биламиз ва уни ўз позициясига қайтариш энг тўғри қарор бўлади. Шунингдек кеча ҳужум чизиғидаги футболчиларимиз кўпроқ индивидуал маҳоратга таяниб қолишди ва шу ҳолат ҳам бизнинг фойдамизга ишламади. Машарипов тўпни ўзида кўпроқ ушлаб юборди ва айнан шу вазиятда суриялик ҳимоячилар ўз позицияларига қайтиб олишга улгуришди. Бироқ Машарипов ва Сайфиев қанотда жуда актив бўлди, айниқса биринчи бўлимда. Сайфиевни кўпчилик танқид қилмоқда, аммо у кўп меҳнат қилди ва барча вазиятларда бирдек самарали ва фойдали ўйнаш иложсиз.
2-сабаб: Ўзгаришлар
Иккинчи тайм бошланишидан аввал ўнг қанотдаги иккита "хожи"лар заҳирага олинди. Алижоновнинг заҳирага олингани сабаби аниқланмади. Эркинов эса биринчи таймда ҳужумда анча фаол бўлди, аммо Файзуллаевга ҳам ўйин вақти бериш кераклиги сабабли Эркинов заҳирага олинди. Аббосни кўпчилик асосий таркибда кутганди, аммо у ўйинни заҳирада бошлади, кўпчиликнинг фикрига кўра Файзуллаев асосий таркибдан жой олиши керак. Игорь Сергеев эса жуда кеч ўйинга қўшилди. Шунга қарамай Сергеев жуда самарали ўйнади ва у майдонга тушганидан сўнг рақиб дарвозаси майдончасига оширилган паслар сони кескин кўпайди. Сергеев иккинчи қаватда яхши ўйнашини биламиз ва у бир вазиятда боши билан яхши зарба берди, аммо кечаги учрашувнинг энг яхши футболчиси дея тан олинган Сурия дарвозабони зарбани бартараф этди. Кейинги учрашувда Остонни қанотга ва Сергеевни ҳужумга қўйсак, терма жамоамиз ташкил этаётган ҳужумлар самарадорлиги кескин ўсишига ишонаман.
3-сабаб: Бир хил услуб
Терма жамоамиз кўпроқ ҳужумкор услубда ўйнайдиган жамоаларга қарши ўзини қулай ҳис қилади. Сурия эса бундай жамоа эмас, улар ҳам биз каби иккинчи рақам ва тартибли ҳимоя тарафдори. Икки жамоа ҳам ҳужумкор ўйнашга интилмайди. Шу сабаб кечаги ўйинимиз тушунарсиз ва нурсиз бўлди.
4-сабаб: Рақибнинг тартибли ўйини
Терма жамоамиз лидерларидан бири Отабек Шукуров учрашув якунланганидан сўнг айтиб ўтганидек: "Биз Сурияни ҳар қандай ҳолатда ва ҳар қандай таркиб билан мағлуб этишимиз керак", аммо тан олиш керакки Сурия терма жамоаси жуда тартибли ҳимояланди ва деярли хато қилмади. Терма жамоамиз бутун ўйин давомида бор йўғи икки маротаба дарвозага аниқ зарба беришди, аниқ йўлланган яна 3та зарбамиз суриялик ҳимоячилар томонидан муваффақиятли "блок" қилинди.
5-сабаб: Индивидуал маҳоратга таяниш
Кечаги учрашувда кўп жиҳатлар ва ҳужумларимиз футболчиларнинг индивидуал маҳоратига таянилди. Таркибимизда креатив футболчиларнинг кўплиги бу албатта яхши ҳолат, аммо креативлик ҳар доим ҳам стабил ўйин кафолати эмас. Қайсидир футболчи бир учрашувга кучлироқ ўйнаб бериши ёки аксинча ўйини қовушмаслиги ҳам мумкин. Шу сабаб жамоавий ўйинни кучайтириш керак. Сречко Катанец эса кеча ушбу муаммони тан олди, умид қиламизки у ушбу масалани тез орада бартараф этади.
Хулоса: Катанец кеча ўзига ўзи муаммо яратди. Катанец ўйлаган "эксперимент" ўхшамади. Ҳа, Сурия ҳам яхши ҳимояланди, аммо улар "идеал" ўйин ўтказишмади. Бунга далил, биз яратган бир нечта хавфли вазиятлар. Терма жамоамиз бундан яхшироқ ўйнай олиши аниқ ва Ҳиндистонга қарши учрашувда умуман бошқа жамоани кўришимизга умид қиламан. Олға, Ўзбекистон!
Муаллиф: Абдулвосит Бектемиров
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг