16:02 / 17.01.2024
546

Қайси «Пахтакор» сотилади?

Қайси «Пахтакор» сотилади?

Айни пайтда Ўзбекистон ва Англиянинг энг совриндор клублари сотилмоқда. «Манчестер Юнайтед» акцияларининг 25 фоиз улушини сэр Жим Рэтклифф сотиб олаётган бўлса, «Пахтакор» акциялари тўлиғича сотувга қўйилди.

Рэтклифф клуб билан учрашувда мақсади молиявий фойда кўриш эмас, клубни яна Европанинг энг кучлиларидан бирига айлантириш эканини айтаётган бўлса, «Пахтакор»ни сотиб оладиган харидор академия ва клуб фаолиятини давом эттириши, клуб балансидаги барча спорт объектларидан, жумладан, футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиши керак бўлиши айтилмоқда.

Сэр Жим Рэтклифф аллақачон клуб структурасини ўрганиб чиқиб, бир қатор муҳим позицияларга ўз одамларини тайинлашни бошлади, баъзи раҳбарлар ишдан бўшатилди ҳам. «Пахтакор»нинг расмий баёнотига кўра эса, Жаҳонгир Ортиқхўжаев клуб раиси сифатида фаолиятини давом эттиради.

Фарқлар фақат шу ерда тугамайди. «Манчестер Юнайтед»нинг бозор нархи етти миллиард долларгача чиқиб кетди. Яъни Жим Рэтклифф клуб акцияларининг 25 фоизини сотиб олиш учун 1,3 миллиард фунт пул сарфлагани, шунингдек, клуб инфратузилмасини яхшилаш учун қўшимча 300 миллион фунт инвестиция киритиши айтилмоқда.

«Манчестер Юнайтед» америкалик Глейзерлар оиласига тегишли, яъни хусусий, клубни истаган нархига, истаган шартларда сотиши, хоҳласа умуман сотмаслиги мумкин. Ҳатто «Олд Траффорд»ни бузиб юбориб, сэр Алекс Фергюсон ҳайкалини қисмларга бўлиб сотса ҳам, ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч ким эътироз қила олмайди. Мухлислар норозилик намойишлари ўтказиши мумкин холос. Албатта, бу норозиликлардан бизнес ҳам ютқазади, шунинг учун Глейзерлар ҳеч қачон бундай қилишмайди, бу бошқа масала.  

«Пахтакор»ни Давлат активлари агентлиги сотаётганидан келиб чиқсак, клуб давлатга тегишли, яъни халқники, жамоа мухлислари ҳам «халқ жамоаси» дейишни яхши кўришади. Аммо «харидор академия ва клуб фаолиятини давом эттириши, клуб балансидаги барча спорт объектларидан, жумладан, футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиши керак бўлиши» ҳақидаги шартлардан бошқа ҳеч нарса маълум эмас. Эртага бу шартлар бажарилмаса, нима бўлади, давлат «Пахтакор»ни олти йил олдин сотиб, яна қайтиб олганидек бўлиши мумкинми ёки стадион бузилмаслига мораторий ҳуқуқи қоладими, унда тадбиркор нимани сотиб олмоқда, номаълум.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз телеграм-каналида шу борадаги хавотирларини билдирди.

«Лекин бу ҳозирча. Кейинчалик, эгалик ҳуқуқи расмийлаштириб олингач ва айтайлик, шаҳар четида бошқа стадион қурилгач, талаблар осонгина ўзгартирилишини истисно этиб бўлмайди. Айниқса, клубга асосий даъвогар деб ҳисобланадиган олигархиянинг қарор қабул қилувчиларга таъсири ҳисобга олинса.

Шу маънода, клуб академиясини давлат назоратида қолдирган ҳолда, клубнинг асосий активи стадион эгаллаган майдон 24,1 гектарни очиқ аукционга қўйиб сотиш кўпроқ иқтисодий маънога эга бўларди. Пойтахтнинг қоқ марказидаги ушбу манзилда бир сотих ер 200 минг долларга баҳоланиши инобатга олинса, қуруқ ернинг ўзи бозор нархида 500 миллион долларгача етади. Бундай юқори қийматдаги ер манзилида бизнес, савдо марказлари ва премиум турар жойлар қуриш жозибасини тўхтатиб қолиш жуда қийин бўлади», дейди у.

Яна бир энг муҳим жиҳат.

Юқорида «Манчестер Юнайтед»нинг бозордаги нархи 7 миллиард долларга етгани айтилди. Агар клуб ихтиёридаги базалар, академия, стадион, ер, мулк, умуман барча моддий қийматликларнинг умумий нархи нари борса 2 миллиард доллар атрофида бўлиши мумкин. Унда харидорлар нима учун ортиқча 5 миллиард доллар тўлашга тайёр?

Чунки, нормал иқтисодий ва футбол шароитида «Манчестер Юнайтед» энг аввало, халқаро бренд ҳисобланади ва унинг шартномалари, трансляция ҳуқуқлари, номи, тарихи, фан базаси, клуб қатнашадиган мусобақалар, таркибдаги футболчиларнинг қиймати, истиқболда молиявий фойда келтириши мумкин бўлган келишувлар учун пул тўланади. Бизнес муҳитида ушбу факторлар жуда муҳим бўлиб, даромад келтирадиган асосий манба сифатида айнан мана шу айланма бойликлар, истиқболли келишувлар катта аҳамият касб этади.

«Пахтакор»нинг айни пайтдаги моддий қийматликлари, жумладан эгаллаб турган майдони Бакиров айтаётган 500 миллион доллар қийматга эга бўлса, клуб неча пулга сотилади, деб тахмин қиласиз? Албатта, инглиз клуби сингари, 3 баробар кўп миқдорни кутмаймиз, аммо агар ўша 500 миллиондан кўп ёки камроқ бўлса, тадбиркор нимани сотиб олаётган бўлади?

Наҳотки «Пахтакор» футбол фаолиятида, ўз бренди, қатнашаётган мусобақалари, бизнес шартномалари, келишувлар истиқболи бўйича катта пул турса? Футбол фаолияти орқали қандай фойда кўриш мумкин? «Пахтакор»нинг Суперлигадаги бир уй учрашувида чипталардан тушган пул стадионни тозаловчилар тўлаш учун етадими? ОТМК билан сафар ўйинида трансляция учун олинадиган маблағ Олмалиққа бориб келиш харажатларини қоплайдими? Осиё Чемпионлар лигасида бир ўйиндаги ғалаба учун олинадиган мукофот пули футболчиларнинг бир ойлик маошини қоплай оладими? Айниқса, «харидор академия ва клуб фаолиятини давом эттириши, клуб балансидаги барча спорт объектларидан, жумладан, футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиши керак бўлиши» шарти қатъий шаклда ишласа, соғлом ақл билан клубни сотиб олишдан қандай наф? Клубнинг футбол томони худди «Манчестер Юнайтед» сингари, қийматни бир неча баробарга оширмайди, аксинча, йиллик харажатлар шаклда манфий томонга ўзгартиради-ку? Агар шундан келиб чиқиб, арзимаган пулга клуб сотиладиган бўлса, Тошкент марказидаги жуда катта майдон хусусий қўлга ўтгач, қачонгача у ерда умуман норентабел бўлган футбол учун сақланиб турилади?

Умуман, клубнинг сотилишидан мақсад нимада? Агар мақсад «Пахтакор»ни клуб сифатида ривожлантириш бўлса, шарт эса, « харидор академия ва клуб фаолиятини давом эттириши, клуб балансидаги барча спорт объектларидан, жумладан, футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиши керак» бўлса, стадион ва атрофини ҳокимиятга, яъни халққа қолдириб, харидорга клубни ва стадиондан фойдаланиш ҳуқуқинигина сотиш мақсадга мувофиқроқ эмасми? Моҳиятан тадбиркор қайси бирига пул тўлайди ? «Пахтакор» клубигами ёки «Пахтакор» стадионигами?

Юқорида Бакиров футбол клубни эмас, стадионни бозор нархида сотиш мақсадга мувофиқ эканига ишора бермоқда. Мен стадионни эмас, футбол клубини сотишни таклиф қилдим, аслида бу фикрлар бир-бирига зиддек кўринса-да, аслида асосий жиҳатда кесишади – зинҳор «Пахтакор» футбол клуби ва «Пахтакор» стадионини қўшиб сотмаслик керак.

Аввало иккаласини ажратиб қўйиш лозим. Кимга «Пахтакор» стадионини эгаллаб турган фалон гектар майдон керак бўлса, марҳамат, бозор нархида сотиб олиб, тадбиркорлик қилсин. Кимга футбол керак бўлса, марҳамат, «Пахтакор» футбол клубини мавжуд бўлган қийматида сотиб олиб, ривожлантирсин. Марҳамат.

Шунинг учун, токи футболимизда қисман бўлса-да, футбол фаолиятидан даромад келиши, айтайлик, трансляция ҳуқуқлари, реклама, маркетинг, matchday даромадлари, трансферлар орқали молиявий тушумларни амалга ошириш имконияти бўлмас экан, ҳеч қандай хусусийлаштириш футболимизни қутқариб қола олмайди.

Унгача «Пахтакор» клубидаги энг қиммат бойлик унинг эгаллаб турган ер майдони бўлиб қолаверади. Қанча берасиз?

Қаҳрамон Асланов


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Қайси «Пахтакор» сотилади?