23:37 / 18.01.2024
919

Ўзбекистоннинг ғалабасига Ҳиндистондан қандай муносабат бўлди?

Ўзбекистоннинг ғалабасига Ҳиндистондан қандай муносабат бўлди?

Қатар мезбонлик қилаётган Осиё кубоги гуруҳ босқичи иккинчи турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳиндистонлик футболчиларни йирик ҳисобда мағлуб этди.

Ўйинда катта устунликка эга бўлган ҳамюртларимиз рақиб дарвозасига жавобсиз учта тўп киритди ва биринчи турда Сурия билан дурангдан кейин дастлабки ғалабасини нишонлади. Умумий ҳисобда тўрт очко жамғарган футболчиларимиз гуруҳда иккинчи ўринга кўтарилди ва 23 январь куни Австралияга қарши ўтказиладиган баҳс олдидан плей-оффга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилган.

Учинчи тур учрашувида ҳар қандай ижобий натижа Сречко Катанец жамоасини нимчорак финалга олиб чиқади.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон терма жамоалар ўртасидаги учрашувдан кейин ҳинд матбуоти ушбу баҳсга ўз баҳосини берди.

HINDUSTANTIMES.COM:

Ҳиндистонлик футболчилар Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйиннинг илк дақиқаларида австралияликларга қарши бутун беллашув давомида кўрсатмаган қатъиятни намойиш эта олди. Лекин ўзбеклар қисқа фурсатда уларни ҳимоядаги хатолари учун аёвсиз жазолади.

Биринчи бўлим ярмигача иккита тўп ўтказиб юборган ҳиндистонликлар ҳужумга зўр бериб вазиятни ўнгламоқчи бўлди. Лекин танаффус олдидан Ўзбекистон футболчилари учинчи голини ҳам уриб, ҳисобни йирик кўринишга олиб келди.

Ҳиндистон бу ўйинда бир-икки марта тўп киритишга яқин келган бўлса-да, ҳали қитъа чемпионатида голлари ҳисобини оча олгани йўқ.

Иккита мағлубиятга қарамай, Ҳиндистон терма жамоасида 23 январь куни Сурия билан бўладиган баҳс олдидан кейинги босқичга чиқишга кичик бўлса ҳам, назарий жиҳатдан имконият бор.

BUSINESS-STANDARD.COM:

Ҳиндистонликлар мусобақанинг илк учрашувида анча қудратли Австралияга 0:2 ҳисобида ютқазганидан кейин Ўзбекистонга қарши беллашувда ижобий натижа қайд этишни кўзлаган эди.

Лекин Аббосбек Файзуллаев, Игорь Сергеев ва Шерзод Насруллаев томонидан киритилган голлар бунга йўл қўймади.

Ҳиндлар учрашувда анча бўш ҳаракат қилди, юзага келтирилган кам сонли хавфли вазиятлардан фойдалана олмади. Бу гал Австралия билан бўлган ўйинга қараганда бурчак зарбаси ишлаш, тўпга эгалик қилиш, рақиб дарвозаси томон зарба бериш каби вазиятлар кўпроқ бўлди. Бироқ гол ўтказиб юборилган ҳолатлар ҳам биринчи учрашувдагидан биттага ортди. Энг катта муаммо – Ҳиндистон терма жамоасининг мусобақада гол ура олмаётганидир.

Энди гуруҳдаги учинчи учрашув Сурия терма жамоасига қарши ўтказилади. Бўлажак учрашувдаги ғалаба кейинги босқичга чиқиш умидини уйғотади.

SPORTSTAR.THEHINDU.COM:

Ўзбекистон терма жамоаси киритган учта гол Ҳиндистоннинг Осиё кубоги плей-оффига чиқиш орзусига катта зарба бўлди.

Ўйин бошида Аббосбек Файзуллаев ҳисобни очган бўлса, 18-дақиқага келиб, Игорь Сергеев иккинчи уринишда дарвозани ишғол қилди.

Ҳиндлар иккита тўп ўтказиб юборганидан кейин ўйинини кучайтиришга ҳаракат қилди. Аксига олиб, Шерзд Насруллаевнинг биринчи бўлим якунланиши арафасидаги голи ҳаммасини барбод қилди.

Ҳиндистон терма жамоаси вакиллари иккинчи бўлимда кескин ҳужумлар уюштирган бўлса-да, Ўткир Юсуповнинг нозик нуқтасини топа олмади.

OLYMPICS.COM:

Гуруҳ баҳсларидаги кетма-кет икки мағлубият ҳали бирорта очко жамғара олмаган Ҳиндистон терма жамоасини жадвалнинг тубига тушириб юборди.

Ўзбекистонлик футболчилар ҳиндистонликлар ҳимоясининг хатоларидан унумли фойдаланди. Улар ўйин тизгинини ўзида сақлаб турган бўлса-да, иккинчи бўлимда рақибда ҳам гол уриш учун қулай вазиятлар юзага келди.

Ўзбеклар анча хотиржам ўйнади. Баҳснинг иккинчи ярмида ҳам Ҳиндистон терма жамоаси дарвозасига бир неча марта хавф солди. Ҳисоб эса, ўзгармай қолди – 3:0.

Энди “В” гуруҳининг учинчи турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси олти очко билан пешқадамлик қилаётган Австралияга, ҳиндистонликлар эса, бир очко билан ўзларидан бир поғона юқорида турган Сурия футболчиларига қарши ўйин ўтказади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистоннинг ғалабасига Ҳиндистондан қандай муносабат бўлди?