11:22 / 22.01.2024
238

Анзур Исмоилов: "Мен доим ишонч билан гапираман. Австралияга ютқазмаймиз"

Анзур Исмоилов: "Мен доим ишонч билан гапираман. Австралияга ютқазмаймиз"

Ўзбекистон терма жамоаси учун Осиё Кубогида масъулиятли палла яқинлашмоқда.

Илк турда Сурия билан дуранг ўйнаган вакилларимиз иккинчи турда Ҳиндистондан устун келишди. Лекин бу билан ҳали гуруҳдан чиқиш масаласи ҳал қилингани йўқ. Гарчи Австралия билан ўйинда бизни дуранг натижа қониқтирсада аввалги аламли мағлубиятлар учун реванш олиш ҳисси юқори. Мазкур учрашув олдидан Ўзбекистон терма жамоаси билан 3та Осиё Кубоги ҳавосини кўрган, тажрибали собиқ ҳимоячи Анзур Исмоиловнинг фикрларини тингладик.

- Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдан 2 хил рақибга қарши турли натижа ва ўйин кўрсатди. Бу учрашувларни бир-бири билан таққослайдиган бўлсак, собиқ футболчи сифатида қандай таассуротлар олдингиз?

- Айтишим мумкинки, бизнинг йигитлар яхши ўйин кўрсатишмоқда. Ҳиндистон билан ўйинда мураббийлар штаби футболчиларнинг имкониятидан келиб чиқиб ўзгаришлар қилишди ва бу сезилди. Аббос Файзуллаев яна очилди. Қолганлар ҳам ўзини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Терма жамоамиз гуруҳдан чиқади ва совринли ўринлардан бирини эгаллайди, деган умиддаман.

- Сурия билан ўйинндан сўнг хавотирлар бор эди. Ҳиндистон фонида эса кучли кўринганимиз аниқ. Австралия билан қандай ўйин кутяпсиз?

- Сурия азалдан принципиал рақиб бўлиб келган. Куперни биламан, асосий мақсади гол ўтказмаслик. Келинг, терма жамоамизни ўша ўйинини кечирайлик, чунки барибир ҳаяжон, саросима деган нарса бўлади. Ҳиндистон билан ўйиндан сўнг футболчилар ўзларига ишончни ҳис қилишди, деб ўйлайман. Ўйиндан-ўйинга янада очилиб боришади.

- Австралия кучли рақиб. Лекин уларнинг Жаҳон чемпионатида ўйнаган таркибидан аксарият футболчилар, юлдузлар йўқ. Жамоа сифатида ўз кучимизни кўрсата оламизми? 

- Австралия жисмонан бақувват, югурадиган ва курашга киришадиган футболчиларга эга. Лекин бизда ҳам ҳар бир чизиғимизда кучли футболчилар жамланган. Фикримча, катта фарқ кузатилмайди. Аммо таркибимизда йўқотишлар борлигини унутмаслик керак. Ҳусниддин Алиқулов, Хожиакбар Алижонов жароҳат сабаб ёрдам бера олмайди. Бу ўйинда йигитларга ишонаман. Мен доим ишонч билан гапираман. Австралияга ютқазмаймиз.

- Гарчи дуранг кейинги босқичга чиқишимиз учун етарли бўлсада Австралия билан ҳисоб-китобимиз бор. Мана шу факторни руҳий томонлама қанчалик таъсири бор?

- Австралияни олдин ютмаганмиз. Бу аввал бизнинг авлод ўйнаган кучли Австралия эмас. Ўша пайтда Видука, Кьюэлл, Кэхилл, Брешиано каби юлдузлари бўлар эди. Ҳозир таркиби ўзгарган. Умуман олганда ўйнаса бўладиган рақиб.

- Ироқ Японияни ютди, Иордания Корея билан дуранг ўйнади. Бу биз учун яхшигина қўнғироқ эмасми?

- Ҳозир барча футбол ўйнашни билади. Япониянинг мағлубияти очиғи ҳайрон қолдирди. Ироқ курашувчан жамоа. Иорданиячи? Олдиндан кучли терма жамоа бўлган. Улар ҳам шунчаки майдонга чиқмайди.

- Гуруҳдан чиққан тақдиримизда қайси босқичга етиб боришимизни тахмин қиласиз?

- Кучли учликда бўламиз. Бу футболчиларга қараб, бемалол совринли ўринларни эгаллаймиз, дея оламан. Таркибимизда легионерлар ҳам ҳеч кимдан қолишмайди. Терма жамоамизга омад тилайман.

Муаллиф: Iskandarov Abdulaziz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Анзур Исмоилов: "Мен доим ишонч билан гапираман. Австралияга ютқазмаймиз"