20:11 / 23.01.2024
467

Сречко Катанец: "Қабул қилиб бўлмайдиган хатолар сабаб мусобақани тарк этсак, мухлисларимиздан узр сўрайман"

Сречко Катанец: "Қабул қилиб бўлмайдиган хатолар сабаб мусобақани тарк этсак, мухлисларимиздан узр сўрайман"

Австралия - Ўзбекистон терма жамоалари тўқнашувидан сўнг томонларнинг бош мураббийлари ўртасида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси устози Сречко Катанец иштирок этди.

"Хайрли кеч! Бугунги ўйинда пенальти ҳақида ҳеч нима дея олмайман, очиғи. Бу қизиқ ва кулгули ҳолат. Ҳакамларга энг яхши тилакларимни билдириб қоламан (кулади).

Қоидалар, ҳакамларнинг ўзаро суҳбати ҳақида ҳеч нима билмайман. Аммо футболчимиз тўпга тегишни истамади ва бу шунчаки тасодифий контакт эди. Пенальти бўйича ҳакамларнинг ўзаро мулоқотини эшитишни хоҳлардим.

Шунга қарамай, футболчилар ва улар кўрсатган ўйиндан қониқиш ҳосил қилдим. Улардан фаҳрланаман ва тўлиқ ишонаман. Аммо юқоридаги каби қабул қилиб бўлмайдиган хатолар сабаб мусобақани тарк этсак, мухлисларимиздан узр сўрайман.

Австралияга қарши учрашув қийин бўлишини ҳаммамиз яхши билардик. Кучли жамоага қарши муносиб ўйин намойиш этдик, деб ўйлайман.

Тўғри, биринчи бўлим биз учун яхши ўтмади. Рақибга кўп томонлама ютқазаётгандик. Зарба беришда, имкониятлар пайдо қилишда улар бизга деярли имкон бермади. Лекин барибир гол уришга муваффақ бўлдик. Очко олганимиздан хурсандмиз.

Игорь Сергеевнинг жароҳати биз учун ёмон хабар. Унинг тезроқ сафга қайтишини кутиб қоламиз. Бизда А, Б ва С режалар бор эди. Энди Сергеев жароҳат олгач, Д режани ҳам ишлаб чиқамиз. Мураббийнинг вазифаси - қийинчиликларга қарамай жамоа учун тўғри йўл топиш.

Биринчи бўлимда чап қанотдаги ўйинимиздан қониқмадим. Ўрунов кўп ҳаракат қилди, аммо уни алмаштиришга қарор қилдик. Гол урилган вазиятда эса бу қарор ўзини оқлаганига гувоҳ бўлдингиз. Австралиядек жисмонан кучли ва бўйи баланд йигитлардан ташкил топган жамоага бош билан гол уриш биз учун катта ютуқ.

Яхшироқ бўлиш учун ишлашда давом этишимиз керак. Вазиятлардан унумли фойдаланиш - муҳим. Жамоавий ўйин томонлама ҳозир яхшимиз. Плей-оффда бундан ҳам мукаммал кўринишда ҳаракат қилсак, мақсадимизга етиша олишимизга шубҳа қилмасак бўлади", - деди словениялик мутахассис.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сречко Катанец: "Қабул қилиб бўлмайдиган хатолар сабаб мусобақани тарк этсак, мухлисларимиздан узр сўрайман"