06:00 / 31.01.2024
1 134

Элдорга кутилмаган харидор чиқди: "Шомуродовни бизга беринг!"

Элдорга кутилмаган харидор чиқди: "Шомуродовни бизга беринг!"
Италияда қишки трансферлар ойнаси ҳал қилувчи паллага кирди. А Серия клублари 1 февраль куни кечгача трансфер бўйича якуний ҳаракатларини амалга оширишга улгуриши керак. Италия футболини ёритаётган манбаларда кейинги пайтда Элдор Шомуродовнинг ҳам номи пайдо бўла бошлади.

Аввалига 28 ёшли форвардга Италиядаги илк жамоаси – “Женоа” қизиқиш билдираётгани ҳақидаги хабарлар чиққан эди. Генуяликларнинг қизиқиши ҳали ҳам сўнггани йўқ, бироқ иш ҳали расмий таклиф даражасига кўтарилмади.

Яқинда “Кальяри” раҳбарияти спорт директори Бонато “Рома” вакиллари билан икки футболчи олди-бердисини гаплашаётгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Унга кўра, сардинияликлар ярим йилда бирорта гол ура олмаган Элдор Шомуродовни Римга қайтариб, ўрнига “бўрилар”нинг жароҳатдан эндигина қутилган марказий ҳимоячиси Мараш Кумбуллани олишни режалаштирган.

Қишки трансферлар якунланишига жуда оз фурсат қолган пайтда энди “Салернитина” юзага келган фойдаланиб қолмоқчи. А Серияда жойини сақлаб қолиш учун курашаётган бу жамоа ҳужум чизиғини кучайтиришга эътибор қаратган.

- Элдор Шомуродовнинг “Кальяри”даги келажаги ҳар доимгидек мавҳум бўлиб турибди. Ўзбек ҳужумчиси мавсум бошидан бери Сардинияда клубида ўзини кўрсата олгани йўқ, ҳозир эса, жароҳат туфайли ўйнамаяпти.

Шунга қарамай, Шомуродовнинг бозори чаққон. “Женоа”дан кейин 28 ёшли форварга “Салернитана” оғиз солмоқда. Бу жамоа ҳужум чизиғини кучайтиришга қарор қилган. Бу ўзгариш қишки трансфер ойнаси ёпилмай туриб амалга оширилиши мумкин
, - деб ёзмоқда Corriere dello Sport.

“Салернитана” А Серияда сўнгги поғонани эгаллаб турибди. Бош мураббий Филиппо Индзаги ихтиёрида етти нафар ҳужумчи бор. Бироқ улар орасида сенегаллик Булайе Диа 13 та учрашувда тўртта тўп киритган холос. Асосий таркиб ўйинчилари ҳисобланган легионер ҳужумчилар – Жоване Кабрал, Чуквубуйкем Иквуемеси ва Лум Чауна мунтазам ўйин амалиётига эга бўлаётганига қарамай, атиги биттадан тўп киритган.

Нигериялик Сими еттита учрашувда ўз ҳисобига битта гол ёздирган бўлса, норвегиялик Эрик Бутхейм ҳамда ямайкалик Триванте Стюарт ҳали голлари ҳисобини очгани йўқ.

“Салернитана” чемпионат доирасида 22 та учрашувдан фақат иккитасида зафар қучган, олти маротаба дуранг ўйнаб, энг кўп 14 та беллашувда рақибларга имкониятни бой берган. 12 очко билан сўнгги қаторга тушиб қолган салерноликлар бир поғонада юқорида турган “Эмполи”дан беш очкога ортда қолмоқда.

Шу боис, клуб раҳбарияти таркибда ўзгариш қилишни режалаштирмоқда.

“Салернитана” мухлислари Шомуродовни яхши билади. Ҳужумчимиз А Сериядаги сўнгги голини ўтган йили 2 апрелда айнан мана шу жамоа дарвозабони Гильермо Очоа дарвозасига жойлаган эди.

Ўшанда легионеримиз “Специя” клуби шарафини ҳимоя қиларди. Шундан бери Элдор Италия чемпионатида гол ура олгани йўқ. Демак, трансфер бозори якунланиши арафасида Элдор Шомуродов фаолиятида ўзгариш бўлиб қолиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдорга кутилмаган харидор чиқди: "Шомуродовни бизга беринг!"