08:53 / 04.02.2024
193

Сречко Катанец: "Мавжуд имкониятлардан келиб чиқсак, Осиё кубогида яхши қатнашдик"

Сречко Катанец: "Мавжуд имкониятлардан келиб чиқсак, Осиё кубогида яхши қатнашдик"
Осиё кубоги чорак финал босқичидан ўрин олган Қатар ва Ўзбекистон термалари ўртасидаги ўйиндан сўнг, мусобақани тарк этган терма жамоамиз бош мураббийи Сречко Катанец матбуот анжуманида қатнашди.

- Жаноб Катанец, ўйиндан кейинги фикрларингиз билан бўлишсангиз?
- Ҳаммасини ўзингиз кўрдингиз. Бундай ўйиндан кейин хафсаламиз пир бўлиши турган гап. Футболчилар ўзлари кўрсатган ўйиндан фахрланишлари керак. Яхши ўйин ўтказдик. Пенальтилар серияси эса ҳар доим хавфли бўлади. Биз мусобақани тарк этдик. Бу футбол, мағлубиятни қабул қилишимиз лозим. Ўйин давомида яхши ҳаракат қилгандик. Кутилмаганда гол ўтказиб юбордик. Ҳисобни тенглаштириб олганимиздан кейин Қатар ҳеч қандай вазият ярата олмади. Турнирда ёмон иштирок этмадик.

- Гол урганимиздан кейин нега темпни ошириб, яна ҳужум қилмадик? Нима сабабдан ҳимояга ўтиб олдик? Руҳий устунлик биз томонда эди, ҳужумчи ҳам майдонга тушиши режалаштирилганди...
- Мен уларга ҳимояланинг деб айтибманми? Мен уларга ортга қайтиб, ҳимояланинг деганим йўқ. Дунёдаги бирор мураббий бундай демайди. Бу футболчиларга боғлиқ. Ўша вазиятдаги футболчиларнинг руҳий ҳолатига боғлиқ. Иккинчи бўлимда кўп прессинг қилдик. Футболчилар ҳам табиийки чарчаб қолишди. Биз дурангдан қониқиб ҳаракат қилдик демаган бўлардим.

- Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида ҳакамлик ҳақидаги саволни беришга йўл қўйишмаганди, мен айнан шу саволни қайтадан бермоқчиман. Бугунги ҳакамлик ҳақида нима деган бўлардингиз? Файзуллаевга нисбатан ишлатилган қўполликда қизил карточка йўқмиди?
- Ҳеч нарса дея олмайман. Тўғриси, ҳакамлар чиқараётган қарорлар, ВАР қандай ишлашини тушуна олмайман. Яхшиси, бу мавзуга тўхталмай қўя қоламан.

- Жамоа машғулотлар жараёнида пенальтилар сериясига тайёрланганмиди? Бугунги серияда муваффақиятсиз ҳаракат қилишимизга сабаб нима?
- Ўйинда доим бошқача бўлади. Пенальтилар серияси ҳар доим хавфли бўлган. Машғулотлар жараёнида қандай пенальтини амалга оширмайлик, ҳақиқий ўйинда бари қийинроқ.

- Учрашув сўнггида заҳирадан футболчи туширишга ҳаракат қилдингиз, аммо бунга вақт етмади. Режа нимадан иборат эди?
- Пенальтилар серияси учун Искандеровни майдонга туширмоқчи эдик, аммо улгурмадик.

- Жаноб Катанец, Ўзбекистон термаси Осиё кубогидан чиқиб кетди. Турнирдаги иштирокимиздан қанчалик қониқдингиз?
- Юқорида айтиб ўтдим. Осиё кубогида кўрсатган натижамиздан қониқиш ҳосил қилдим. Биз яхши ўйин кўрсатдик. Шунча жароҳат ва муаммолар билан чорак финал босқичига чиққанимиз мен учун қониқарли натижа ҳисобланади.

-Бу Осиё кубогида Ўзбекистон термаси аввалги йилларга қараганда анча яхши ўйин кўрсатди. Жаҳон чемпионати ва кейинги мусобақаларда терманинг режалари қандай бўлади?
- Тез орада ЖЧ саралаши. Терма жамоамиз келажагини ишонса бўладиган ёшлар бизда етарли. Улар ўсиб келишмоқда. Ушбу мусобақада ҳам ёш футболчилар яхши ҳаракат қилишди. Март ойида ФИФА кунлари бўлади. Ушбу ўйинларга тайёргарлик кўрамиз. Мусобақадаги иштирокимиз ёмон чиққани йўқ. Мавжуд имкониятлардан яхши натижа қайд этдик деб ўйлайман. Кимдир қониқмаган бўлса, бу уларнинг муаммоси. Масалан, биринчи ўйинда Сурия билан дуранг қайд этганимизда кўпчилик бизни танқид қилди. Ўзбекистонлик журналистлар ёки яна бошқа шахслар Суриядан осон рақиб ясаб қўйишганди. Биз дурангдан қониқмагандик. Сурия терма жамоаси эса Эрон билан қандай ўйин кўрсатганини барча кўрди. Эронликлар фақатгина пенальтилар сериясидангина ғалаба қозона олишди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сречко Катанец: "Мавжуд имкониятлардан келиб чиқсак, Осиё кубогида яхши қатнашдик"