255
Камолиддин Мурзоев: "Қатар билан пенальтилар сериясигача боришни мўлжаллаб майдонга чиққандек таассурот қолдирдик"
Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё Кубогидаги натижаси футболчилар, мутахассислар томонидан турлича талқин қилинмоқда. Биз бу борада собиқ футболчи ва Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоевнинг фикрларини тингладик.
- Осиё Кубогидаги қолган терма жамоаларга назар ташлаб туриб ва бу йилги мусобақа даражасидан келиб чиқиб айтганда, чорак финал Ўзбекистон учун қониқарли натижами?
- Аслида бундай ўйинлардан кейин интервьюлар бериш, саволларга жавоб қайтариш қийин бўлади. Уришдан кейин чиққан қаҳрамон ёки ёмғирдан кейин чиққан қўзиқоринлар каби фикрлар ёғилади. Шундай бўлсада мажбуриятимиз юзасидан саволларингизга жавоб бериб ўтаман. Умуман оладиган бўлсак, ҳозирги ҳолатдаги жароҳатлар, йўқотишлардан келиб чиқиб айтганда натижани қониқарли десак бўлади. Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, терма жамоамиз бундан ҳам узоқроққа бора оларди. Бу йилги мусобақа даражаси аввалгиларига нисбатан сезиларли даражада ошгани маълум бўлди. Биз билган етакчи жамоаларнинг барчаси қийналди. Бу барча давлатларда футбол ўсганидан далолат беради.
- Қатар биздан қайси жабҳаларда устун келди ва биз қайси камчиликларимиз ҳисобига мағлуб бўлдик?
- Чорак финал ўйини ҳақида гапирадиган бўлсам, илк дақиқалардан Қатарга устунликни бериб қўйдик. Биринчи бўлимда уларда ўхшади. Қатар ўз ўйинини кўрсатди. Футболда шундай сўз бор, рақиб қандай ўйин таклиф қилса, иккинчи жамоа шунга мослашиб қолади. Фикримча, Қатарнинг кучли тарафларини ишлатиши учун қаршилик кўрсата олганимиз йўқ. Биринчи ва иккинчи гол оралиғида терма жамоамиз бутун халқ кутган, мухлислар истаган ўйинни кўрсата олишди. Ҳисобни тенглаштирганимиздан кейин ҳам 5-10 дақиқа босим қилишимиз керак эди. Мана шу вақтда ўйинимизда узилиш бўлди. айтганимдек, бу ўйиндан кейинги фикрлар. Ўша жараёнда буни ўзгартириш, вазиятни тўғрилаб кетиш мураббийнинг салоҳиятига боғлиқ эди. Қатарда ўзгаришлар ҳам тўғри амалга оширилди.
- Ўзбекистон аввал ҳам пенальтилар сериясида омадли бўлмаган. Энг аламли мағлубиятларимиз пенальтилар сериясига тўғри келади. Қатар билан ўйинни пенальтигача олиб бориш қанчалик тўғри эди?
- Пенальтилар серияси алоҳида мавзу. Бу давр нуқтаи назаридан кичик мусобақа ҳисобланади. плей-офф ўйинларидан бошлаб пенальтилар сериясининг актуаллиги ошади. Машғулотлар давомида, машғулотлардан сўнг ҳар бир жамоанинг пенальтичилари бўлади. Барибир бу нарса ўйинлардан олдин синаб олиниши керак. Кимлар тепади, кимда ишонч юқори ва ҳоказо. Шундай футболчилар бўлади, ўз хоҳиши билан ҳам пенальти тепмайди. Бу ўзига яраша катта руҳий босим. Пенальтиларда ишлашда дарвозабонлар ҳам тайёргарлик кўриб олади.
Қайси футболчи қаерга йўналтиради, ундан аввалги футболчи қаерга тепди бу дарвозабонлар учун шпаргалка ҳисобланади. Футболчи учун эса бошқача. Қарорингизни сўнгги сонияларда ўзгартириб юборишингиз мумкин. Футболда эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган бирор нарса қолмаган. Ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлишингиз керак. Аламли томони ҳам пенальтилар сериясида мағлуб бўлганимиз. Худдики пенальтилар сериясигача боришни мўлжаллаб майдонга чиққандек кўриниб қолдик. Қатар эса пенальтигача ҳал қилишга ҳаракат қилди.
- Сречко Катанецнинг қайси қарорлари сиз учун жумбоқ бўлди?
- Мураббий сифатида Катанец мен учун ҳамон жумбоқлигича қолмоқда. Ўйинни олиб бориш услубидан, интервью жараёнларигача менга жумбоқ. Қарорлари, ўзгаришлари, тактикаси ҳақида кенгроқ матбуот анжуманида ўзидан сўраган маъқул, деб ўйлайман. Шундай саволлар борки, бунга мен жавоб берсам этикага тўғри келмаслиги мумкин.
Муаллиф: Iskandarov Abdulaziz
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”