22:10 / 05.02.2024
565

Ўзбек легионерининг кетгани – катта йўқотиш

Ўзбек легионерининг кетгани – катта йўқотиш
Қозоғистон Премьер-лигасида ўтган мавсумни чемпион сифатида якунлаган “Ордабаси” клуби ўзбекистонлик легионер Бобур Абдухолиқов билан хайрлашгани расман тасдиқланди.

26 ёшли форвард ўзи тарбияланган Қаршининг “Насаф” клубига қайтди ва фаолиятини Ўзбекистонда давом эттиришга қарор қилди.

Қозоғистон терма жамоаси собиқ футболчиси Павел Евтеев легионер ҳужумчининг кетиши Чимкент клуби учун катта йўқотиш эканини таъкидлади.

Ҳар ҳолда клубни тарк этиб, уйига қайтиб, қадрдон Ўзбекистон чемпионатига йўл олиш футболчининг ўзининг истаги бўлса керак. Ҳа, Бобурнинг кетгани – йўқотиш.

Лекин “Ордабаси” бу ўйинчига муносиб ўринбосар топа олади ва энг юқори мақсадларга эришишда давом этади, деб ўйлайман.

Таъкидлаш жоизки, ўтган мавсумда “Ордабаси”нинг Қозоғистон чемпионлигини қўлга киритиши учун Абдухолиқовнинг хизмати жуда катта бўлди
, - деди Павел Евтеев.

Бобур Абдухолиқов “Ордабаси” сафига 2023 йилнинг февраль ойида қўшилган эди. Таркибини сезиларли даражада кучайтирган чимкентликлар ўтган мавсум чемпионлик учун курашди ва ўз мақсадига етди.

Легионеримиз чемпионлик мавсумида Қозоғистон Премьер-лигасида 26 та учрашувнинг барчасида иштирок этган футболчи бўлди, рақиблар дарвозасини етти маротаба ишғол қилиб, жамоадошларига тўртта голли пас берди.

Шунингдек, Абдухолиқов Қозоғистон кубогида 7 та учрашувда битта гол урди. Мамлакат Суперкубогида ҳам ўйнади.

УЕФА Конференциялар лигасининг саралаш мусобақасида Польшанинг “Легия” жамоасига қарши иккита учрашувда иштирок этди.

Бобур Абдухолиқов фаолиятининг катта қисмини “Насаф”да ўтказган. Беш йил давомида Қарши шаҳри клубида тўп тепган футболчи 2021 йилнинг бошида легионер мақомини олганди. Ўшанда Абдухолиқов Украинанинг “Рух” клуби сафига қўшилди. Бироқ Львов шаҳри жамоасини бошқараётган мураббийлар штаби ўзбек легионерини бирор маротаба асосий таркибга жалб қилмади. Маълум муддат ёшлар жамоасида тўп тепган Абдухолиқов шартномани бекор қилишга мажбур бўлди.

Бир неча ой ишсиз юрган истеъдодли ҳужумчи 2021 йилнинг ёзида Беларусь чемпионати вакили “Энергетик-БГУ” жамоасига ўтди. Бу жамоада Бобур ҳақиқий тўпурарлик маҳоратини кўрсатди. Чемпионатнинг 30 та учрашувида рақиблар дарвозасини 26 маротаба ишғол қилиб, лига тўпурари бўлди.

Абдхолиқов Беларусь чемпионатида бир неча рекордларни ўрнатди, лигада энг кўп гол урган хорижлик футболчига айланди, олий лиганинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди.

Беларусдаги муваффақиятли мавсумдан кейин Абдухолиқовнинг Европанинг кучлироқ лигаларидан бирига ўтиши кутилганди. Бир неча клублардан қизиқиш ҳам бўлганди. Бироқ ҳужумчи “Ордабаси”ни танлаган эди.

Мана, Бобур Абдухлиқовнинг легионерлик фаолияти уч йил деганда ўз ниҳоясига етди. Энди тажрибали ҳужумчи “Насаф” жамоасига ёрдам беради.

Абдухолиқов клублар миқёсида жами барча турнирларда 217 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига 87 та гол ва 16 та ассист расмийлаштирган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 13 та ўйинда рақиблар дарвозасини икки марта ишғол қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбек легионерининг кетгани – катта йўқотиш