09:06 / 01.03.2024
343

Одил Аҳмедов: "Биз финалга чиқиш учун ҳақли жамоа эдик"

Одил Аҳмедов: "Биз финалга чиқиш учун ҳақли жамоа эдик"
Ўзбекистон миллий терма жамоамиз Қатардаги Осиё Кубогида қайд этган натижасидан албатта кўпроғига муносиб эди. Бироқ ўша чорак финалда мезбон Қатарга жуда аламли тарзда пенальтилар сериясида ютқазиб мусобақани тарк этишга мажбур бўлдилар.

Ўзбекистон футболининг юлдузларидан бири, ҳозирда ЎФА вице-президенти лавозимида ишлаётган Одил Аҳмедов ҳам терма жамоамизнинг ўйинларини диққат билан кузатиб борди. Куни кеча Sports.uz журналисти Аҳмедов билан айнан миллий терма жамоамизнинг қитъа мусобақасидаги иштироки хусусида суҳбатлашди.

- Терма жамоамизни Осиё Кубогидаги иштироки ҳақида сўрамоқчиман. Нима кутгандингиз ва якуний хулосангиз қандай бўлди?

- Иштирок бўйича максимал вазифа қўйилганди – финалга чиқиш. Биз ўша финалга чиқиш учун ҳақли жамоа эдик. Терма жамоа яхши шаклланганди, шунинг учун ҳам финалга чиқишини кутгандим. Афсус, Қатар билан ўйинда асосий вақтда 1:1 бўлди ва пенальтилар сериясида ютқазиб қўйдик. Бу ҳамма – мухлислар, футболчилар ва мураббийлар учун ҳам ёмон ҳолатда тугади, деб биламан.

- Пенальтилар сериясида омадсизлик бўлди. Кўпчилик эса бу вазиятда танқидий фикрларни айтди. Сизнингча, пенальтилар сериясидаги ҳолат фақат омадсизлик билан боғлиқми ёки...

- Футболда майда-чуйда нарсалар бўлмайди. Аввало, пенальти – бу лотерея. Лекин ўша ўйинни бевосита стадионда кузатдим. Ўйин натижаси пенальтигача бормайди, деб ўйлагандим. Чунки биз голни урганимиздан сўнг Қатар деярли таслим бўлганди. Яна озгина босим қилинганида менимча ўша учрашувни ютишимиз мумкин эди. Лекин билмадим, мураббийни иши ва уни ишига аралашишга бизни ваколатимиз йўқ. Балки қайсидир жойда адашдими, дейман?! Пенальтилар сериясига тайёргарлик кўрадиган жамоа, учрашувдан аввал 5-6 та футболчисини тайёрлаб қўяди. Мана шундай майда деталларда қаердадир хато қилдик. Қатар эса бунга тайёргарлик кўрган. Кимни қаерга тепишини билган ва ўрганган. Бу борада улар маълумот тўплаган. Шу боис ҳам Қатарга ютқазиб қўйдик.

- Шахсан бу мусобақадан нималарни кутгандингиз?

- Тўғриси, бошқа жамоаларни ҳам ўйинларини кўриб финалгача етиб борамиз, деб ўйлагандим. Чунки биз тушган сеткада худди Қатарга ўхшаб у қадар кучли рақиблар йўқ эди. Шунинг учун финалга чиқиш имкониятимизни баҳолагандим. Бунга кучимиз етарди. Футболчиларимизни ҳам имконияти ҳар тарафлама юқори эди.

- Нима деб ўйлайсиз, чиндан ҳам жароҳатлар биз учун жиддий йўқотишларга айландими ёки сафимизда уларни ўрнини босадиганлар етарли эдими?

- Биласизми, энг лидер ўйинчимиз – Шомуродов жароҳат олди. Барибир буни ҳам таъсири бўлади. Лекин терма жамоа бўлганидан кейин унда деярли бир хил кучга эга 25 та футболчи бўлиши керак. Уларнинг ўрнига чиққан бошқа футболчилар ҳам ўзларини жуда яхши кўрсатишди. Мисол учун, Азиз Турғунбоев ёки бошқаси... Улар ўзларини кашф қилишди. Терма жамоада доим бир-бирига рақобатбардош ўйинчилар етишиб чиқишлари керак.

- Осиё Кубогидаги омадсизликдан кейин бош мураббий Катанец ҳақида турли туман фикрлар ҳам янграмоқда. Кимдир танқид қилса, яна кимдир унинг ўйин тактикасига ишониш мумкинлиги ҳақида айтишмоқда. Сиз ҳам унинг ўйинида нимадир кўряпсизми ёки...

- У янги авлод терма жамоасини қабул қилиб олди. Кўп ўйинларда кўрдик, футболда тартиб ўрнатади. Барибир ҳар бир мутахассисни ютуқ ва камчиликлари бўлганидек, уни ҳам камчилик, хатолари бор. Мен у ишлаши ёки ишламаслиги керак, деб айтмайман. Лекин қайсидир жойда бошқачароқ қарор қабул қилиши лозим. Масалан, Қатар билан ўйинда кўрдик. Агар Бобур Абдиҳолиқов майдонга тушганида балки ўйин бошқача кўриниш оларди. Футболда шунақа нарса бор: ютса мураббий ҳаммасини тўғри қилган бўлади, ютқазса эса ҳаммаси нотўғри бўлади. Шу боис мағлубиятдан сўнг муҳокамалар ҳам ҳар хил кечади. Ўйлайманки, бу дарс бўлиши керак. Бизни олдинда жуда катта мусобақа жаҳон чемпионати саралаши кутиб турибди. Бунданда яхшироқ тайёргарлик кўришимиз керак. Осиё Кубоги кўрсатиб бердики, ҳамма жамоалар футбол ўйнашни ўрганиб бўлишган. Ҳаммадан натижа кутса бўлади. Энди ҳамма мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам янада масъулиятлироқ бўлиб ёндашишлари керак, деб ўйлайман.

- Янги мавсум Суперлигамиз ҳам бошланяпти. Ҳамма фаворитлар қаторида “Навбаҳор”, “Насаф” ва “Нефтчи”ни тилга олишмоқда. Янги бошланажак чемпионатдан нима кутяпсиз?

- Қизиқарли бўлади. ПФЛ томонидан кўп талаблар қўйилган. Футболчиларни яхши стадионларда ўйнаш учун имкониятлар яратиляпти. Ҳар доимгидек чемпионлик учун курашадиган клублар – “Насаф”, “Навбаҳор”, “Нефтчи”, “Пахтакор”. Кураш шу тўртта жамоа орасида бўлса керак, деб ўйлайман.

Шуҳратбек Жўраев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Одил Аҳмедов: "Биз финалга чиқиш учун ҳақли жамоа эдик"