10:53 / 29.03.2024
674

Шомуродовнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди

Шомуродовнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун Осиё минтақасида ўтказилаётган саралаш турнирининг иккинчи босқичида “Е” гуруҳида Гонконг футболчиларига қарши иккита ўйинда 2:0 ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ушбу баҳсларда Элдор Шомуродов биттадан гол уриб, халқаро миқёсда киритган тўплари сонини 40 тага етказиб, ўз рекордини яна янгилади.

Бироқ Тошкентдаги иккинчи баҳсда 28 ёшли форвард анча эрта захирага олинди. Бунга биринчи бўлим ўрталарида рақиб ҳимоячиси Элдорнинг яқинда операция қилинган оёғига қаттиқ зарба бергани сабаб бўлди.

Бу ҳолат А Серияда қолиш учун курашаётган “Кальяри” мутасаддилари ва мураббийлар штабини ҳам жиддий хавотирга солиб қўйди. Чунки Элдор Шомуродов юқори спорт формасини тиклаб, жамоага катта фойда келтира бошлаган эди. Олдиндаги муҳим учрашувларда Клаудио Раньери ўзбек легионерига суянишни режалаштираётган эди.

Шомуродов Сардинияга етиб боргунича, клуб вакиллари билан боғланиб, ўзини яхши ҳис қилаётганини билдирган.

Ниҳоят, ҳамюртимиз “Кальяри” ихтиёрига етиб борди. Италия матбуоти Шомуродовнинг аҳволи ҳақида ёза бошлади.

- La Nuova Sardegna газетаси бугунги сонида “Каоьяри” бош мураббийи Клаудио Раньери учун жуда қимматли маълумотни чоп этди. 28 ёшли ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг аҳволи қониқарли. Рақиб зарбаси футболчининг операция қилинган оёғига тўғри келган бўлса-да, жиддий шикаст етказадиган даражада бўлмаган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Шомуродов айни пайтда кичик жароҳатидан қутилиб, тайёргарлик борасида жамоадошларига етиб олишга ҳаракат қилмоқда. Агар фавқулодда кутилмаган ҳолат келиб чиқмаса, Шомуродов “Верона”га қарши ўйинда қатнашиши кутиляпти
, - деб маълумот тарқатди нуфузли манбалардан бири cagliarinews24.com сайти эксперти Элия ​​Серра.

Бу каби маълумотларни бошқа манбалар ҳам тарқатмоқда.

- “Кальяри” тез орада “Верона”га қарши бўладиган учрашувдан олдин ўз терма жамоалари олдидаги бурчларини бажариб, клуб ихтиёрига қайтган ўйинчилар билан биргаликда машғулот ўтказди.

Душанба кунига белгиланган ўйинга тайёргарлик Ассемини базасида ташкил этилган. Футболчилар Клаудио Раньери ва унинг қўл остидаги мураббийлар назоратида техник ва тактик тайёргарлик машғулотларини ўтади. Машғулотларни тренажёр залидаги машқлар якунлаб берди.

Жароҳатидан қутилган Антуан Макумбу ва Гаэтано Ористанио, терма жамоалардан қайтган Пантелис Хацидиакос, Наитан Нандес, Маттео Прати, Адам Оберт ва ўнг оёғига бироз шикаст етган Элдор Шомуродов ҳам гуруҳ машғулотларида қатнашди. Йерри Мина алоҳида кузатув остида шуғулланмоқда. Машғулотлар яна давом эттирилади
, - деб ёзди tuttomercatoweb.com сайти журналисти Симона Бернабеи.

“Кальяри” ва “Верона” учрашуви 1 апрель куни Тошкент вақти билан 18:00 да бошланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди