13:51 / 06.04.2024
631

Ўзбекистон ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган ишни уддалаши керак

Ўзбекистон ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган ишни уддалаши керак
15 апрель куни Қатарда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги бошланади. Бу турнир аслида 2016 йили йўлга қўйилган. Унгача Осиё футбол конфедерацияси 22 ёшгача бўлган футболчилар иштирокида қитъа биринчилигини ўтказиб келган.

ОФК қарорига кўра, бу мусобақа Олимпия ўйинлари саралаш турнирига айлантирилди ва иштирокчилар ёши ҳам кўтарилди.

23 ёшгача бўлган футболчилар қатнашган 2016 йилдаги Осиё кубогига ҳам Қатар мезбонлик қилган ва ўша мусобақада ҳамюртларимиз гуруҳдан чиқа олмаган ва табиийки, “Рио-2016” олимпиадасига ҳам йўлланма ололмаган.

Икки йилдан кейин Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон U-23 терма жамоаси қитъа чемпионлигини қўлга киритган.

2024 йили Францияда бўладиган Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини ўтайдиган бу галги Осиё кубоги олдидан ўзбекистонлик футбол мухлислари эътиборига тарихий ва қизиқарли фактларни ҳавола этамиз.

Бешта турнир, бешта чемпион

Ҳали бу мусобақада ҳеч бир жамоага кетма-кет икки маротаба ғолиб бўлиш насиб қилмаган. Ҳозирча, Ироқ, Япония, Ўзбекистон, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони терма жамоалари бир мартадан чемпион бўлган. Бу галги чемпионатда Тимур Кападзе шогирдларидан ҳали ҳеч ким уддалай олмаган иш – иккинчи марта Осиё кубогини қўлга киритишни кутиб қоламиз.

Бизни Саудия Арабистони тўхтатган эди...

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси икки йил муқаддам Тошкентда ўтказилган Осиё кубогида иккинчи бор чемпион бўлишга жуда яқин келган эди. Бироқ футболчиларимиз финалда саудияликларга 0:2 ҳисобида ютқазиб, бу имкониятни қўлдан чиқарган.

Саудия Арабистони футболчилари учинчи уринишда бош совринга эга чиқди. Улар аввал финалда Ироқ ва Жанубий Корея терма жамоаларига ютқазган.

Яна Қатарга қайтиб...

Осиёнинг футбол марказига айланган Қатар яна ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилигини қабул қилмоқда. Қатар бу турнирга икки марта мезбонлик қилган биринчи мамлакат сифатида тарихда қолади. Ўмон, Хитой, Таиланд ва Ўзбекистон бир маротабадан қитъа ёшларини ўзида жамлаган.

Доимий иштирокчилар

Осиёнинг етти мамлакати футболчилари ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатида узлуксиз иштирок этиб келмоқда. Шу пайтгача ўтказилган турнирларда Австралия, Ироқ, Япония, Иордания, Жанубий Корея, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон футболчилари қатнашган эди. Бу терма жамоалар 2024 йилги мусобақада ҳам ғолиблик учун куч синашади.

Ўзбекистон эътиборни тортмоқда

Ўзбекистон сўнгги учта мусобақада ғолибликка даъвогарлик қилгани билан мухлису мутахассислар эътибори ва эътирофини қозонди. Бу турнирларда Ўзбек футболчилари бир мартадан тўртинчи, иккинчи ва биринчи ўринларни эгаллаган.

Мақсад – Олимпиада йўлланмаси

Осиё кубогида дастлабки учта ўринни эгаллаган терма жамоалар Париж Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритади. Тўртинчи ўрин соҳиби Африка қитъа вакили – Гвинея ёшлар терма жамоаси билан плей-оффда тўқнаш келади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган ишни уддалаши керак