Элдор Шомуродов 2020 йилнинг октябрь ойида Россия Премьер-лигасидан Европанинг энг кучли беш чемпионатидан бири ҳисобланган Италия А Сериясига кўчиб ўтганидан бери жами тўртта жамоа шарафини ҳимоя қилди.
“Женоа”даги дастлабки муваффақиятидан кейин легионеримиз Италиянинг гранд клубларидан ҳисобланган “Рома” таркибига қўшилди.
Рим жамоасида таниқли мураббий Жозе Моуриньо қўл остида ўзбек ҳужумчисининг ишлари кутилгандек кечмади. Португалиялик мутахассис ўйинларда кўпроқ таниқли ва қимматбаҳо футболчиларга имкон бериб, Шомуродовни эътибордан четда қолдирди.
Ҳали ҳамон трансфер ҳуқуқи пойтахт клубига тегишли бўлган ҳамюртимиз кейинги икки мавсум ижара асосида аввал “Специя”, ҳозир эса “Кальяри”да ўтказишига тўғри келмоқда.
Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига Элдор Шомуродовнинг А Сериядаги статистикасига оид маълумотларни ҳавола этди.
Шомуродов А Серияда жами 97 та учрашувда майдонга тушиб, 15 та гол ва 9 та ассист қайд этган.
Хўш, ўзбек ҳужумчиси қайси жамоалар дарвозасига йўл топа олган?
“Женоа”
Дебют мавсумида А Серияда 31 та учрашувда қатнашган легионеримиз ўз ҳисобига 8 та гол ёздириб қўйган.
Генуяликлар сафида Элдор “Парма”, “Сассуоло”, “Верона”, “Специя”, “Лацио”, “Кальяри” дарвозаларига биттадан, “Аталанта”тага иккита гол урган.
“Рома”
Римга катта умидлар билан келган ҳамюртимиз пойтахтдаги илк мавсумида жами 28 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини уч маротаба ишғол қилди. Элдор аксарият беллашувларда захирадан ўйинга қўшилиб, атиги бир неча дақиқадан ҳаракат қилган холос.
Шунга қарамай, Элдор “Венеция” дарвозасини икки ўйинда ишғол қилди ва бир марта “Сампдория” посбонини ожиз қолдирди.
Кейинги мавсумнинг биринчи ярмида атиги олти маротаба кўриниш берди ва қишки трансферлар вақтида “Специя”га йўл олди.
“Специя”
А Серияда қолиш учун Элдор Шомуродовни ижарага олган “Специя” охир-оқибат қуйи лигага равона бўлди. Бу жамоада ҳам легионеримизнинг ишлари юришгани йўқ. Ярим мавсум давомида 15 та ўйинда қатнашган ҳамюртимиз атиги битта гол билан кифояланди. Ўша гол “Салернитана” дарвозасига киритилди.
“Кальяри”
Ўтган йили ёзда ижара асосида “Кальяри” сафига қўшилган 28 ёшли ҳужумчимиз жисмоний тайёргарлигидаги камчиликлар туфайли анчагача ишончни оқлай олмади. Йил охирига келиб, энди жамоага ёрдам берадиган даражага етганида оғир жароҳат олиб, сафдан чиқди.
Уч ойлик танаффус Элдорнинг фойдасига ишлади. Жароҳатидан қутилиб майдонга янги куч, янги иштиёқ билан қайтган легионеримиз юқори савияда ўйин кўрсатмоқда.
Шомуродов сардинияликлар сафида қисқа муддатда голлари сонини учтага етказиб олди. Тажрибали форвард “Салернитина” билан дублга эришган бўлса, сўнгги турда ўз “қурбонлари” сафига “Интер”ни ҳам қўшиб қўйди.
Олдинда "Ювентус"га қарши ўйин бор. Турин клуби Шомуродовнинг омадли кечган дебют мавсумидан кейин ҳамюртимизга харидор бўлганди. Ўшанда Шомуродов вакиллари "Рома"ни танлаган. Энди Элдор "Ювентус"га қарши бўлажак баҳсда яна ўзини кўрсатиб қўйиш имкониятига эга. Элдор учун навбатдаги нишон "Юве" - дарвозаси! “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Хитой Япония ва саккизта давлат фуқароларига визасиз режимни жорий этади
Россия Украинага “зудлик билан” маҳбусларни алмашишга тайёрлигини билдирди
Песков АҚШнинг амалдаги маъмуриятини Украинадаги вазиятни кескинлаштиришда айблади
"Йиртқич" овга чиқди...
Комил Алламжоновга суиқасдда гумонланиб 5 киши қамоққа олинди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Сингапурда жаҳон шахмат тожи учун баҳс бошланди
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида виза тартиби янада эркинлаштирилиши мумкин