18:48 / 19.04.2024
258

Шомуродов қайтгач «Юве»дан кўпроқ очко йиғаётган «Каляри». «Интер»дан кейин «Юве» ҳам тўхтатиладими?

Шомуродов қайтгач «Юве»дан кўпроқ очко йиғаётган «Каляри». «Интер»дан кейин «Юве» ҳам тўхтатиладими?
Фото: Getty images
Бугун, жума оқшомида Италия А Серияси 33-турига старт берилади. Ўтган турда Миландан очко билан қайтган «Каляри» бу сафар ҳам етакчилардан бири «Ювентус»га қарши саф тортади.

Шомуродов «Каляри» қутқарувчисига айланмоқда

Ушбу ўйин олдидан Клаудио Раниери шогирдлари 31 очко билан 14-ўринда бораётган бўлса-да, лигада қолиш учун курашда таъқибчиларидан узоқлашгани йўқ. Сардиния клубини турнир жадвалида хавфли зонадан 4 очко ажратиб турибди. Шунга қарамай, Элдор Шомуродовнинг жароҳатидан тузалиб қайтиши «Каляри»нинг А Серияда қолишига катта умид бермоқда. Ўзбекистонлик ҳужумчи сафга қайтгач, 19-ўринда бораётган Сардиния жамоаси сўнгги 6 ўйинда 11 очкога эга чиқиб, 14-поғонага кўтарилди. Элдор эса бу баҳсларда 3та гол ва 2та ассистга муаллифлик қилди. Раниери шогирдлари сўнгги баҳсларда «Наполи», «Аталанта», «Интер» сингари гранд жамоалардан очко олаётганини инобатга олсак, «Ювентус» ҳам Сардиния оролида жиддий қаршиликка дуч келишини тахмин қилиш мумкин.

Ким қандай ҳолатда?

А Серия доирасидаги сўнгги 5та турни оладиган бўлсак, лигада қолиш учун курашаётган «Каляри» 3-ўринда бораётган «Ювентус»дан кўпроқ очко жамғарди. Сардинияликлар охирги 5 ўйинда 2 ғалаба ва 2 дуранг қайд этиб, 8 очко жамғарган бўлишса, Турин клуби ўз ҳисобига 6 очко қўша олган. 4-ўриндаги «Болоня» «Юве»дан 4 очкога ортда қолаётганини инобатга олсак, Массимилиано Аллегри шогирдлари бу кетишда топ-4даги ўрнини хавф остига қолдириши эҳтимоли борлигини кўриш мумкин.

«Каляри»нинг сўнгги 5 ўйини:

Каляри – Салернитана – 4:2
Монца – Каляри – 1:0
Каляри – Верона – 1:1
Каляри – Аталанта – 2:1
Интер – Каляри – 2:2

«Ювентус»нинг сўнгги 5 ўйини:

Ювентус – Аталанта – 2:2
Ювентус – Женоа – 0:0
Лацио – Ювентус – 1:0
Ювентус – Фиорентина – 1:0
Торино – Ювентус – 0:0

Элдор «Юве»га қарши ҳам асосий таркибда майдонга тушиши кутилмоқда

Жароҳати туфайли Осиё кубогини ўтказиб юборган Элдор Шомуродов «Салернитана»га қарши баҳсда (4:2) захирадан майдонга тушиб, дублга эришганидан кейин Клаудио Раниери 28 ёшли ҳужумчини сўнгги 4 ўйинда асосий таркибда майдонга туширмоқда. Миллий жамоамиз тўпурари ҳам италиялик мутахассиснинг ишончини оқламоқда, дейиш мумкин. Шомуродов «Аталанта»га қарши ўйинда (2:1) ассистни амалга оширган бўлса, «Интер» билан баҳсда (2:2) «Сан-Сиро»да ажойиб голга муаллифлик қилди.

La Gazetta Della Sport «Каляри» - «Ювентус» учрашувидан олдин жамоаларнинг тахминий таркибини тузди. Унга кўра, нашр журналистлари Элдор Шомуродовнинг Турин клубига қарши асосий таркибда майдонга тушишини тахмин қилишмоқда.

А Серия. 33-тур
19 апрел (жума)

Каляри – Ювентус

Ўйин бошланиш вақти: 23:45
ТВ-трансляция: МатчТВ Футбол1.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов қайтгач «Юве»дан кўпроқ очко йиғаётган «Каляри». «Интер»дан кейин «Юве» ҳам тўхтатиладими?