20:03 / 05.05.2024
652

Шомуродов ўз номини тарихга муҳрлади

Шомуродов ўз номини тарихга муҳрлади
А Серияда қолиш учун курашаётган “Кальяри” 35-турда ўз мухлислари кўз ўнгида “Лечче” футболчиларини қабул қилди.

Қизғин курашлар остида ўтган учрашувда мезбонлар ғалабани ушлаб қола олмади. Ўйин 1:1 ҳисобида дуранг натижа билан тугади.

Кейинги баҳсларда кетма-кет бошлағич таркибда ўйнаган Элдор Шомуродов бу гал захирада қолдирилди. Легионеримиз ўйинга 68-дақиқада қўшилиб, Зито Лувумбонинг ўрнини эгаллади. Элдор олдинги чизиқда ёлғизланиб қолди ва учрашув натижасига таъсир кўрсата олмади.

Шундай бўлса-да, “Кальяри” – “Лечче” беллашуви ҳамюртимиз учун тарихий аҳамият касб этди. Шомуродов А Серияда 100-ўйинини ўтказган биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихга номини ёздирди.

Шунингдек, бу кўрсаткичга асосланиб, Шомуродовни Европанинг кучли бешлик лигаларида юзлик довонни забт этган илк футболчимиз, дейишимиз ҳам мумкин.

Аслида Италия футболи тарихидаги биринчи ўзбек футболчиси Илёс Зейтуллаев ҳисобланади. “Ювентус” тарбияланувчиси бўлган собиқ легионеримиз А Серия сафида атиги икки маротаба майдонга тушган. Зейтуллаев асосан қуйи лигаларда фаолият юритган эди.

Бундан ташқари, Элдор Шомуродов кучли бешлик лигаларида гол уришга муваффақ бўлган биринчи ўзбекистонлик футболчи сифатида ҳам қадрланади.

Шу ўринда, Элдорнинг Италиядаги фаолиятига назар ташлаймиз. Бугунги кундаги энг кучли ҳужумчимиз А Сериядаги фаолиятини 2020 йилнинг октябрь ойида “Женоа”дан бошлаган. Элдор илк мавсумда А Серияда 31 та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига саккизта гол ҳамда битта ассист ёздириб қўйган.

Келаси мавсумни гранд клуб – “Рома” сафида бошлаган легионеримиз “бўрилар” сафида бир ярим йил давомида миллий чемпионатда жами 34 та баҳсда иштирок этган ва рақиблар дарвозасини уч маротаба ишғол қилиб, тўртта голли пас узатган.

Элдор Италиядаги учинчи жамоаси – “Специя” таркибида А Серияда 15 та ўйинда биттадан гол ва ассист қайд этган.

Жорий мавсумни “Кальяри”да давом эттираётган 28 ёшли форвард “Лечче”га қарши ўтказилган баҳсни қўшиб ҳисоблаганда, ҳозирча 20 та беллашувда учтадан гол ва ассист муаллифи бўлди.

“Кальяри” жорий мавсумда яна учта учрашувда қатнашади. Ҳали юқори дивизиондаги ўрнини кафолатламаган сардинияликларни “Милан”, “Сассуоло” ва “Фиорентина”га қарши баҳс кутиб турибди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов ўз номини тарихга муҳрлади