15:01 / 13.06.2024
607

Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари қандай?

Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари қандай?
Фото: Getty Images
Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ—2026 саралашининг 2-босқичини муваффақиятли якунлади. Ушбу босқичда Ўзбекистон миллий жамоасига Туркманистон, Эрон ҳамда Гонгконг жамоалари рақиблик қилди.

Ушбу ўйинларда Ўзбекистон терма жамоаси 2 дуранг ва 4 ғалаба қайд этди. Эрон билан икки ўйинда (2:2, 0:0) дурангга эришган вакилларимиз, Туркманистонни ўз уйида ва “Бунёдкор” стадионида (3:1, 1:0) мағлуб этди. Гонгконг терма жамоаси Ўзбекистон дарвозасига йўл топа олмади (2:0, 3:0). Шундай қилиб, жамоамиз 14 очко тўплади ва фақатгина тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринга жойлашди.

Фото: Wikipedia
Учинчи босқич саватчалари

Осиё қитъасининг Жч—2026 саралашида саватчалар иккинчи босқичдаги натижасига эмас, балки ФИФА рейтингига кўра таснифланади.

Фото: ФИФА
Ўзбекистон терма жамоаси ФИФА рейтингида дунёда 64-ўринни эгаллаб турибди. Бу кўрсаткич Осиёда 8-натижа ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон терма жамоаси 3-саватчадан жой олди. Бу саватчадан ўрин олган Саудия Арабистони ва Иордания термалари Ўзбекистонга рақиблик қила олмайди.

ЖЧ—2026 сари йўл

ФИФА ЖЧ—2026 учун Осиё футбол конфедерациясига 8,5 та йўлланма беришга қарор қилган. Мусобақалар Канада, Мексика ва АҚШ давлатларида бўлиб ўтади.

Фото: “ПФЛ”
Учинчи босқичга Осиёдан 18 та жамоа йўл олди ва улар 6 та саватчага ажратилди. Демак, якуний босқичда ушбу 18 жамоа 3 гуруҳга ажратилади.

Фото: Wikipedia
Ҳар бир гуруҳдан биринчи ҳамда иккинчи ўринни олган жамоалар тўғридан тўғри Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади. Гуруҳларида учинчи ҳамда тўртинчи ўринни эгаллаган жамоалар яна иккита гуруҳга ажратилади. Ушбу босқичда ҳам иккита йўлланма учун кураш олиб борилади.

Фото: Wikipedia
Икки гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган жамоалар ҳам Жаҳон чемпионати иштирокчисига айланади. Иккинчи ўринни эгаллаган икки жамоа эса саралашнинг сўнгги йўлланмаси учун кураш олиб боради.

Ўзаро ўйинда ғалаба қозонган жамоа Конфедерациялараро плей-офф ўйинларида кураш олиб боради. Ўша ўйинларда ғалаба қозонган жамоа ҳам Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.

Жаҳон чемпионати янада яқин

Саватчаларга эътибор берадиган бўлсак, бизга Япония, Эрон ва Корея миллий жамоаларидан биригина рақиблик қилади. Иккинчи босқичда тўқнаш келган Эронга мағлуб бўлмадик, демак улар билан бемалол ўйнаш мумкин. Япония ҳамда Жанубий Корея термалари ўз гуруҳларида биринчи ўринни олди. Япония ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб, 6 ўйинда 24 та гол урган бўлса, Корея Республикаси шунча ўйинда 20 бора рақиб дарвозасига йўл топди. Қизиқарлиси, Таиланд билан ўйинда корейслар дуранг (1:1) қайд этди.

Фото: Getty Images
Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Корея термасига ўз уйида анча вақтдан буён мағлуб бўлмаяпти. Устига устак терма жамоамиз Катанес бошчилигида анча ишончли ҳаракат қилмоқда. Япония билан сўнгги бор Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоа ўйнаган эди. 2019 йил бўлиб ўтган ўйинда Ўзбекистон термаси анчагина ишончли ҳаракат қилган, аммо мағлубиятга (2:1) учраган.

Ушбу саватчадаги қулай рақиблар — Эрон, Жанубий Корея.

Ноқулай рақиб — Япония.

Иккинчи саватчада Австралия терма жамоаси 2024 йилгача биз учун энг ноқулай рақиб бўлиб келган. Аммо Қатарда бўлиб ўтган Осиё кубогида терма жамоамиз Австралия билан курашиш мумкинлигини исботлади. Австралия ўзбекистонликларга 45-дақиқада пенальтидан гол уриб ҳисобни очганди. Аммо Турғунбоев 78-дақиқада ҳисобни тенглаштириб, бугунги кунда ушбу жанубий қитъа вакиллари билан ҳам курашиш мумкинлигини исботлади.

Фото: Getty Images
Лекин ушбу ўйин нейтрал майдонда бўлганини инобатга олсак, Австралия ўз уйида биз учун мураккаб рақиблигича қолмоқда. Қатар терма жамоаси билан ҳам тенг ўйин кўрсата олишимиз мумкин. Қолаверса, ушбу жамоанинг рўбаро келиши Осиё кубогидаги аламли мағлубият учун реванш олиш имконини беради. Ироқ билан ўйинларда 2006 йилдан бери вакилларимиз мағлубиятга учрамаётгани хурсанд қилади.

Ушбу саватчадаги қулай рақиблар — Ироқ, Қатар

Ноқулай рақиб — Австралия

Саудия Арабистони билан бир саватчада жойлашганимиз биз учун бир оз хотиржамлик беради. Сабаби энг муҳим ўйинларда вакилларимиз араб мамлакати футболчиларининг провакацияларига учиб қўпол хатоларга йўл қўйиш ҳолатлари бўлган. Тўртинчи саватчада жойлашган БАА, Уммон ҳамда Баҳрайн жамоалари бир хил кучга эга. Айниқса, Баҳрайн жамоаси билан ўйинлар биз учун тарихий аҳамият касб этади. Бекор қилинган пенальти, қайта ўйналган учрашув барча ўзбек мухлислари ёдида бўлса керак.

Баҳрайн ва БАА жамоалари иккинчи босқичда бир гуруҳдан жой олди ва амирликлар ушбу ўйинларда мағлубиятга учрамади. Уммон ўз гуруҳида етакчиликни қўлга киритди. Аммо Ўзбекистон терма жамоаси бу уч араб давлатларига қарши ўйинларда ижобий натижа қайд этганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ушбу саватчадаги қулай рақиблар — Уммон, Баҳрайн

Ноқулай рақиб — БАА

Қолган икки саватчадаги рақибларнинг барчасида Ўзбекистон термасининг натижаларига ҳавас қилиш мумкин. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри чиқишга ҳар қачонгидан яхшироқ имкониятга эга. Ушбу босқичга 18 жамоа етиб келган ва шу жамоалардан ярми Жаҳон чемпионатига йўл олишини инобатга олсак, бу сафар ўзбек футболи мухлисларининг азалий орзуси ушалишига умид қилиш мумкин.

ЖЧ—2026 саралашининг 3-босқичига 27 июнь куни қуръа ташланади. Ушбу маросим Малайзияда бўлиб ўтади. Ўйинлар жорий йилнинг 5 сентябрь санасидан 2025 йил 10 июнгача бўлиб ўтади.

Эркин Ғайбуллаев тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари қандай?