19:45 / 21.07.2024
198

Файзуллаев ҳақида яхши гаплар бўляпти...

Файзуллаев ҳақида яхши гаплар бўляпти...
Аббосбек Файзуллаевни олдинда муҳим мавсум кутиб турибди. 20 ёшли ҳужумкор футболчимиз фаолиятида кўтарилиш бўлиш учун у олдиндаги мусобақаларда ўз салоҳиятини намойиш эта олиши керак.

Биринчидан, 24 июль куни старт оладиган Париж Олимпиадасининг футбол мусобақаларида Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистон терма жамоасининг муҳим ўйинчиларидан бири сифатида тўп тепади. Париж майдонларида кўплаб футболчилар қатори ҳамюртларимизни, хусусан, Файзуллаевни ҳам хориж клублари скаутлари кузатади.

Иккинчидан, Аббосбек Файзуллаев янги мавсумда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнирнинг энг муҳим босқичида иштирок этади. Халқаро майдондаги натижалар мундиал учун курашаётган ўйинчиларимизнинг фаолиятида янгилик ва бурилишлар ясаш эҳтимоли катта.

Учинчидан, истеъдодли легионеримиз Россия Премьер-лигасидаги дебют мавсуми муваффақиятли чиққани шунчаки тасодиф ёки омад эмаслигини, ўзи юқори малакали ўйинчи эканини яна бир карра исботлаб қўйиши талаб этилади.

Мана шу мусобақалар Файзуллаевнинг келажагига бевосита таъсир ўтказиши, ўзи орзу қилган Европанинг кучли лигалари ва қудратли клубларига йўл очиши мумкин.

Россия матбуоти, футбол экспертлари, мураббийлар, таҳлилчилар янги мавсумда Аббосбек Файзуллаевдан нималар кутаётгани ҳақида фикр билдирмоқда.

EURO-FOOTBALL.RU сайти:
20 июлдан Россия Премьер-лигасининг янги мавсуми бошланди. Ўтган мавсумда Владимир Федотов қўл остида ЦСКА сифатли ўйин намойиш қилди, лекин эришилган натижалар борасида бундай, деб бўлмайди.

ЦСКА ёзда асосий таркибнинг энг муҳим ўйинчиларини сақлаб қолди ва ёзги трансферлар вақтида ҳозирчани уларнинг бирортасини кетиши аниқ бўлгани йўқ. Клубга келадиган футболчиларни топиш борасида ҳам жиддий ишлар давом этмоқда. ЦСКА ҳудди ўтган йили Аббосбек Файзуллаевни трансфер қилиб, зўр истеъдод соҳибини топгандек, бу гал ҳам янги номларни қидиради.

Янги бош мураббий Марко Николич қўл остида жамоа тўртта учрашувдан учтасида зафар қучди ва бир бор дуранг ўйнади. ЦСКА совринли ўринлар учун курашиши мумкин. Бироқ Аббосбек Файзуллаевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этиш учун Ўзбекистон терма жамоаси ихтиёрига жўнаб кетгани, Виктор Давиланинг Чилидан қайтиб кела олмаётгани чемпионатнинг дастлабки учрашувларида натижага салбий таъсир ўтказиши эҳтимоли катта.

SOVSPORT.RU сайти:
Аббосбек Файзуллаевни қидириб топган ЦСКА селекционерига алоҳида мукофот бериш лозим. Ҳар ҳолда бу ўйинчини Россия Премьер-лигасига келгунига қадар ҳеч ким танимас эди. Дебют мавсумидаёқ ярим ҳимоячи чемпионатнинг энг ёрқин кашфиёти бўлди.

Файзуллаев легионер сифатида 32 та учрашувда бешта гол ва 14 та ассист муаллифига айланди.

Бу ҳам энг муҳими эмас. Асосийси, Аббосбек “армиячилар”нинг ўйинини белгилайдиган муҳим фигура. Тез орада у Ўзбекистон терма жамоаси сафида Олимпия ўйинларида иштирок этади.

ЦСКА қайтиши билан яна жамоанинг етакчиси ва ҳужум чизиғининг асосий ўйинчиси мавқеида тўп тепади.

Зоран ТОШИЧ, Сербия терма жамоаси ва ЦСКА собиқ футболчиси:
Аббосбек Файзуллаев ЦСКАнинг энг истеъдодли ўйинчиларидан бири. У менга жуда ёқади: шундай енгил ва техникаси зўр футболчи.

Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев ўтган йилнинг август ойида “Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтган эди. Россиядаги ўйинлари орқали мавсумнинг асосий кашфиёти сифатида эътироф этилди.

20 ёшли ҳужумкор футболчимизнинг трансфер суммаси бир неча баравар ошиб, ҳохзир 6 миллион еврони ташкил қилмоқда. Файзуллаев айни пайтда Марказий Осиёнинг энг қимматбаҳо ўйинчиси ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Файзуллаев ҳақида яхши гаплар бўляпти...