23:13 / 22.07.2024
14

“Париж-2024”: Олимпиаданинг энг машҳур юлдузлари

“Париж-2024”: Олимпиаданинг энг машҳур юлдузлари
24 июль куни Париж Олимпиадасининг футбол мусобақаси гуруҳ баҳсларига старт берилади. Бу галги мусобақада 16 та мамлакат терма жамоалари тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун куч синашади.

Ёзги Олимпия ўйинларида терма жамоалар қуйидагича гуруҳларга бўлинган:

“А” гуруҳи – Франция, АҚШ, Гвинея ва Янги Зеландия;

“В” гуруҳи – Аргентина, Ироқ, Марокаш ва Украина;

“С” гуруҳи – Ўзбекистон, Испания, Миср ва Доминикан Республикаси;

“D” гуруҳи – Япония, Парагвай, Мали ва Исроил.

Ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки ўринни эгаллаган терма жамоалар чорак финалга йўлланма олиб, совринли ўринлар учун курашни давом эттиради.

Олимпия ўйинлари қоидасига кўра, мусобақада асосан 23 ёшгача бўлган футболчилар иштирок этади ва ҳар бир мамлакат терма жамоасига уч нафар ёши катта ўйинчиларни олиш ҳуқуқи берилади.

Париж Олимпиадасида ҳам бир неча тажрибали ва таниқли чарм тўп усталари иштирок этиши кутилмоқда.

Наби Кейта (“Вердер”, Гвинея)

29 ёшли ярим ҳимоячи Наби Кейта клублар миқёсида “Ред Булл Зальцбург”, “РБ Лейпциг” ва “Ливерпуль” жамоаларида тўп тепган. Бир йилдан бери Германияда “Вердер” шарафини ҳимоя қилмоқда.

Ютуқлари: Австрия чемпиони (2014/15, 2016/16), Австрия кубоги соҳиби (2014/15, 2015/16), Европа чемпионлар лигаси ғолиби (2018/19), УЕФА Суперкубоги ғолиби (2019), клублар ўртасидаги жаҳон чемпиони (2019), Англия чемпиони (2019/20), Англия кубоги соҳиби (2020/21), Англия лига кубоги ғолиби (2020/21), Англия Суперкубоги соҳиби (2022). Австрия чемпионатининг энг зўр ўйинчиси (2015/16), Гвинеянинг икки карра энг яхши футболчиси (2015, 2021).

Эрик Гарсия (“Барселона”, Испания)

23 ёшли ҳимоячи Испания терма жамоаси сафида аввалги Олимпиада финалида ўйнаган. Клублар миқёсида “Манчестер Сити”, “Жирона” ва “Барселона” шарафини ҳимоя қилган.

Ютуқлари: Англия Суперкубоги соҳиби (2019), Англия лига кубоги соҳиби (2019/20), Англия чемпиони (2020/21), Испания чемпиони (2022/23), Испания Суперкубоги соҳиби (2023), 17 ёшгача футболчилар ўртасида Европа чемпиони (2017), 19 ёшгача футболчилар ўртасида Европа чемпиони (2019).

Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА, Ўзбекистон)

20 ёшли Аббосбек Файзуллаев ҳам Эрик Гарсия сингари ёши Олимпиада лимитига тўғри келади. Истеъдодли ҳужумкор футболчи миллий терма жамоада 17 та учрашувда тўртта гол уришга эришган.

“Пахтакор” тарбияланувчиси ўтган йилнинг августидан бери Москванинг ЦСКА клубида ўйнамоқда. Ҳали жаҳон юлдузлари даражасига кўтарилмаган бўлса-да, Марказий Осиёнинг энг қимматбаҳо ўйинчисига айланган Аббосбекнинг мухлислари тобора кўпайиб бормоқда.

Ютуқлари: Ўзбекистон чемпиони (2021, 2022, 2023), Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби (2022), 20 ёшгача футболчилар ўртасида Осиё чемпиони (2023). 20 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё кубогининг энг зўр футболчиси (2023), Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси (2023), Россия Премьер-лигаси кашфиёти (2023/24).

Майкл Олисе (“Бавария”, Франция)

22 ёшли ҳужумкор футболчи Майкл Олисе яқинда “Кристал Пэлас”дан “Бавария”га ўтди. Мюнхенликлар унинг трансферига 53 миллион евро сарфлади. Франциялик ўйинчи ўсмирлик даврида “Арсенал”, “Челси” ва “Манчестер Сити” клублари тизимида маҳорат оширган.

Ютуқлари: Англия Чемпионшипининг энг яхши ёш ўйинчиси (2020/21), футболчилар талқини бўйича “Кристал Пэлас”нинг энг яхши ўйинчиси.

Пау Кубарси (“Барселона”, Испания)

“Барселона” академиясининг энг ёрқин тарбияланувчиларидан ҳисобланган 17 ёшли ҳимоячи Испания терма жамоасининг Европа чемпионатидаги таркибидан олиб қолинди ва унга Олимпия ўйинларида ўзини кўрсатиш имкони берилди.

Ютуқлари: Ла Лигада 23 ёшгача бўлган футболчилар орасида ойнинг энг яхши ўйинчиси (март, 2024), Испания терма жамоаси тарихида учинчи энг ёш дебютант.

Александр Ляказетт (“Лион”, Франция)

33 ёшли форвардга уй Олимпиадасида Франция терма жамоасига етакчилик қилиш вазифаси топширилди. Тажрибали ҳужумчи фаолияти давомида фақат икки клуб – “Лион” ва Лондоннинг “Арсенал” клубида тўп тепган.

Ютуқлари: Франция кубоги соҳиби (2011/12), Франция Суперкубоги соҳиби (2012), Англия Суперкубоги соҳиби (2017), Англия кубоги соҳиби (2018/19), 19 ёшгача футболчилар ўртасида Европа чемпиони (2010). Франция чемпионатининг энг яхши ўйинчиси (2014/15), “Арсенал”нинг мавсумдаги энг яхши футболчиси (2018/19).

Хулиан Альварес (“Манчестер Сити”, Аргентина)

24 ёшли форвард Аргентина терма жамоасининг Олимпиададаги энг қудратли ва хавфли ҳужумчиси бўлиши кутилмоқда. “Ривер Плейт” тарбияланувчиси 2022 йилдан бери “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.

Ютуқлари: Либертадорес кубоги соҳиби (2018), Аргентина кубоги, Суперкубоги соҳиби (2018/19, 2021), Аргентина чемпиони (2021), Англия чемпиони (2022/23, 2023/24), Англия кубоги соҳиби (2022/23), Европа Чемпионалар лигаси ғолиби (2022/23), УЕФА Суперкубоги соҳиби (2023), клублар ўртасида жаҳон чемпиони (2023), жаҳон чемпиони (2022), Америка кубоги соҳиби (2021, 2024), Финалиссимо ғолиби (2022), Жанубий Американинг энг яхши футболчиси, Аргентина чемпионатининг энг яхши тўпурари.

Николас Отаменди (“Бенфика”, Аргентина)

36 ёшли ҳимоячи Николас Отаменди Парижга Америка кубогининг ғолиби сифатида келади. Аргентиналик юлдуз клублар миқёсида Европада “Бенфика”дан ташқари “Порту”, “Валенсия” ва “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилган.

Ютуқлари: Аргентина чемпиони (2009), Португалия чемпиони (2010/11, 2011/12, 2012/13, 2022/23), Португалия кубоги соҳиби (2010/11), Португалия Суперкубоги ғолиби (2011, 2012, 2013, 2023), Европа Лигаси ғолиби (2010/11), Англия лига кубоги соҳиби (2015/16, 2017/18, 2018/19, 2019/20), Англия чемпиони (2017/18, 2018/19), Англия кубоги соҳиби (2018/19), Англия Суперкубоги соҳиби (2018, 2019), жаҳон чемпиони (2022), Америка кубоги соҳиби.

Ашраф Ҳакими (ПСЖ, Марокаш)

25 ёшли қанот ҳимоячиси чекига Марокаш терма жамоасига етакчилик қилиш тушган. Ашраф ПСЖга келгунга қадар “Реал Мадрид”, “Боруссия Дортмунд” ва “Интер” каби қудратли клубларда ўйнаган.

Ютуқлари: УЕФА Суперкубоги ғолиби (2017), Испания Суперкубоги ғолиби (2017), клублар ўртасида жаҳон чемпиони (2017), Европа Чемпионлар лигаси ғолиби (2017/18), Германия Суперкубоги ғолиби (2019), Италия чемпиони (2020/21), Франция чемпиони (2021/22, 2022/23, 2023/24), Франция Суперкубоги соҳиби (2022, 2023), Франция кубоги эгаси (2023/24), Африканинг энг яхши ёш ўйинчиси (2018, 2019), Африканинг энг зўр ўйинчиси (2019), Марокашнинг хориждаги энг яхши футболчиси (2020/21, 2021/22), ФИФАнинг йил терма жамоасига киритилган (2022).

Элдор Шомуродов (“Рома”, Ўзбекистон)

29 ёшли Элдор Шомуродов илк бор Олимпия ўйинларида қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоасининг ҳақиқий етакчиси вазифасини бажариб бериши керак. Элдор легионер сифатида “Ростов”, “Женоа”, “Специя”, “Кальяри” ва “Рома” клубларида жуда катта тажриба тўплаган.

Экспертлар Париж Олимпиадаси Элдор Шомуродовга бошланаётган мавсум учун ўзига мос янги жамоа топишига ёрдам беришини таъкидламоқда.

Ютуқлари: УЕФА Конференциялар кубоги ғолиби (2021/22), Европа Лигаси финалчиси (2022/23), Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси (2019, 2021), Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар (73 та ўйин, 40 та гол).

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Париж-2024”: Олимпиаданинг энг машҳур юлдузлари