11:43 / 03.08.2024
135

Одил Аҳмедов Файзуллаевга қайси лига мос эканини айтди

Одил Аҳмедов Файзуллаевга қайси лига мос эканини айтди
Ўзбек футболининг энг ёрқин ўйинчиларидан бири Одил Аҳмедов Ўзбекистон терма жамоасининг Олимпия ўйинларидаги иштироки ва Аббосбек Файзуллаев ҳақидаги саволларга жавоб бериб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Одил Аҳмедов ўзбек ва рус футболини яхши биладиган мутахассислардан саналади. Профессионал фаолияти давомида “Пахтакор”дан ташқари, Россиянинг “Анжи” ва “Краснодар” клубларида фаолият юритган.

Шунингдек, Аҳмедов фаолиятининг сўнгги босқичида Хитойнинг “Шанхай СИПГ”, “Тяньцзинь Теда”, “Цанчжоу Майти Лайонс” жамоаларида ўйнаган.

- Олимпия ўйинларидек катта мусобақада иштирок этиш албатта ҳар томонлама ёқимли. Бизга кўп нарса етишмади, лекин бу жуда катта тажриба бўлди.

Кейинги Олимпиадага янада пухта тайёргарлик кўрамиз, деб умид қиламан. Бу гал камчиликларимизни кўриб олдик ва нималар устида ишлашни биламиз. Насиб қилса, кейинги ўйинларда янада юқорироқ кўтарила оламиз.

Аббосбек Файзуллаев ажойиб футболчи, Олимпиадада ҳам маҳоратини кўрсата олди. Бу ерда ўйинлар шиддатли ва жамоамиз ўйини биринчи ўринда туради. Бир кишига ҳеч нарса боғлиқ бўлмай қолади.

Аббосбек бизнинг келажагимиз, умид қиламанки, у “топ-5” лигалардаги жамоалардан бирига ўтади.

– Россияда Файзуллаев янги даражага кўтарилди. У “топ-5” лигаларига ўтишга тайёрми?

– Аббосбек ҳозирнинг ўзида тайёр. Агар у кучли лигаларга ўтса, у ерда ўйнаб кета олади. Файзуллаевга кўпроқ Испания чемпионати мос тушади.

Таъкидлаш жоизки, Олимпия ўйинларида асосан 23 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган терма жамоалар иштирок этади. Шунинг учун ҳам бу мусобақа истеъдодларни кашф этиб берадиган турнир мақомида муҳим аҳамиятга эга.

Кучли клублар мутасаддилари, скаутлари, селекционерлари, мураббийлари асосан ёш ижрочилар иштирок этадиган йирик турнирларда ўзларига мос ўйинчини қидиради.

Аббосбек Файзуллаев турли ёшдаги Ўзбекистон терма жамоаларида муваффақиятли ўйнаб келаётганидан бери хориж клублари назарига тушгани айтилади. Айниқса, ўтган йили августда “Пахтакор”дан ЦСКА кўчиб ўтганидан кейин 20 ёшли ҳужумкор футболчимиз легионер сифатида ҳам муваффақиятли ўйнай олишини исботлади.

Ўтган йили жами 32 та учрашувда бешта гол ва 14 та ассист қайд этган Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер-лигасининг кашфиёти сифатида эътироф этилди.

“Пахтакор” тарбияланувчисининг трансфер суммаси бир мавсум ичида бир неча баравар кўтарилиб, бугунги кунда 6 миллион еврони ташкил қилмоқда. Ҳозир Аббосбек Марказий Осиёнинг энг қимматбаҳо футболчиси ҳисобланади.

Кейинги пайтларда Файзуллаевга Италиянинг “Парма”, Германиянинг “Бавария”, Испаниянинг “Вильярреал” каби клубларидан қизиқиш бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Одил Аҳмедов Файзуллаевга қайси лига мос эканини айтди