10:56 / 11.08.2024
1 039

Баҳодир Жалолов бокс тарихида ҳеч ким қила олмаган ишни уддалади

Баҳодир Жалолов бокс тарихида ҳеч ким қила олмаган ишни уддалади
Париж шаҳридаги Олимпия ўйинларининг бокс мусобақалари ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталарининг мутлақ ғалабаси билан якунланди. Терма жамоамиз аъзолари еттита олтин медалдан бештасини Ўзбекистон спорт делегацияси ғазнасига қўшиб қўйди.

Баҳодир Жалолов ва Ҳасанбой Дўсматов шахсий олимпия олтин медалларини иккитага етказиб олди, ёш авлод – Абумалик Халаков, Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳамда Лазизбек Муллажонов илк уринишидаёқ, Олимпия чемпиони, деган шарафли ва юксак номга сазовор бўлди.

Бокс бўйича терма жамоамизнинг энг машҳур ва совриндор аъзоси Баҳодир Жалолов жаҳон боксида ҳали учрамаган яна бир муҳим воқеа қаҳрамони бўлди.

- Баҳодир Жалолов финалда Айб Гадфа устидан қозонилган ғалабадан кейин икки карра олимпия чемпиони бўлди. “Катта Ўзбек” жанг давомида рақибини ўзига яқинлаштиргани йўқ, уни икки маротаба нокдаунга учратди. Бироқ сўнгги раундда Жалолов Гадфани нокаут қилиш ўрнига рақибини масофада ушлаб, ишни охиригача етказиб қўйишни маъқул кўрди.

Баҳодир Олимпия ўйинларида ўта оғир вазн тоифасида кетма-кет иккита олтин медални қўлга киритган биринчи боксчи бўлди
, - деб ёзмоқда инглиз тилида фаолият юритадиган boxingnewsonline.net сайти.

Бошқа манбаларда ҳам Жалоловнинг ғалабасига муносабатлар билдириляпти.

- Париж Олимпиадасиданинг бокс бўйича охирги жангги ўта оғир вазн тоифасида олимпия чемпиони Баҳодир Жалолов ва испаниялик Аюб Гадфа иштирокида бўлди.

Ўзбек боксчиси биринчи сонияларданоқ уни бугун ҳам тўхтатиб бўлмаслигини намойиш қилди. Баҳодир раунддан-раундга босимни кучайтириб борди, рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Учинчи раундда Баҳодир Жалолов Гадфани дўппослаб, нокаутга туширишни истамади. Ҳакамлар бир овоздан ўзбек боксчисининг ғалабасини эътироф этди. Ўзбеклар Парижда еттита олтин медалдан бештасини олиб кетди
, - деб ёзмоқда sportarena.kz сайти.

Дарҳақиқат, Олимпиадалар тарихида икки карра чемпионликка эришган 12 нафар боксчи бўлган.

1. Оливер Кирк (АҚШ) – 1904 йилда икки вазнда;
2. Ежи Здислав Кулей (Польша) - 1964, 1968;
3. Борис Лагутин (СССР) - 1964, 1968;
4. Анжело Эррера Вера (Куба) - 1976, 1980;
5. Эктор Винент (Куба) - 1992, 1996;
6. Ариэль Эрнандес (Куба) - 1992, 1996;
7. Олег Саитов (Россия) - 1996, 2000;
8. Марио Кинделан (Куба) - 2000, 2004;
9. Гильермо Ригондо (Куба) - 2000, 2004;
10. Алексей Тишченко (Россия) - 2004, 2008;
11. Цзоу Шимин (Хитой) - 2008, 2012;
12. Василий Ломаченко (Украина) - 2008, 2012.

Баҳодир Жалолов улар қаторига 13-икки карра олимпия чемпиони бўлиб қўшилди. Бироқ Жалолов ўта оғир вазн тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган ягона боксчи ҳисобланади.

Энди 30 ёшли боксчимиз бундан буён ҳаваскорлар боксида иштирок этмайди. У бор эътиборини профессионал боксга қаратади. Ҳозирча профрингда 14 та жангнинг барчасида нокаут қайд этган Жалолов бу йўналишда ҳам жаҳон чемпионлиги учун курашади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Баҳодир Жалолов бокс тарихида ҳеч ким қила олмаган ишни уддалади