15:46 / 11.08.2024
497

Ўзбеклар “бўри”дай ишлайди! Рашитовнинг ғалабасига хориждан яна қандай муносабат бўляпти?

Ўзбеклар “бўри”дай ишлайди! Рашитовнинг ғалабасига хориждан яна қандай муносабат бўляпти?
Париж Олимпиадаси ўзбекистонлик таэквондо усталари учун ҳам муваффақиятли бўлди. Эркаклар ва хотин-қизлар ўртасидаги беллашувларда биттадан вакилимиз финалда иштирок этди.

68 килограммгача вазн тоифасида беллашган Улуғбек Рашитов саралаш учрашувларида гонконглик Вай Фонг Ло, хитойлик Лушуай Лианг, испаниялик Хавьер Перес Полони енгиб, финалга чиқди.

Ҳал қилувчи баҳсда Улуғбек Рашитов иорданиялик Зоид Каримни мағлубиятга учратиб, икки карра олимпия чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди.

Хотин-қизлар ўртасида 67 килограммгача бўлган баҳсларда Светлана Осипова ивуарлик Астан Катерина Батли, британиялик Ребекка МакГован, кореялик Дабин Лидан устун келиб, финалда иштирок этди.

Ҳамюртимиз сўнгги жангда мезбонлар вакиласи Алтея Лоринга имкониятни бой берди.

Париждаги таэквондо мусобақаларидан биттадан олтин ва кумуш медалга эга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида учинчи ўриндан жой олди.

Таэквондочиларимизнинг ғалабасига Қозоғистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Бауиржон Аманқулов муносабат билдирди.

- Ўзбекистоннинг таэквондодаги муваффақиятларини қандай изоҳлаш мумкин? Уларда сифатли мураббийлар таркиби шакллантирилган. Бизнинг спорт туримизни оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида жангчиларнинг кучли авлоди етишиб чиқяпти.

Биринчидан, уларда истиқболли спортчиларни танлаб олиш имконияти бор. Иккинчидан, ўша болалар мисли кўрилмаган даражада меҳнаткаш. Улар “бўри”дай ишлайди!

Улуғбек Рашитовнинг Токио Олимпиадасига йирик ғалабаси ҳам ўз таъсирини ўтказгани бор гап. Ўша ғалабадан кейин жуда кўп ёш болалар таэквондо секцияларига ёзила бошлади, оммавийлик ошиб борди. Натижада ҳозир Ўзбекистонда жуда кўп одамлар таэквондо билан шуғулланмоқда. Уларда катта ўсиш кетяпти
, - деди Бауиржон Аманқулов.

Эслатиб ўтамиз, Улуғбек Рашитовнинг Париж Олимпиадасига ғалабаси ўзбекистонлик таэквондочилар учун рекорд ҳисобланади.

Аслида Улуғбек Токиода ўтган аввалги Олимпиадада Ўзбекистон учун тарихий биринчи олтин медални келтирган эди. Ўшанда ёш спортчи учун бу катта натижа бўлганди.

Орадан уч йил ўтиб, истеъдодли спортчимиз маҳоратини ошиб бораётганини кўрсатди. 22 ёшли таэквондочимиз иккинчи бор шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Рашитовнинг ёшини инобатга олсак, кейинги Олимпиадаларда ҳам иштирок этиш имкони бор. Бундан ташқари, Улуғбек таэквондо бўйича жаҳон чемпионати совриндори ва Бутунжаҳон армия ўйинлари ғолиби ҳисобланади.

Олимпиадада илк бор порлаган 24 ёшли Светлана Осипова ҳам аслида тажрибали спортчи ҳисобланади. У фаолияти давомида жаҳон чемпионатининг олтин ва кумуш медалларини қўлга киритган.

Шунингдек, Осипова Ислом бирдамлиги ўйинлари ва Бутунжаҳон армия ўйинларида ғолиб чиққан. Қатор минтақавий мусобақаларда шоҳсупага кўтарилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбеклар “бўри”дай ишлайди! Рашитовнинг ғалабасига хориждан яна қандай муносабат бўляпти?