21:53 / 14.08.2024
697

Шомуродовни АҚШда кутишяпти, бироқ Европадан янги харидор чиқди

Шомуродовни АҚШда кутишяпти, бироқ Европадан янги харидор чиқди
Ўзбекистон терма жамоасининг ҳозирги сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродовнинг фаолиятида жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Европада трансферлар ойнаси ёпилишига тобора оз вақт қолмоқда. Бундай вазиятларда клублар таркиб масаласида тезкор ва пухта қарорлар қабул қилишига тўғри келади.

Элдор Шомуродов ҳам “Рома”ни тарк этишига тўғри келади. Римликлар бош мураббийи Даниэле Де Росси ўзбек футболчини олиб қолмаслиги аниқ бўлиб улгурган. Ёзги трансферлар даврида 29 ёшли форвардни олиш бўйича “Кальяри”, “Верона”, “Сампдория” каби клублар “Рома” билан мулоқотга киришгани ҳақида бир неча бор маълумотлар тарқатилди.

Бироқ музокаралар ижобий якунга етгани, трансфер амалга ошгани йўқ.

Таниқли инсайдер Фабрицио Романо Элдор Шомуродовга АҚШ чемпионатида “Атланта Юнайтед” жиддий қизиқаётгани, клублар музокараси ижобий кечаётгани ва тез орада ўзбек ҳужумчиси уммонорти клубига ўтиши мумкинлигини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқда Шомуродовнинг АҚШга кетиши кенг муҳокама ва мунозара қилинаётган бир паллада тажрибали легионеримизга яна бир вариант чиққани ҳақида ахборот тарқатилди.

Италиялик футбол эксперти Жанкарло Корнаккианинг маълум қилишича, ҳамюртимизга Туркия Суперлигасидан чорлов бўляпти.

- Элдор Шомуродовга фақатгина “Атланта Юнайтед” қизиқаётгани йўқ. Ўзини кўрсатиш учун янги жамоа қидираётган “Кальяри”нинг собиқ ҳужумчисига Туркия чемпионатида иштирок этаётган “Тразонспор” жиддий қизиқиш билдирмоқда, - деб ёзди tuttocagliari.net портали мутахассиси Жанкарло Корнаккиа.

Аслида Элдор Шомуродов Туркия Суперлигаси вакилларидан мунтазам таклиф олади. Аввалги трансфер ойналари даврида “Фенербаҳче”, “Трабзонспор”, “Галатасарой” каби Туркиянинг энг қудратли жамоаларидан таклифлар бўлган, бироқ легионеримиз А Серияда қолиш мақсадида нафақат туркларнинг, балки Англия, Франция, Германия, Испания, Россия, Саудия Арабистонидан чиққан вариантларга ҳам кўнмаган эди.

Ўзбек футболчилари Туркия Суперлигасини забт этиб бўлганига анча бўлди. Бугунги кунда Туркия Суперлигасида иштирок этаётган 258 нафар хорижлик ўйинчилар орасида Отабек Шукуров (“Кайсериспор”), Азизбек Турғунбоев (“Сивасспор”), Ҳусниддин Алиқулов (“Ризеспор”) каби Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам бор.

“Трабзонспор” мутасаддилари Шомуродовни трансферга кўндира олса, Элдор Суперлигадаги Ўзбекистоннинг тўртинчи вакилига айланади.

Агар “Атланта Юнайтед”ни танласа, АҚШ чемпионати ўзбек футболчилари учун янги майдон ҳисобланади. Кучли бешлик чемпионатларида энг кўп ўйин ўтказган, биринчи ва энг кўп гол урган, Конференциялар лигаси кубогини қўлга киритган ва бир қатор шунга ўхшаш катта-кичик кўрсаткичларни қайд этган Элдор Шомуродов “Атланта Юнайтед”га ўтадиган бўлса, ўз рекордлари рўйхатини янада кенгайтиради.

Демак, Элдор Шомуродов тез орада қандай қарорга келишини кутамиз. Балки яна янгидан-янги вариантлар ҳам чиқиб қолар...

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовни АҚШда кутишяпти, бироқ Европадан янги харидор чиқди