22:03 / 24.08.2024
537

Ўйинни буриб юборган Файзуллаев қандай баҳоланди?

Ўйинни буриб юборган Файзуллаев қандай баҳоланди?
Россия Премьер-лигасининг олтинчи турига келиб, ЦСКА футболчилари эндигина бошланган мағлубиятлар сериясига барҳам беришга муваффақ бўлди.

Бунгача чемпионатда асосий рақобатчиларидан “Краснодар” ва “Локомотив” билан бўлган беллашувларда кетма-кет икки маротаба имкониятни бой берган “армиячилар” ўз мухлислари кўз ўнгида йирик ҳисобдаги ғалабани тантана қилди.

Сербиялик бош мураббий Марко Николич шогирдлари бу гал лига дебютанти “Акрон” жамоасини қабул қилган бўлса-да, рақиб анча жиддий қаршилик кўрсатди. ЦСКА ўйинда бурилиш ясаши учун битта гол уриб олиши талаб этиларди.

Ҳамма кутган ана шу вазиятни Аббосбек Файзуллаев яратиб берди. Легионеримизнинг ўта қулай пасини Тамерлан Мусаев рақиб дарвозасига жойлади. Ўйин охиригача мухлислар яна учта гол гувоҳи бўлди – 4:0.

Майдонда 80 дақиқа ҳаракат қилган 20 ёшли ҳужумкор футболчимиз ўйин давомида битта ассист муаллифи бўлгандан ташқари анча фаол ўйнади. Аббосбекнинг жамоадошларига берган пасларининг 83 фоизи аниқ чиқди, узоқ масофага уч маротаба тўп узатди ва уларнинг бари манзилга тўғри етиб борди.

Бундан ташқари ҳамюртимиз умумий ҳисобда тўртта хавфли вазият яратиб берди. Ўзи дарвоза томон бир жуфт аниқ зарба йўллади.

ЦСКА бош мураббийи Марко Николич учрашувдан кейин ўйин борасида фикрлари билан ўртоқлашиб, Аббосбек Файзуллаев ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

- Биринчи бўлимда кўплаб вазиятлар яратилганига қарамай, гол бўлмади. Бу гал вазиятлар анча ўткир бўлди. Биринчи голни уришимиз билан ўйин умуман бошқача кўриниш олди. Ўйин чиройли чиқса, мухлислар мамнун бўлади.

Биринчи тўпни киритиш жуда муҳим эди. Ўтган сафар “Локомотив” билан ўйинда айнан мана шу нарса етишмаганди, бу гал ўхшади. Баҳснинг биринчи ярмидаги вазиятлардан фойдалана олмаганимиз ачинарли ҳолат. Бунинг устида ишлаяпмиз. Баъзан ўхшаяпти, айрим ҳолатларда бўлмаяпти
.

- Ўтган мавсумда Аббосбек Файзуллаев энг ёрқин ўйинчилардан бўлганди. Ҳозирча Аббосга нима етишмаяпти?

- Аббосбек Файзуллаевнинг ўйинига келсак, у етарли даражада ҳордиқ чиқаргани йўқ. Олимпия ўйинларидаги иштирок туфайли мавсумолди йиғинини ҳам ўтказиб юборди. Қишда Осиё кубогида ҳам шундай ҳолат юз берганди.

Аббос ҳали ёш йигит, жуда иқтидорли, ҳаракатлари, тўп билан ишлаши зўр. Ўсишда давом этаверсин. Лекин ундан ҳаддан ташқари кўп нарса талаб қилиш унинг ривожланишига ҳалақит бериши мумкин.

Эркин ўйнасин. Мен уни катта келажак кутиб турибди, деб ўйлайман
, - деди Марко Николич.

Аббосбек Файзуллаев роппа-роса бир йил муқаддам “Пахтакор”дан ЦСКА сафига кўчиб ўтганди. 20 ёшли футболчимиз қисқа фурсатди Европадаги футбол экспертлари, скаутлар, селекционарлар ва мураббийлар назарига тушди.

Бугунги кунда легионеримизнинг трансфер суммаси 6 миллион еврога кўтарилган ва Аббос Марказий Осиёнинг энг қимматбаҳо футболчиси ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўйинни буриб юборган Файзуллаев қандай баҳоланди?