16:38 / 08.09.2024
21

Тен Ҳагга ғолиб жамоа қуриш учун яна қанча вақт ва пул керак?

Тен Ҳагга ғолиб жамоа қуриш учун яна қанча вақт ва пул керак?
Фото: Getty images
Ёзда INEOS раҳбари ва «Манчестер Юнайтед» акцияларининг бир қисми эгаси — Сэр Жим Рэтклифф «қизил иблислар» постидаги илк ёзги трансферлар ойнасини ўтказди. Британиялик ишбилармон ўз ваъдаси бўйича жамоани кучайтириш ва ўз даражасига қайтариш учун аямай инвестиция қилмоқда. Эвазига битта минимал ҳисобдаги ғалаба, 2та мағлубият, янги мураббийи атиги 3-учрашувини ўтказаётган азалий рақиби қаршисидаги ожизликни тан олди. Тен Ҳаг эса мана 3-мавсуми стартида ҳамки натижа эмас, қандайдир статистикаларни кўтариб матбуот олдига чиқмоқда.

Мавсум аввалидаги ўртоқлик учрашувларидаги натижалар ҳақида гапирар экан, Эрик Тен Ҳаг ўз натижаларига анча ижобий баҳо берганди: «2 йилда 2та титул — ёмон эмас. 2 мавсумда 3та финал — ёмон эмас. Агар улар (раҳбарият) мени хоҳламасалар, мен бошқа клубга бориб, кубоклар ютишда давом этаман. Бу — менинг одатим». Яхши тайёрланган гаплар, тўғрими? Сизни ўйлантириб қўйиши турган гап. Худди шундай фикрлардан бирини нидерландиялик мутахассис Эдинбургдаги «Рейнжерс»га қарши беллашувдан кейин айтганди: «Сити»дан кейин сўнгги икки йилда энг кўп титул ютган клубмиз». Ажойиб аргумент, лекин бу «Манчестер Юнайтед»ни Англиянинг иккинчи клубига айлантириб қўядими? Шахсан, бундай деб ўйламайман.

Июл ойида Тен Ҳаг билан янги шартнома имзоланар экан, Рэтклифф «мураббий «Юнайтед»даги муаммоларнинг асосий сабаби эмас»лигини айтиб ўтганди. Лекин шундай бир статистика ҳам борки, Эриккача «Манчестер Юнайтед»нинг ҳеч бир мураббийи кетма-кет 2 мавсумда дастлабки 3 турнинг 2тасида мағлуб бўлмаган. Ёзда 206 миллион фунт-стерлинг ишлатган мураббийга «Аякс»даги омадли мавсумда Чемпионлар Лигаси яримфиналига олиб чиққан таркиби деярли йиғиб берилди ҳамки, натижадан дарак йўқ. Тахминимча, унга ўзи хоҳлаган футболчилар орасида биргина Френки Де Йонг билан шартнома имзолаш насиб этмади, холос.

Майкл Кэррик фаолиятини якунлаганидан бери «қизил иблислар»да сурункали муаммога айланган таянч яримҳимояси «Реал» билан бутун бошли эпоха яратган Каземиро билан ҳам ҳал бўлмади. Аксинча, бразилиялик футболчининг ўзидан ҳеч кутилмаган хатолар кузатила бошланди. Хусусан, «Ливерпул»га қарши учрашувда биринчи таймдаги иккита ёш болаларча хатолар билан мерсисайдликларнинг иккала голига ҳам сабабчи бўлиб қолди ва Тен Ҳаг уни танаффусдаёқ алмаштирди.

Лекин бу билан биз уни «Олд Траффорд»даги 90 дақиқалик «қўрқинчли туш»нинг тўлақонли айбдори, дея олмаймиз. Хато жуда кўп футболчиларда кузатилди. Жумладан, Бруну Фернандеш бир нечта эпизодларда тўпни жуда осон бой берди, Жошуа Зиркзенинг мавсум олдидан мақталган биринчи тегиниши ушбу беллашувда панд берди ва бир нечта потенциал катта ҳужумларнинг бошланмай тугашига сабаб бўлди. Маркус Решфорднинг Тен Ҳаг жамоасида нима учун бу қадар кафолатланган бошланғич таркиб ўрнига эга эканлигини фақат нидерланд мутахассисининг ўзи билса керак.

Ҳатто академиядан етишиб чиққан ва мухлисларга нажотдек кўринаётган Кобби Мейнунинг Алексис МакАллистерга майдон марказида очиқчасига тўпни олдириб қўйиши ва бу мерсисайдликларнинг 3-голига олиб келиши дард устига чипқон бўлди. Юқорида индивидуал хатолар ҳақида гаплашдик ва уларнинг бари жамланиб, бизни Эрик Тен Ҳаг исми томон қайтариб олиб боради.

«Манчестер Юнайтед» ҳужумда жуда юқори прессинг қилди, ҳимоя эса анча орқа чизиқда рақибни кутиб олди. Бу эса «Ливерпул»га марказда катта бўшлиқлар қолдирди. Ушбу тизимли муаммо икки мавсумдан бери манчестерликларда ўз ечимини топмай келяпти ва Мануэл Угартенинг келиши барчасини ҳал қилади, деб ишонадиганлар ўзларини шунчаки алдаб юрганлардир. «Ливерпул»дан учралган мағлубият сабабини Тен Ҳаг рақибнинг имкониятларидан улардан кўра унумлироқ фойдаланганига йўйган бўлса, «Ливерпул» бош мураббийи бу борадаги саволга анча асосли жавоб қайтарди:

«Балки, бу сўнгги мавсумдаги услубдир, лекин билишимча, уларнинг ғояси юқорига кўтарилиб ўйнайдиган қанот ҳимоячиларига қурилади ва Каземиро ҳимоячилар оралиғи томон пастлайди. Демак, сен тўпни олиб қўйишни ҳамда Диаз ва Салоҳни олдинда ушлаб туришни эпласанг, ҳужумнинг якуний палласида уларнинг ҳар бирига бор йўғи биттадан ҳимоячи қаршилик қилади. Бунда сенга кўп югурадиган яримҳимоячилар керак. Бизда бугун бундайларнинг 3таси бор эди: улар югуришдан тўхтамади ва бу йигитлар рақиб билан елкама-елка курашда тўпни олиб қўйишга қодир даражада кучли. Менимча, мана шу ғалабамизнинг асосий омилларидан бирига айланди».

МакАллистер ва Гравенберх яримҳимоя орқасида қўш-пивот бўлиб ўйнаган бўлса, Собослаи ҳужумдаги учликни тинимсиз тўп билан таъминлаб турди. Кўриб турганингиздек, Эрик ўз ҳамюрти тарафидан тўлалигича доғда қолдирилди ва бунинг учун унга Ливерпулдаги қарийб 2 ой муддат етарли бўлди. Мерсисайдликлар футболчилари аллақачон янги мураббий фалсафасини ўзлаштириб бўлгандек кўриняпти. Манчестерда эса ҳамон Тен Ҳаг нимани хоҳлаётгани ва нима қураётганини тушуниш қийин кечмоқда. Балки, бу иккала мураббийнинг коммуникация даражалари билан ҳам боғлиқдир. Арне Слотнинг ҳозиргача бирор футболчи билан конфликтга боргани ҳақида хабарга кўзимиз тушмади, Эрик Тен Ҳагнинг бошқарувида эса не-не футболчилар «Манчестер Юнайтед»ни можаролар билан тарк этмадилар…

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда савол туғилади: Тен Ҳагнинг яна вақт сўрашга ҳаққи қолдими? Менимча, йўқ. Лекин нидерландиялик мураббий матбуот анжуманларида бот-бот янги футболчиларнинг интеграциясига вақт сўраб чарчамаяпти. 51 миллион фунтга харид қилинган Мануэл Угарте ҳақида сўралганда мураббий: «Биз уни қураётган жамоамизга уйғунлаштириб юборишимиз керак. Бу вақт олади, мен Ҳарри Поттер эмасман. Буни тан олишингиз керак.

Аминманки, у бизнинг жамоага кўп фойда келтириб, муҳим футболчига айланади. Бироқ, бу бир неча ҳафта ва ҳатто ойлаб вақт олиши мумкин». Бу жуда кўп футболчилар кейсида ўз аксини топадиган фактор. Жошуа Зиркзе яхши бошлади ва сўнгги 3-4 ҳафтада ўзини яхши тарафдан кўрсата олди. Бугун унинг ўйинидан хурсандман, бироқ 4 ҳафта олдин ундан бундай даража кутмаганман. Ушбу беллашув у, Де Лигт ва Алехандро Гарначо учун мавсумдаги илк бошланғич таркибдаги ўйинга айланди. Биз тез орада яхши ҳолатда бўламиз, албатта, ривожлантирадиган жиҳатларимиз бор».

«Ливерпул»га қарши ўйнаганларнинг 6 нафари Тен Ҳаг томонидан сотиб олинган футболчилар, уларнинг қарийб ярми эса бир мунча муддат «қизил иблислар» билан бўлишга улгурди. Шундай экан, унинг яна вақт сўрашга ҳаққи йўқ. Эрик 85 миллион фунт-стерлинг эвазига харид қилган Антони ўзи томонидан захирага михлади. Умумий ҳисобда 135 миллион фунт сарфланган Расмус Ҳойлунд ва Мэйсон Маунт жуфтлиги эса клуб шифохонасини тўлдириш билан машғул. Энг кўп харажат қилган манкунианлар жадвалнинг 14-поғонасини банд қилиб турган бўлса, улардан бир неча карра кам харж қилган азалий рақиблари: «Манчестер Сити» ва «Ливерпул» пешқадамликни бўлишиб турибди. Таассурот шундайки, ушбу мураббий Манчестерда қанча узоқ қолса, унинг ўрнига келадиган мураббийнинг ҳал қилиши керак бўлган муаммолари шу қадар чуқур илдиз отиб боради.

Сэр Жим Рэтклифф ва унинг янги жалб этган бошқарув мутахассислари — Омар Беррада, Ден Эшворз ва Жейсон Уилкокс ушбу ўйинни «Орзулар театри» трибуналаридан кузатиб боришди. Уларда орзумандликдан асар ҳам йўқлиги юз ифодаларидан ҳам кўриниб турганди. Клубнинг бошқарувини қўлга олиб, юқорида номлари саналган мутахассисларни жалб этишда ажойиб менежментни кўрсата олганини ва ёзги трансферлар ойнасида энг муваффақиятли кампаниялардан бирининг муаллифига айланган INEOS раҳбари Англия Кубогидаги «Манчестер Сити» устидан қозонилган ғалаба эйфориясига берилди ва Премьер-лига доирасида клуб тарихидаги энг паст поғонада мавсумни якунлаган мураббий билан шартномани узайтирди.

Аммо бу хатони тўғрилашга ҳали кеч эмас. Шу йилнинг баҳорида ва ёзи аввалида клубнинг Томас Тухел, Киран МакКенна ва кейинчалик Маурисио Почеттино каби мутахассислар билан боғлангани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Уларнинг ҳеч бири массив ўзгариш ҳосил қилишига кафолатланган ишонч йўқ. Лекин агар энди муваффақиятсиз ўйинлар кетма-кетлигидан сўнг, раҳбариятда мураббийга нисбатан ишончсизлик кузатилаётган бўлса, тезроқ қарор чиқариш керак. Чунки бундай статусдаги мураббийларнинг мавсуми муваффақиятсиз кечиши аниқ бўлиб улгурган клубга кампания ўртасида келиши — қийин масала.

Абдулбасит Валихонов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тен Ҳагга ғолиб жамоа қуриш учун яна қанча вақт ва пул керак?