Ўзбек бокс мактаби бир неча йиллардан бери дунёда энг кучли эканини эътироф этиб келинмоқда. Терма жамоамиз аъзолари қитъа, жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинлари каби нуфузли мусобақаларда доим юқори ўринларни эгалламоқда.
Хусусан, ёзда Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилган Олимпия ўйинларида боксчиларимиз жаҳондаги етакчилик мавқеини яна бир карра намойиш қилди. Етти вазнда ўтказилган мусобақада ҳамюртларимиз бешта олтин медални қўлга киритди.
Ўзбекистон боксчиларининг халқаро майдондаги ютфуқлари халқаро ҳамжамият томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Энг қувонарлиси, ўзбекистон чарм қўлқоп усталари нафақат ҳаваскорлар ўртасида, балки профессионал рингда ҳам етакчилар қаторига киради. Жумладан, Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадримов, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев профессионал йўналишда ҳам топ-боксчилар сирасида зикр этилади.
Бокс ва яккакураш турларига ихтисослашган энг нуфузли boxrec.com портали вазн тоифасидан қатъи назар, жаҳоннинг энг кучли боксчиларининг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, кучли ўнликнинг ўзида тўрт нафар ўзбек чемпиони бор.
Рейтингнинг энг юқори чўққисида ҳаваскорлар боксида барча нуфузли турнирларда бир неча маротабадан ғолиб чиққан Баҳодир Жалолов жойлашди. 30 ёшли боксчимиз бу йўналишда 124 та учрашувдан 109 тасида ғолиб чиққан.
Баҳодир Жалолов ўта оғир вазн тоифасида Олимпия ўйинларида икки маротаба чемпионликка эришган жаҳон бокси тарихидаги ягона чарм қўлқоп устаси ҳисобланади.
Рейтингда Баҳодирдан кейинги поғонага ўзбек боксчиларининг янги авлоди вакили – 24 ёшли Абдумалик Халаков лойиқ топилди. Абдумалик ҳаваскорлар ўртасида 94 та беллашувдан 80 тасида ғолиб чиққан. Ёш бўлишига қарамай, амалдаги жаҳон ва олимпия чемпиони ҳисобланади.
Кейинги уч қатордан иккитасида россиялик Габил Мамедов ва Муслим Гаджимагомедов, биттасида украиналик Олимпия ўйинлари ғолиби Олександр Хижняк ўрин эгаллаган.
Икки карра Олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўсматов рўйхатда олтинчи ўринда қайд этилди. Бокс профессори ўзи иштирок этган 137 та жангдан 124 тасида рақиблари устидан ғолиб чиққан. Ҳаваскор боксда Дўсматов ютмаган соврин қолмади. Ҳасанбой 2016 йили Бразилиядаги Олимпия ўйинларида энг зўр техникаси учун берилган Вэл Баркер кубогини ҳам ўзида сақлаб келмоқда.
Ҳасанбойдан кейин еттинчи поғонада жаҳон чемпионати совриндори ва Париж Олимпиадасининг оғир вазндаги чемпиони Лазизбек Муллажонов жойлашди. Унинг ҳисобида 61 та ғалаба ва 11 та мағлубият бор.
“Топ-10”дан тўртта боксчимиз ўрин олган бўлса, кейинги ўнталик ҳам ўзбек бокс мактаби тарбияланувчиси Асадхўжа Мўйдинхўжаев билан бошланади. 11-ўринда турган 23 ёшли жаҳон ва олимпия чемпиони ҳисобида 53 та ғалаба ва 8 та мағлубият бор.
Париж Олимпиадаси иштирокчиси, жаҳон чемпиони Руслан Абдуллаев умумий рейтингда 17-қаторда бормоқда.
Учинчи ўнликни ҳам ўзбекистонлик спортчилар бошлаб берди. Миразизбек Мирзахалилов ва Мужибулло Турсунов портал экспертлари томонидан 21 ва 22-қаторга лойиқ топилди.
Умуман олганда, “топ-100”даги боксчилар қаторида Саиджамшид Жаъфаров (40-ўрин), Тўрабек Ҳабибуллаев (47-ўрин), Ҳавасбек Абдуллаев (50-ўрин), Жаҳонгир Зокиров (82-ўрин), Иқболжон Холдоров (91-ўрин) ҳам бор. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Жиззахда Cobalt катта тезликда икки қизчани уриб юборди