12:12 / 20.09.2024
66

Файзуллаев кўпчиликни қизиқтирган бир неча саволларга жавоб берди

Файзуллаев кўпчиликни қизиқтирган бир неча саволларга жавоб берди
Спорт формасини тиклаб, яна юқори даражада ўйнай бошлаган Аббосбек Файзуллаев Россия кубоги гуруҳ босқичи доирасида пешқадам “Краснодар” жамоасига қарши ўтказилган учрашувда иккита ассист қайд этиб, ЦСКАнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабасига катта ҳисса қўшди.

Учрашув қаҳрамонларидан бўлган 20 ёшли ҳужумкор футболчимиз россиялик журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

ЦСКАдаги муҳит ҳақида

Аббосбек Файзуллаев ЦСКА дарвозабони Илья Помазун билан боғлиқ вазият жамоага қандай таъсир қилгани ҳақида гапирди.

- Помазун билан боғлиқ вазият бизга қандай таъсир қилди? Жамоа ичида ҳаммаси яхши. Нима бўлганини билмайман. Биз ўйиндан кейин дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолган Торопни табрикладик.

Маълумки, Илья Помазун ашаддий рақиб “Зенит”га қарши ўйин олдидан “Спартак” жамоасига ўтишга тайёрлигини айтганидан кейин “армиячилар” раҳбарияти уни жамоа машғулотларидан четлатди.

Юқоридан келаётган тўп учун курашаётгани ҳақида

- Характерим шундай, ҳар доим курашганман ва кейин ҳам курашаман. Ютаманми ёки йўқ, буни фақат Худо билади.

Кислякнинг ўйини ҳақида

- Матвей Кисляк менга ўйинчи сифатида ҳам, оддий инсон сифатида ҳам ёқади. “Краснодар”га қарши учрашувда ўйини жуда яхши чиқди. Мен унга омад ва энг яхши тилакларимни тилайман. У жуда юқори даражага чиқиши мумкин. Шундай бўлишига умид қиламан.

Россия кубоги гуруҳ босқичи доирасида Матвей Кисляк Аббосбек Файзуллаевнинг қулай пасидан кейин “Краснодар” дарвозасини ишғол қилди.

ЦСКАнинг янги ҳужумчиси Сауль Гуарирапа ҳақида

- Гуарирапа жуда яхши ҳужумчи. У билан ўйнаш анча қулай. Сауль тезкор ва шу билан бирга жисмонан бақувват. Футболчи сифатида менга ёқди.

Россия кубоги ҳақида

- Биз кейинги босқичга биринчи ўринда чиқмоқчимиз, ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни истаймиз, бироқ мусобақа жадвалига охирида қараймиз. Иккинчи ўрин билан кейинги босқичга ўтсак, “Зенит”га тўқнаш келишимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаганимиз йўқ. Чунки гуруҳ баҳслари ҳали якунланмади.

Олдин гуруҳдан чиқиб олайлик, кейин қайси жамоага тушишимизни кўрамиз. “Зенит”ни муҳокама қилишни истамайман, чунки “Краснодар” билан ўйнадик, менга шуниси муҳим, “Зенит” эмас
.

Россия кубоги гуруҳ босқичида ЦСКА ўз квартетида “Краснодар”дан бир очко кам жамғарган ҳолда иккинчи ўринда бормоқда. “Армиячилар” мусобақа доирасида яна иккита учрашув ўтказади. Рақиблар “Нижний Новгород” ва “Ахмат” жамоалари бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Файзуллаев кўпчиликни қизиқтирган бир неча саволларга жавоб берди