Суперлига 21-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Динамо" (4:2) баҳсидан сўнг самарқандликлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этди ва ўйин ҳақида фикрларини қуйидагича баён қилди.
"Бу бизнинг энг яхши ўйинимиз эмас эди, аммо ўйин ғалати ҳодисалар билан ўтди. Ўйиндан ташқари ҳолат ва пенальти. Ушбу голларни ҳисоблашди, билмадим, балки VAR вазиятни бошқача кўрган бўлса керак. Мен кўрган такрорда ўйиндан ташқари ҳолат бор эди. Ҳисобни тенглаштириб олдик ва ўйиндаги устунлик биз томонга ўтиши керак эди, лекин йўқ жойдан яна пенальти.
Учинчи голдаги вазиятда, 99-рақамли футболчи офсайдда эди, аммо у тўпга ҳаракатланмоқда. Тўп унинг ёнидан ўтиб кетди ва ҳимоячининг қўлига тегди. Жуда баҳсли ҳолат. Ўйин шундай тус олди ва якунда 2:4 ҳисобида мағлуб бўлдик. Шунингдек, VAR текшируви учун бўлган паузалар, ҳакам футболчилар билан суҳбатлашди. Буларнинг барчаси ўйин темпига таъсир қилди. Тўхталишлар мухлисларга қизиқ бўлган бўлиши мумкиндир, аммо бизга ҳеч қандай кераги йўқ эди", - дея фикр билдирди Вадим Абрамов.
- "Динамо"нинг бугунги ўйинга тайёрлаган режаси қандай эди? Сабаби жамоангиз иккита голини ҳам "Пахтакор"нинг хатоларидан сўнг урди. "Пахтакор"нинг пасларини олиб қўйиш ва жамоани кўпроқ хатога мажбур қилиш режангизда бормиди?
- Биз "Пахтакор"ни ўрганиб чиққандик. Афсуски, бизда таркиб билан муаммолар бор эди, ушбу камчиликларимизни имкон қадар беркитишга ҳаракат қилдик. Рақибимиз ОЧЛда ўйин ўтказгани ҳам ўз таъсирини ўтказганини билардик. Биринчи бўлимда шундай ўйнаш режамиз, аммо иккинчи бўлимда ўйинимизни кучайтиришимиз керак эди. Афсуски, қандай голлар ўтказиб юборганимизни ўзингиз кўрдингиз.
- "Динамо" жамоаси узоқ масофадан яхши зарба бериши ва ушбу усулни кўп қўллашини биламиз, бироқ жамоангиз бугун жарима майдончаси ташқарисидан деярли зарба бермади. Ягона хавфли зарбани Ҳислат Ҳалилов ўйин сўнгида амалга оширди. Бугун жамоангиз узоқдан кам зарба берганига нима сабаб бўлди?
- Бунга бир нечта сабаб бор. Ҳар бир жамоа рақиб қанчалик ўйнашга қўйиб берганидан келиб чиқиб ўйин намойиш этади. "Пахтакор" ҳам бизнинг устун томонларимизни ўрганиб чиққани аниқ эди. Умумий қилиб олсак, биз тўпни яхши ушлай олмадик. Узоқ масофадан зарба бермаганимиз асосий сабаб бўла олмайди. Бугунги ўйинимиз менга умуман ёқмади. Балки ўйин соат 14:00да ўтказилгани ўз сўзини айтгандир.
- "Динамо" ҳимоячиларининг бугунги ўйинига баҳо бериб ўтсангиз? Тўғри, баҳсли вазиятлар кўп бўлди, аммо ҳимоячилар ҳам кўп хатоларга йўл қўйишди ва йўқ жойдан голлар ўтказиб юборишди.
- Шубҳасиз, бунинг барчаси ўйин сифатига ўз таъсирини ўтказди. Биринчи паснинг йўқлиги жуда панд берди. Ҳимоячиларимиз тўпсиз кўп югуришлари керак эди. Ҳужумчиларимизга ҳам тўп жуда кеч етиб борди. Буларнинг барчаси якуний натижага таъсир кўрсатди.
- Ҳислат Ҳалилов сўнгги учрашувларда жуда яхши ўйин намойиш этмоқда, аммо у асосий таркибдан жой олмаяпти. Бунинг сабаби нимада? Ҳалилов учрашувни биринчи дақиқаларданов бошлаши учун нима етишмаяпти?
- Ҳар бир ўйинга режа тузиб чиқамиз. Шу режага кўра иш тутамиз ва Ҳислатнинг энг кучли жиҳатларидан имкон қадар яхшироқ фойдаланиш асосий мақсадимиз. У захирадан майдонга тушиб, ўйинни кучайтириб юбора оладиган саноқли футболчилардан бири. Ўйинга қўшилиб кета оладиган футболчилар жуда кам. Ҳалилов ҳимояда яхшироқ ўйнашни ўрганиши керак. Ушбу жиҳат устида яхшироқ ишласа, бошқа даражали футболчига айланади.
- Жоэль Кожонинг йўқлиги жамоангизга қанчалик қийинчилик туғдирди?
- Таъсирини ўтказди, лекин усиз ҳам бугун ёмон ўйнадик. Кожо майдонда бўлганида "Пахтакор" ҳимоячиларига қийинроқ бўларди. Билмадим, бу ҳақда фикр билдириш нотўғри.
- Сўнгги учта ўйинда жамоангиз дарвозасига учта 11 метрлик зарба белгиланди. Ушбу ҳолатга изоҳ бериб ўтсангиз?
- Ҳар доимгидек. Биз ҳеч қачон пенальти тепмаймиз, бизнинг дарвозамизга эса тепишади. Ўтган турда Кожога нисбатан фол бор эди ва пенальти белгиланиши керак эди. Бундай вазиятларда қандай пенальти белгилашмайди, билмадим тўғриси. Такрорларни кўриб чиқаман ва қандай қилиб пенальти белгиланмаганлигига ҳайрон қоламан. Мен балки футболни яхши тушунмасдирман. Ўша вазиятда рақиб футболчиси умуман тўпга ўйнамаганди-ку. Биринчи даврадаги "Пахтакор"га қарши ўйинимизда ҳам бизнинг дарвозамизга "даҳшатли" пенальти белгилашганди. Тўп футболчининг жимжилоғига тегиб кетгани учун 11 метрлик зарба тайинланганди. Ҳеч ким тушунмай қолганди, нега бундай қарор қабул қилинганига. VAR ҳам ўша вазиятни ярим соат давомида текшириб чиққанди. Ўзингиз кўряпсиз, сўнгги учта ўйинда учта пенальти. Тушунарсиз ҳолат. Балки "Пахтакор" номи футболчиларимга нотўғри таъсир қилгандир.
- Кейинги учрашув "Навбаҳор"га қарши ФИФА кунлари доирасида бўлиб ўтади. Ҳужум чизиғи етакчиси Жоэль Кожо катта эҳтимол билан Қирғиз Республикаси терма жамоасига жалб этилади. Кожосиз ўйнаш қийин бўлмайдими?
- Биз "Навбаҳор"нинг илтимосига йўқ демадик ва уларниг таклифига розилик билдирдик. Уларда Кубок баҳси бор эди. Биз Кожосиз ҳам ўйнагандик. Кожо қишдаги йиғинни ўтказиб юборганди. "Навбаҳор" таркибидаги кўпгина футболчилар ҳам терма жамоага чақирилиши аниқ. Бу нормал ҳолат. Бир футболчига боғланиб қолган жамоани профессионал жамоа деб қабул қилиш нотўғри. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Ғазода 2023 йил октябрь ойидан буён 17 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган...