16:49 / 18.10.2024
112

Сречко Катанецни танқид қилаётганларга Алишер Никимбаевдан "жавоб"...

Сречко Катанецни танқид қилаётганларга Алишер Никимбаевдан "жавоб"...
Таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўзининг телеграм каналида Катанец борасида обуначиси томонидан йўлланган саволга жавоб берди:

- Ассалому алайкум Алишер ака. Сизнинг Катанец борасида фикрингизни билишни хоҳлайман. Ҳозир кўплаб "ақлли" журналист ва блогерлар уни танқид қиляпти. Мен сизни футболда ҳақиқий профессионал мутахассис сифатида биламан ва менга сизнинг фикрингиз қизиқ.

"Катанец танқид қилинган ва ҳимоя қилинган кўплаб мақолаларга кўзим тушди. Катанец жамоамизга эҳтиёткор ва прагматик футбол сингдирди. У кам ҳолларда эксперимент ва ротация қилади ва бир хил таркиб билан ўйнашни афзал кўради. Ўз-ўзидан буни ёқтирмайдиган журналистлар ҳам бор.

Бироқ футболнинг мазмуни шуки, мураббийнинг меҳнати саралаш турнири давомида қанча футболчидан фойдаланганига қараб эмас, нечанчи ўринни эгаллаганига қараб баҳоланади. Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон миллий жамоаси эса 3-ўриндаги терма жамоадан 6 очколик фарқ билан ўз гуруҳида ишончли тарзда ТОП-2да кетмоқда. Мен мағлубиятсиз серия ҳақида гапирмаяпман. Қатар билан Осиё Кубогининг чорак финалидаги натижани мағлубият деб ҳисобласак ҳам, Катанец бошчилигидаги жамоа Мундиал саралаш турнирининг 10 та ўйинида ютқазмади — бунақаси тарихимизда содир бўлмаган.

Ҳа, тушунаман, Ўзбекистон миллий жамоаси Катанец бошчилигида мағлуб этган рақиблар қитъанинг энг яхши жамоалари рўйхатида йўқ. Аммо рақибларни мураббий танламайди ва биз ўзимиз ҳам жамоамизга қуръа ташлашда осонроқ рақиблар тўқнаш келишини хоҳлаймиз. Мисол учун, Австралия эмас, Қатар биз билан бир гуруҳда бўлишини ўзимиз хоҳлагандик.

Топ жамоалар билан ўйинларга келсак. Биз Японияни неча марта мағлуб этганмиз? Бир марта - аҳамиятга эга бўлмаган ўйинда. Жанубий Кореяни неча марта енгдик? Бир марта — 30 йил олдин. Ўшанда корейслар Осиё ўйинларига асосий таркиби билан келмаган эди. Эронни неча марта мағлуб этгандик? Бир марта. Яна 4 дуранг ва 10 мағлубият бор эди. Аммо Катанец қўл остида қаторасига 3 дуранг қайд этилди. Улардан бири камбэк бўлиб, биринчи бўлимдан сўнг жамоамиз 0:2 ҳисобида имкониятни бой бераётганди.

Ўз вақтида термамизнинг муаммоларидан бири сифатида иродали ғалабаларни қўлга кирита олмаслиги ҳақида ёзгандим. 25 йил давомида биз фақат битта мана шундай ўйин билан фахрланардик — 2005 йилнинг августида Кувайтга (3:2) қарши учрашув. Ҳозирги авлод (Катанецнинг ёрдами билан ёки йўқ) бу синдромни енгиб ўтгандек, гуё.

Ҳа, Катанецга омад кулиб боқди. У жаҳон чемпионати иштирокчилари сони ошган даврда Ўзбекистон миллий терма жамоасига келди ва энди ОФКда ТОП-4га эмас, ТОП-8га киришни ўзи кифоя. Шунинг учун, гуруҳимизда аввалгидек икки фаворит йўқ, фақат биргина Эрон бор.

Ҳа, Катанецнинг омади келди. Сабаби, у 2021 йилда Ўзбекистон миллий жамоасини қабул қилган ва биринчи жиддий турнирга бир йилдан кўпроқ вақт бўлди. 1992 йилдан кейинги даврда Рустам Акрамовдан бошқа Ўзбекистоннинг бирор мураббийида тайёргарлик, таркиб танлаш, тактика билан шуғулланиш учун бу қадар кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо Ўзбекистон "ЖЧ-2022" саралаш турниридаги иштирокини ҳар қачонгидан ҳам эрта якунлаганида Катанецнинг айби йўқ.

Бир журналистнинг ҳозирги Ўзбекистоннинг миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатининг финал турнирига чиқа олмаса, ҳеч нарса билан эсда қолмайди, деган фикрини эшитдим. Биринчидан, жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқади. Иккинчидан, ҳар биримиз ўзига хос хотираларга эгамиз. Масалан, 2011 йилги Осиё Кубогидан кимлардир Қатар устидан қозонилган ғалабани (2:0) эсласа, яна айримлар Австралиядан учралган мағлубиятни (0:6) ёдга олади. Ҳатто битта ўйин ҳам одамлар томонидан турлича эсланади. Баъзи футболчилар ўша баҳсда Австралиядан яхшироқ ўйнаганликлари ҳақида ҳалигача гапиришади.

Қандай бўлмасин, мен ҳозирги баҳсларнинг сабабларини тушунмаяпман. Катанецнинг кетишини ким хоҳлайди? Нимага сабаб билан? У натижа келтиряпти. Қолаверса, мураббийни оғир касал бўлиб қолган вазиятида ишдан бўшатиш ҳам нотўғри бўлади. Агар Катанецнинг ўзи шартномани бекор қилишга қарор қилса, бу — бутунлай бошқа масала", - дея Алишер Никимбаев ўз телеграм каналида ёзиб қолдирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сречко Катанецни танқид қилаётганларга Алишер Никимбаевдан "жавоб"...