23:45 / 18.10.2024
14

Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”ни “тупик”ка тиқиб қўйди!

Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”ни “тупик”ка тиқиб қўйди!
Франция чемпионати саккизинчи тури олдидан “Ланс” бош мураббийи Уилл Стилл кутилмаган масалага дуч келди. Мураббийлар штаби бу масалага тезроқ ечим топиши керак.

Гап шундаки, клубнинг сўнгги йиллардаги энг муҳим ўйинчиси Кевин Дансо соғлиғи билан боғлиқ муаммолардан тўлиқ қутилиб, яна сафга қайтди. Ҳимоя марказида орқа чизиқ ўйинчиларини маҳорат билан бошқариб келаётган австриялик тажрибали футболчи йўқлигида унинг ўрнини Абдуқодир Ҳусанов ўзиники қилиб бўлганди.

Айни пайтда битта нуқтага иккита зўр ўйинчи тўғри келиб қолди. Уилл Стилл кимни бошланғич таркибда ўйнатишни билмаяпти. Франция матбуоти бу масалани алоҳида эътибор билан ёритиб келмоқда.

Клемент Куртуа, lensois.com сайти эксперти:

Лига 1 8-тури олдидан Уилл Стилл муҳим танловни амалга ошириши керак. Жамоанинг барча марказий ҳимоячилари – Кевин Дансо, Жонатан Градит, Абдуқодир Ҳусанов, Факундо Медина ва Маланг Сарр яхши спорт формасида.

“Ланс” уч кишилик ҳимоя марказида Кевин Дансо ёки Абдуқодир Ҳусановдан фойдаланиш бўйича бир қарорга келиши керак.

Бош мураббий Уилл Стилл аввал-бошдан таркиб тузишда танлов имконияти кенглигини ва энг яхши тайёргарликка эга футболчилар майдонга тушишини таъкидлаган. Бундан ташқари, у Кевин Дансонинг етти ҳафта майдондан четда юргани, унга ўйин вақти ва ритми етишмаётганини ҳам инобатга олишини билдирди. Бу ҳолат ҳам таркиб танлашда муҳим аҳамият касб этади.

Қуйидаги муносабатдан келиб чиқиб эса, навбатдаги учрашувда Дансо ёки Ҳусановдан қай бири ўйнашини ҳозирдан тахмин қилиш мумкин.

- Кевин Дансо зўр ўйинчи. Абдуқодир Ҳусанов эса жуда-жуда зўр формада. Аввал айтганимдек, энг зўри ўйнайди. Таркибда алмаштириб бўлмас ўйинчи йўқ, ҳеч кимнинг жойи кафолатланмаган, - деди Уилл Стилл.

Сандрин Аррестье, lavoixdunord.fr сайти эксперти:

Ким кучли Дансоми ёки Ҳусанов? “Ланс” футболчиси Анжело Фульджини аввалига бу саволга жавоб беришдан қочди. Лекин биз яна сўраганимиздан кейин “Бу иккиси жуда зўр ҳимоячилар, уларни таққосласак, деярли тенг, лекин улардан қай бири кучлироқ эканини мен аниқлаб беролмайман”, деди.

Ортга қайтамиз. “Ланс” аввалдан Кевин Дансони сотиб юбориб, унга ўринбосар сифатида Ҳусановни олиб келган. Лекин австриялик ўйинчининг “Рома”га трансфери барбод бўлди. Юрагида нуқсон борлиги айтилган Дансога 4 октябрь куни футболга қайтишга рухсат берилди.

Энди Уилл Стилл Франция чемпионатининг энг яхши ҳимоя чизиғини ўзгартириши керак. Хўш, Жонатан Градит – Абдуқодир Ҳусанов ва Факундо Медина учлигидан қайси бири олиб ташланади?

Ҳусановни яна захира ўриндиғига қайтариб бўлмайди. Абдуқодир қисқа фурсатда ҳимоя чизиғи етакчисига айланиб бўлди. Ўзбек легионери бошчилик қилган учрашувларда “Ланс” енгилмади. Дансонинг фойдасига ишлайдиган факт шундан иборатки, Кевинсиз жамоа бирорта ғалабага эриша олгани йўқ.

Энди савол туғилади: бошланғич таркибда ким ўйнаши керак?

JEUNESFOOTEUX.COM сайти:

Кевин Дансонинг майдонга қайтгани Уилл Стиллга янги муаммоларни олиб келди. Австриялик ҳимоячи йўқлигида бир неча учрашувларда маҳоратини намойиш қилган Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”нинг энг яхши футболчисига айланиб қолганди.

Энди Уилл Стилл ўзбек футболчисини бошланғич таркибдан чиқариб ташлашини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Унинг зўр формада эканини мураббийлар штаби вакиллари ҳам алоҳида тилга олмоқда.

Биз Уилл Стиллга бошланғич таркибдан Жонатан Градитни чиқаришни таклиф қилсак қандай бўлади?

Ўтган мавсумда Градитнинг ўринбосари сифатида ҳимоянинг ўнг қанотида ҳаракат қилган Абдуқодир Ҳусанов бу позицияда ҳам жуда ишончли ўйнаган эди. Энди Кевин Дансони ҳимоя марказига қайтариш учун Ҳусанов ва Градит ўрнини ротация қилиш яхши самара беради. Бу ҳолат кейинги трансфер бозори вақтида Кевин Дансонинг бошқа клубга ўтказиб юборилгунича давом этиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”ни “тупик”ка тиқиб қўйди!