21:32 / 26.10.2024
50

Рақибни тор жойга қамаб қўрқитувчи "Барселона" ҳақида батафсил!

Рақибни тор жойга қамаб қўрқитувчи "Барселона" ҳақида батафсил!
"Барселона" ЕЧЛ доирасида бўлиб ўтган "Бавария"га қарши учрашувда юқори ҳимоя чизиғида ўйнагани билан кўп эътироф этилди. Қизиқарлиси, Флик бу борада энг яхши бўлган рақибга қарши ҳам агрессив босим ва дадил мудофаа вариантини танлади.

"Барса"нинг янги бош мураббийи журналистлар билан бўлган суҳбатда ўзининг ваҳший прессинг услуби ҳақида гапирди: "Мен ўзим бошқарган жамоаларга керакли пайтда рақибга босим ўтказишни афзал кўраман. Баъзан "Барселона"даги одатий ҳимоя чизиғидан ҳам юқорироқда бу ишни қиламан".

Флик алдамади. Вингерлар прессинг қилишни бошлайдиган янги модель мавсумолди ўртоқлик учрашувларидан буён қўлланиб келмоқда. Ойдан ойга унинг жамоаси кучайиб боради ва ҳимоя чизиғи юқорига кўтарилиб бораверади.

Кўриб турганимиздек, немис энг оғир паллаларда ҳам ўз ғояларидан воз кечмайди.

"Барселона" прессингидаги энг кўп эффект берувчи жиҳат - айнан юқори ҳимоя чизиғи. Бу рақибга босимни ошириб, ўйинчилар эркинроқ ҳаракат қилувчи зонада жойни, "кислород"ни камайтиради. Улар позицион ҳужум бошлаш учун эркинликка эга бўлмайди, хатолар эса кўпаяди.

Рақибларнинг тезкор қарши ҳужумларини олдини олишнинг энг яхши йўли эса - уларни "офсайд қопқони"га тушириш. Қарангки, клуб бу борада айни дам топ-5 чемпионатда энг яхши бўлиб турибди.

Фильтрларни сўнгги 10 йилликнинг энг яхшиларига ўзгартирсак, бу қанчалик юқори кўрсаткич эканлиги яна ҳам намоён бўлади. Фақатгина икки жамоа турли мавсумларда фақат икки бор рақибларни ўртача 5 маротабадан кўпроқ офсайд ҳолатига туширган. Албатта, ҳозирги Флик "армия"си иккинчи ўриндан катта фарқ билан олдинда.

"Барселона"нинг асосий мақсади рақибларни офсайдга тушириш эмас. Бу шунчаки кучли босим маҳсули ҳисобланади.

Бундай тактикага эталон сифатида Унаи Эмерининг "Астон Вилла"сини мисол қилиб кўрсатсак бўлади. "Астон Вилла" ҳам баланд ҳимоя чизиғига жойлашади, аммо рақибга тўғридан-тўғри босим уюштирмайди. "Барселона" эса ўзи ташкил қилган чизиқда рақибларга босим ўтказади ва уларни умидсизликка тушириб, тўпни олдинга тепиб юборишга ёки диагоналларга мажбур қилади.

Юқорироқда "офсайд қопқони" жумласини "Барселона"га нисбатан ишлатдик. Аслида, бу "Астон Вилла"га кўпроқ мос тушади. "Кўк-анорранглилар"да бу босим эвазига юзага келади (Таржимон версияси).

Хуллас, иккисида ҳам офсайдлар кўп, аммо акцентлар турлича.

"Барселона" учун офсайдлар прессинг қанчалик сифатли ишлаётганини кўрсатиб беради. "Бизнинг услубимиз юқори прессингдан иборат. Бундан рақиб ярим майдонида уларга жой бермаслик учун фойдаланамиз. Албатта, бунинг эвазига ортимизда бўш жой қолдирамиз - майдоннинг деярли тенг ярмини", - дея Фликнинг ўзи услуби ҳақида фикр билдирганди.

Фликнинг "Барселона"си чиндан ҳам топ даражада. Буни ҳар қандай статистика ўзида акс эттиради. PPDA кўрсаткичи бўйича "Барса" Ла Лигада биринчи, Европада эса иккинчи.

PPDA - (passes per defensive action) Бу майдоннинг қарама-қарши томонида ҳар бир ҳимоявий ҳаракат пайтида рақиб нечта узатма берганини акс эттирувчи статистика. Бу рақиб томонидан амалга оширилган паслар сонини, жамоа томонидан амалга оширилган ҳимоявий ҳаракатлар сонига бўлиш орқали ҳосил бўлади.

Қизиқарлиси, ушбу кўрсаткич бўйича пешқадам жамоа ("Монако) айнан "Барселона"ни жорий мавсумда мағлуб этган икки (Иккинчиси "Осасуна") жамоадан бири ҳисобланади (Таржимон версияси).

Босим вақтида узатмалар кам бўлиши табиий. Тушунтирадиган бўлсак, "Барселона" юқорида босим эвазига рақибнинг паслари сонини қисқартирганини ва бу борада Европада иккинчи эканлиги таъкидланди. Аммо прессинг пайтида рақибларни хато пасларга мажбурлаш алоҳида статистика. "Кўк-анорранглилар" мазкур статистика бўйича ҳам Европада иккинчи эканини эътироф этиш керак.

"Барселона" мумкин бўлган барча прессинг жабҳаларида энг яхшилар қаторида. Бу нафақат жасоратли, балки ўзгарувчан тактика ҳамдир. Бу рақибларга ўйинда пас беришда муаммоларни келтириб чиқаради ва хавф вужудга келиши мумкин бўлган зоналарда рақибни ишсиз қолдиради ёки улар офсайдда қолиб кетади. "Бизнинг фалсафамиз - юқори прессинг. Биз буни аллақачон жуда яхши ўзлаштирганмиз. Бутун жамоа ситқи дилдан меҳнат қилади. Жисмоний тарафлама ҳам барчамиз кучлимиз", - дея фикр билдирди Рафинья.

Флик бошқарувидаги жамоаларнинг асосий принципи марказий зонадаги умумий босим ҳисобланади. Ушбу зонага кирган ҳар бир рақиб эпизод якунига етгунча "қўриқчи"га эга бўлади. Унгача эса "Барса"нинг вингерлари торайиб, рақибнинг марказий ҳимоячиларига қарши ҳаракат қилади.


Левандовски ва унинг ортида ҳаракат қилувчи футболчи таянч ярим ҳимоячиларига қарши ҳаракат қилади.

Марказий зонада ҳамма индивидуал ҳаракат қилади, қанот ҳимоячилари эса йўналиш бўйича. Агар ҳужум Бальде қанотига ўтса, у олдинга силжийди, Кунде эса марказий ҳимояга қайтади - ёки аксинча.

Шунингдек, керак бўлса, Левандовски ўзи бириктирилган таянч ярим ҳимоячига охиригача прессинг уюштиради. "Охиригача ўйнаш" қоидаси ҳамма учун амал қилади.

Агар рақиб босимни ҳис қилса ва тезлик билан олдинга силжиса, ҳимоя майдон марказига жойлашади. Рақиб босим остида ҳам пас ўйнашга тайёр бўлса, ҳимоя яна ҳам юқорироққа кўтарилади (сезиларли даражада).

Босим зонасидаги ушбу тартиб эвазига Каталония гранди майдонда максимал ихчам схемада жойлашади, рақиб учун эса бу - клаустрофобия (тор ҳудуддан қўрқув).

Флик одатда барча рақибларга қарши бир хил моделда ўйнайди, аммо уни ижрочилар орқали тартибга солади. Рафинья - Марсело Бьелса прессинг мактаби битирувчиси ҳисобланади ва мазкур схеманинг асосий юлдузи ҳам.

"Рафа исталган ҳужум позициясида ўйнай олади. Ҳужумчи орти ёки қанотларда. Биз унинг позициясини ўзгартириб турамиз. Рафинья билан бизнинг прессинг ғоямизни амалга ошириш осонроқ кечади", - дея тушунтирганди Флик.

"Барса"нинг прессинги ўта жасоратли ва ажойиб тарзда йўлга қўйилган, аммо идеал эмас. Бу каби жасорат билан маълум миқдордаги қарши ҳужумларга таяниш керак. Флик донолиги билан босимнинг зараридан фойдаси кўпроқ бўлишига "пул тикмоқда". Бундай ўйин ҳар икки томоннинг ҳам "йўлини очади", аммо кўпроқ фойдани "Барселона" олмоқда. Ҳозирча бу жорий мавсумда катта риск қилинган ва энг кўп иш бераётган энг яхши тактика ҳисобланади.

Муаллиф: Вадим Лукомский (sports.ru)
Карим Худайқулов таржимаси

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рақибни тор жойга қамаб қўрқитувчи "Барселона" ҳақида батафсил!