Фото: Getty images
Бугун футбол оламида йилнинг энг нуфузли индивидуал соврини — «Олтин тўп» ўз эгасига топширилади. «France Football» ва УЕФА бундан буён ҳамкорликда тақдим этишни режалаштирган ушбу унвонни бугун ҳеч қачон унда ғолиб чиқмаган кимдир қўлга киритади ва бу футболда узоқ йиллар давом этган қўшҳокимликнинг батамом якуни сифатида тарихга киради.
Қарийб икки декада давомида Криштиану Роналду ёки Лионел Месси «Олтин тўп» учун асосий даъвогарларнинг кенгайтирилган рўйхатига киритилиб келинарди. Бу галги сўнгги 30 номзод орасида улар кўриниш бермади ва катта эра шу билан якунига етди.
Уларнинг рўйхатда эмаслиги натижасида, бу йилги энг яхши футболчини аниқлаш маросими олдидан номзодлар сифатида одатда ўрганганимиздан ҳам кўпроқ номлар жаранг сочмоқда. Ва уларнинг ҳар бирида футболдаги энг катта индивидуал совринни ютиш учун ўз сабаблари бор.
Винисиус Жуниор
«Реал»нинг бразилиялик футболчиси дастлабки мавсумлардаги оғир дамларни бардош билан босиб ўтгани эвазига бугунги таркибнинг асосий етакчиси ва юлдузларидан бирига айланди. Карим Бенземанинг жамоадан кетиши ҳужум марказини ожизлаштириши ва бу мавсум давомида «қироллик клуби»га панд бериши кўп бора тахмин қилинди. Бироқ Вини Анчелотти ўйлаб топган ечимга муваффақиятли мослашди ва шериги Родриго билан ажойиб тандемни юзага келтирди. Таъкидлаш керакки, бу икки футболчининг муваффақиятли боғлами мадридликларнинг ўтган мавсумдаги ютуқларига асос бўлиб хизмат қилди.
Вини якунига етган мавсумда клуби сафида 39та учрашувда майдонга тушиб, 24та гол ва 11та ассист амалга оширди. Мавсум давомида бир неча ойларни жароҳат сабаб ўтказиб юборган ҳужумчи якуний паллада юқори формада жамоа ихтиёрида бўлди. Мавсумнинг ҳал қилувчи ўйинларида эса Винисиус Жуниорни тўхтатиб бўлмади. Испания Суперкубоги финалидаги «класико»да ҳет-трик қайд этди. УЕФА Чемпионлар Лигаси плей-оффининг ҳар бир босқичида жамоасининг камида битта голида иштирок этди. Жумладан, «Бавария»га қарши илк учрашувдаги дубли ва финалда урган голи «қаймоқранглилар»нинг 15-титулни қўлга киритишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Хўш, бундай мавсум ўтказган «монстр»ни «Олтин тўп»ни ютишдан нима тўхтата олади? Миллий жамоадаги муваффақиятсиз мавсум. Бразилия миллий жамоасини Неймарсиз Америка Кубогига бошлаб тушиши ва чемпионлик учун курашда етакчи сифатида жамоани тортиб бориши кутилган Винисиус, амалда, кутилмаларни оқлаб бера олмади. Мавсум давомидаги ўртоқлик учрашувларида кузатилган голсиз серия етмаганидек, Копа Америкада 24 ёшли ҳужумчи жамоаси муваффақиятсизлигидаги бош айбдорлардан бирига айланди. Умуман, гуруҳ босқичида «пентакампеонлар» фақат битта учрашувда ғалабага эришди ва ўша Парагвайга қарши учрашувда Вини дубл қайд этди. Қолган икки учрашувда голда иштирок этмагани ва жамоаси дуранг ўйнаганини ҳазм қилиш мумкиндир, лекин 3та ўйиннинг 2тасида сариқ карточка олиб, чоракфинал баҳсида Уругвайга қарши тўқнаш келган жамоасига ёрдам бера олмагани унинг манзилига бразилиялик мухлисларнинг норозилигини алангалатиб юборди. Дарҳақиқат, ушбу беллашувда уругвайликлар пеналтилар сериясидаги ғалаба эвазига яримфинал йўлланмасини қўлга киритдилар.
Жуд Беллингҳем
«Реал»да турлича дебют амалга оширган футболчиларни кўрганмиз, лекин энг яхши юлдузларга ҳам доим бу клубда қийин бўларди. Жуд Беллингҳем эса юқоридагилардан истисно қилинадиган, бошқача даражадаги футболчи эканлигини дастлабки мавсумидаёқ кўрсатиб бера олди. Уни ўтган ёзда жамоасига олиб келган пайтда Карло Анчелоттининг махсус режаси бўлган экан ва бу иш берди. Ҳужумдаги икки дўсти ортида туриб, уларни дирижёрдек бошқариб турган англиялик футболчига дарвозага яқинроқ ҳолатда ўйнаш хуш ёқди ва буни унинг статистикаларида ҳам кўришимиз мумкин. Клуби сафида ўтган мавсумда ўтказган 42та учрашувида 23 маротаба рақиб дарвозасини ишғол этган бўлса, 13 марта жамоадошлари голига ҳаммуаллиф бўлган.
Юқоридаги рақамларнинг аксар қисми мавсум аввалида тўплаб олинди ва кампаниянинг ўрталарига бориб, Анчелотти Жуднинг креативлик чегараларини бироз чеклашга қарор қилди. У майдон марказида ҳам шерикларига ёрдам бериши керак бўлди ва табиийки, бу унинг таблоларда камнамо бўлиб қолишига сабаб бўлди. Ўз навбатида, узун-узун қадамлари билан росманасига Зиданни эслатиб юборадиган ва бутун майдон бўйлаб катта кўламдаги ишларни бажарадиган бу «машина»га фақат гол ёки ассистлари билан баҳо бериш ўта кетган адолатсизлик бўларди.
Винидан фарқли равишда, Беллингҳем миллий жамоаси сафида ҳам анчайин муваффақиятли мавсум ўтказа олди. Ҳа, улар барибир Евро финалида зафар қуча олмадилар, аммо 21 ёшли футболчининг Словакия дарвозасига сўнгги сонияларда чалқанча услубда урган голи бўлмаганда, Жуднинг узун оёқлари ўша ҳаводаги тўпни ушлаб қолмаганда, Гарет Саутгейт бир мунча фарқли кайфиятда «уч шерлар» постини тарк этарди.
У ниманинг эвазига Винидан ортда қолиши мумкин? Энг муҳим ўйинларида жамоадош дўстидек ёрқин порлай олмагани билан. Ҳа, юқорида айтиб ўтганимиздек, унинг майдонда қиладиган ишлари кўп ва ҳадеганда унинг меҳнатини телеэкран орқали англаш мумкин, бироқ тан олиш лозимки, Винисиуснинг энг муҳим учрашувларда кўрсатган даражасига Беллингҳемнинг ўйинини ҳам солиштира олмаймиз.
Родри
Бундан аввалги мақолаларимизнинг бирида таъкидланганидек, «Манчестер Сити» ўтган мавсум 5та учрашувда мағлуб бўлди ва уларнинг 4тасида Родри ўйин қайдномасига киритилмаганди. Мана шу статистиканинг ўзи ҳам испаниялик яримҳимоячининг «шаҳарликлар»нинг бир неча йиллик муваффақиятларида қандай ўрин тутганини кўрсатиб беради.
«Манчестер Сити» дунёнинг энг қийин лигаси дея таърифланадиган Премьер-лигада Артета томонидан барқарорлаштирилган «Арсенал» ва Юрген Клоппга хайрлашув совғаси қилиб АПЛ кубогини тақдим этиш иштиёқидаги «Ливерпул» билан курашда ғолиб чиққан ҳолда зафар қучди. Бундай узоқ вақт давомида ўтказиладиган ва кўплаб ўйинларни ўз ичига олган лига типидаги мусобақалар нафақат клубларнинг, балки футболчиларнинг ҳам барқарорлик даражаларини белгилаб беради. УЕФА Чемпионлар Лигасида ҳам «Сити» бўлғуси ғолибларга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди, холос.
Бундан ташқари, Родри Европа чемпионатининг ҳам бош қаҳрамонларидан бирига айланиб, кўпчилик асосий фаворитлар сафига қўшмаган, асосан, ёшлардан таркиб топган Испанияни чемпионлик сари етаклашга муваффақ бўлди ва ҳақли равишда турнирнинг энг яхши футболчиси, дея эътироф этилди. Марказдаги ишлари кўлами ўз йўлига, лекин унинг нимчоракфиналда Гуржистон дарвозасига урган ҳисобни тенглаштирувчи голининг аҳамияти фавқулодда юқори эди, назаримда. Боиси, ўта мураккаб паллада, жарима майдони ташқарисидан бор масъулиятни бўйнига олиб дарвоза томон зарба йўллаб, танаффусгача ҳисобни тенглаштиришга эришган сардор жамоадошларини 2-таймдаги муқаррар босимдан қутқарганди.
Клуби сафида 50та учрашувда 9та гол, 14та голли узатма амалга оширган футболчини «Олтин тўп»ни ютишдан нима тўхтатиб қолиши мумкин? Таянч яримҳимоячиси эканлиги!
Дани Карвахал
Айрим мутахассислар, агар бугун оқшомда Дани Карвахал «Олтин тўп»ни юта олмаса, ушбу соврин учун курашдан ҳимоявий футболчиларни бутунлай чиқариб юборса ҳам бўлаверишини айтишмоқда. Ва биласизми, улар ҳақ. Дани ўз позициясида бир футболчи нима қила олиши мумкин бўлса, барчасини амалга оширди.
Клубдошларидан фарқли равишда у қитъавий нуфузли мусобақада ғалабага эришди, миллий жамоадаги шерикларидан фарқли жиҳати эса УЕФА Чемпионлар Лигасида зафар қучди. Яна қандай?! «Реал» мухлисларини хавфли ҳужумлари билан анча чўчитиб қўйган «Боруссия Дортмунд»га қарши беллашувда шахсан ўзи ҳисобни очган тарзда. Унинг бурчак зарбасидан узатилган тўпни дарвозаларига жойлаб қўйганини кўргач, дортмундликларнинг ҳафсалалари пир бўлиб кетди ва ушбу кайфият тез орада иккинчи голнинг ҳам ўтказиб юборилишига олиб келди.
Вини ва Беллингҳемдан фарқли равишда Дани мавсумни деярли жароҳатларсиз ўтказди. Ҳимоядаги ишончли ҳаракатларига қўшимча равишда ҳужумларга ҳам фаол қўшилиб, Вини ва Родригонинг марказлаштирилиши ортидан бўшаб қолган қанотларни тўлдиришга муваффақ бўлди. Олд чизиқдаги ҳаракатлари эвазига мавсум давомида қанот ҳимоячиси учун 41та учрашувда 6та гол ва 5та ассист — ажойиб кўрсаткич.
Юқорида бугун оқшомда «Олтин тўп»ни ростдан ҳам ютиши мумкин бўлган нозмодлар ва уларнинг мавсум давомида қилган ишлари ҳақида сўз юритдик. 2023/2024 йилги мавсумда Килиан Мбаппе, Фил Фоден, Эрлинг Ҳоланд ва Ламин Ямал каби футболчилар ҳам ажойиб ўйин кўрсатишди, бироқ бугун уларнинг олий совринга эга чиқиши қийин масала.
Абдулбасит Валихонов
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Starlink учун яна 20 та сунъий йўлдош орбитага учирилди
Баҳодир Жалолов: “Менга чемпионлик жангини беришса, ҳар қачон уни бажонидил қабул қиламан”