16:54 / 26.11.2024
14

Ўзбекистон тарихидаги энг яхши авлод: миллий жамоасини мундиалга етаклаётганлар ҳақида

Ўзбекистон тарихидаги энг яхши авлод: миллий жамоасини мундиалга етаклаётганлар ҳақида
Ўзбекистон терма жамоаси мундиал саралашининг 3-босқичини муваффақиятли ўтказмоқда. “Championat” нашри ушбу натижаларга ҳисса қўшаётганлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Кўринишидан, Ўзбекистон терма жамоаси тарихдаги энг кучли авлодни етиштирди. Сўнгги Осиё Кубогида жамоа чорак финалга қадар етиб борди ва фақат пенальтилар сериясида мусобақа ғолиби бўлган Қатар терма жамоасига имкониятни бой берди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон илк бор Олимпиада ўйинларига йўлланма олди. Ҳа, плей-оффга чиқишнинг имкони бўлмади — терма жамоа гуруҳ босқичида бор-йўғи бир очко жамғарди. Аммо биринчидан, рақиблар жуда кучли эди: ярим финалга чиққан Миср ва мусобақа ғолиби бўлган Испания жамоалари. Иккинчидан эса, Ўзбекистоннинг Олимпиадада қатнашганининг ўзи улкан муваффақият ҳисобланади.

Мураббий Катанес: Словения билан тарих ёзган мураббий энди тажрибасига таянган ҳолда натижа кўрсатмоқда

Ҳозирда Сречко Катанес бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш учун кураш олиб бормоқда. Жамоа саралаш босқичида максимум 18 очкодан 13 тасини жамғариб, ҳозирча ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Айнан иккинчи ўрин мундиалга тўғридан-тўғри йўлланма беради. Албатта, ҳали иш якунига етгани йўқ. Олдинда тўрт учрашув бор ва Ўзбекистон мутлақо бўшашмаслиги керак. Учинчи ўриндаги БАА терма жамоаси Катанес жамоасидан атиги уч очкога ортда қолмоқда. Гуруҳдаги вазият бир неча бор ўзгариши мумкин.

Шундай бўлса-да, Ўзбекистон терма жамоасининг асосий қаҳрамонларини ҳозирданоқ ажратиб кўрсатиш мумкин. Улар ЖЧ саралашида ярим йўлни босиб ўтди. Аммо шубҳа йўқки, улар ўз олдиларига қўйилган вазифани уддалай олишади ва 2026 йилги мусобақага йўлланма олади.

Фото: Getty Images
Жамоада энг зўр футболчилар авлоди бўлмасин, асосий савол — улар кимнинг қўл остида бўлиши. Ўзбекистон терма жамоасини 2021 йилдан буён словениялик мутахассис Сречко Катанес бошқариб келмоқда. Ўз даврида у эътиборга молик футболчи бўлган: Югославия терма жамоаси, “Штутгарт” ва Чемпионлар Кубоги финалигача етиб борган “Сампдория” клубларида тўп сурган. Футболчилик фаолиятини якунлагач, дарҳол мураббийликка киришган ва унинг асосий йўналиши миллий терма жамоалар билан ишлаш бўлган.

Катанеснинг мураббийлик фаолиятида бор-йўғи иккита клуб бор: Словениянинг “Горица” клуби ва Грециянинг “Олимпиакос”и. Аммо у бешта терма жамоани бошқарган: Ўзбекистон, Ироқ, БАА, Шимолий Македония ва Словения. Мураббий Сречко Словенияни икки бор бошқарган: 1998 йилдан 2002 йилгача ва 2013 йилдан 2017 йилгача. Иккинчи марта жамоа билан ишлаш унинг учун унчалик омадли бўлмади: Словения на Евро, на ЖЧга йўлланма олган. Лекин биринчи даври жуда муваффақиятли ўтган: унинг бошчилигида Словения Евро—2000 ва ЖЧ—2002 мусобақаларига йўлланма олган. Бу мустақил Словения учун Югославия давлати парчалангандан кейинги илк йирик турнирлар эди.

Терма жамоани бошқариш ва йирик мусобақаларга тайёргарлик — бу алоҳида маҳорат талаб қиладиган иш. Бу клуб мураббийлигидан буткул фарқ қилади ва Сречко Катанес бу борада тажрибали инсон. Қолаверса, у Ўзбекистондан олдин Яқин Шарқ давлатларида ишлаш тажрибасига эга. Хусусан, у 2019 йилда Ироқ терма жамоаси билан Осиё Кубогида плей-офф босқичига чиқишга муваффақ бўлган: 1/8 финалда унинг жамоаси мусобақа ғолиби бўлган Қатарга имкониятни бой берган. 2024 йилда эса Катанес бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ҳам худди шу жамоага қарши курашда мағлуб бўлди, лекин бу сафар чорак финал босқичида.

Катанес Словения терма жамоасининг тарихида жамоани йирик мусобақаларга олиб чиққан мураббий сифатида ном қолдирди. Энди эса Ўзбекистон терма жамоаси тарихида шундай ўрин эгаллаш вақти келди.

Ҳимоячи Ҳусанов: Франция чемпионатининг янги юлдузи

Фото: “ЎФА”
Қизиқ савол: сайёрамизда 29 февраль куни туғилган одамлар кўпроқми ёки 19 ёшида Беларусь чемпионатидан Франция чемпионатига ўтиб, тезда ўзини кўрсата олганлар? Аниқ жавоб йўқ, аммо битта шахс бор, у иккала ҳолатда ҳам ўзига хосдир. Бу — Абдуқодир Ҳусанов.

Бугунги кунда Ҳусанов Лига-1 нинг энг истиқболли ҳимоячиларидан бири саналади. “Ланс” уни ўтган мавсум бошида Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубидан сотиб олди ва, кўринишидан, катта ютуққа эришди. Абдуқодирнинг биринчи мавсуми асосан мослашишга кетди: у кўп ўйин ўйнамади (чемпионатда 11 та, Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасида иккита учрашув). Лекин ҳозирда Ўзбекистонлик ҳимоячи асосий таркибнинг муҳим ўйинчисига айланди. У юқори сифат кўрсатмоқда, тез суръатда ўсмоқда ва нархи ошиб бормоқда.

Ҳусанов терма жамоада ҳам, клубда ҳам марказий ҳимоянинг асосий бўғини ҳисобланади. Футболчи терма жамоада ҳам клубидаги каби уч марказий ҳимоячи схемасида ўйнайди. Одатда у билан бирга “Рубин” (Россия) ўйинчиси Рустам Ашурматов ва Туркиянинг “Ризеспор” жамоаси ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов сафга чиқади. Ўзбекистон ЖЧ саралаш босқичида ўтган 6 та учрашувда атиги 5 та гол ўтказиб юборди. Шунингдек, 4 та ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Бу, албатта, бутун жамоанинг меҳнати. Аммо ушбу натижада марказий ҳимоя чизиғининг роли жуда катта. Ҳусанов ва унинг шериклари ҳимояда ишончли ўйнаб, жамоанинг муваффақиятида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳусанов — физик жиҳатдан кучли ва келажаги порлоқ марказий ҳимоячи. Абдуқодир Ҳусановнинг жисмоний имкониятлари ақл бовар қилмас даражада. 20 ёшида у курашларда ўзини мукаммал кўрсатмоқда, ҳатто Лига 1 атлетлари учун уни жойидан силжитиш осон эмас. Ёш бўлишига қарамай, Ҳусанов аллақачон катта тажрибага эга. У Беларуснинг "Энергетик" жамоасида бир ярим мавсум ўйнади, ҳозир эса “Ланс”нинг асосий таркибида доимий ўйнаяпти. Бундан ташқари, Ҳусанов Сречко Катанес ва “Ланс” бош мураббийи Уилл Стилл билан ишлаяпти, бу эса унинг тажрибасини ошириш учун ажойиб мактаб бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳусанов Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан Осиё Кубогида ғалаба қозонган ва Олимпиадада қатнашган. 2024 йил бошида ўтказилган катталар ўртасида Осиё Кубогида у учта учрашувни тўлиқ ўтказди, лекин Қатар билан чорак финал баҳсини сариқ карточкалар лимити сабаб ўтказиб юборди. ЖЧ саралашида эса Ҳусанов доимий равишда асосий таркибда майдонга тушмоқда. 20 ёшида у аллақачон катталар терма жамоаси учун 18 та ўйинда қатнашган.

Осиёда янги топ марказий ҳимоячи етишиб чиқмоқда. Ҳусанов аллақачон кўп нарсани уддалаяпти ва келажакда янада кучлироқ бўлишга ваъда бермоқда. Демак, Осиёда фақат Ким Мин Жаэ билан чекланмаймиз!

Аббосбек Файзуллаев: Ўзбекистон терма жамоасининг асосий эстетика устаси

Фото: “ЎФА”
Абдуқодир Ҳусановдан фарқли ўлароқ, Аббосбек Файзуллаев ҳозирча топ лигаларда ўйнамайди. Бироқ унинг истеъдоди йирик чемпионатлар даражасини кўтаришга қодир эканини кўрсатмоқда. Файзуллаев “ЦСКА”да барқарор ўйнаб, ўзини кўрсатмоқда. У аста-секин Ўзбекистон терма жамоасининг ҳужум чизиғида лидерга айланмоқда. Унинг Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси деб тан олинишининг боиси ҳам шунда.

“ЦСКА”даги кутилмаган ёрқин биринчи мавсумдан сўнг, Файзуллаев “иккинчи мавсум синдроми” қурбонига айланиб қолиши мумкин деган хавотирлар пайдо бўлди. Аммо бу хавотирлар ўзини оқламаяпти. Ёзда Олимпиадада қатнашгани сабаб клубга кечроқ қўшилган Файзуллаевга формага кириш учун вақт керак бўлди. Лекин тикланиши билан у яна аввалгидек ёрқин ва самарали ўйин кўрсатишни бошлади.

Файзуллаев ва Ҳусанов — Ўзбекистон футболининг янги тўлқинидаги етакчи иқтидорлари. Агар Ҳусанов марказий ҳимоячи сифатида рақиб ўйинини бузувчи ролни бажарса, Файзуллаев аксинча — ижодкор. У доимо тўпга интилади, дриблинг қилади, дарвозага зарба беради ва гол уради. У ўйин қуради ва мухлислар учун томоша ярата олади. Файзуллаев — Ўзбекистон терма жамоасининг асосий эстетика устаси!

Аббосбек Файзуллаев ЖЧ саралаш босқичида ҳам асосий тўпурарлардан бири. У учта гол урди, ва уларнинг барчаси ноябрь ойига тўғри келди. Қатарга қарши ўйинда иккита гол киритди, иккаласи ҳам бош билан! Бунинг устига, унинг бўйи бор-йўғи 170 см. Учинчи голни эса КХДР дарвозасига йўллади. Ушбу голлардан олдин Файзуллаевнинг миллий жамоа сафидаги сўнгги голи январь ойида бўлиб ўтган Осиё Кубогида, 1/8 финалда Таиланд дарвозасига урган ғалаба тўпи эди.

Бугунги кунда Файзуллаев билан боғлиқ асосий хавотир — унга ҳаддан ташқари кўп юклама бермаслик. Осиё Кубогида қатнашгани сабаб, у қишки таътилни тўлиқ ўтказмади. Ёзда эса Олимпиадада иштирок этгани учун яна бир таътилни бой берди. “ЦСКА”да ҳам мунтазам равишда ўйнаётганини инобатга олсак, бу ёш футболчи учун жисмоний юклама жуда катта.

Шунга қарамай, Файзуллаев ҳозирча барча талабларни муваффақият билан уддаламоқда. Унга муваффақиятли темпни сақлаб қолишни, энг яхши ёш футболчидан Осиёнинг энг яхши футболчисига айланишни тилаб қоламиз. Унда мақсадларига эришиши учун барча имкониятлари мавжуд!

Элдор Шомуродов ҳали ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг асосий юлдузи

Фото: Getty Images
Ўзбекистоннинг янги авлод юлдузлари жуда кучли, аммо улар ҳали ўз кучини тўлиқ намоён этгани йўқ. Элдор Шомуродов эса аллақачон шаклланган уста футболчи. Файзуллаев ва Ҳусанов каби кўплаб талантларга эга бўлса-да, Шомуродов ҳозирда Ўзбекистон терма жамоасининг энг катта юлдузи бўлиб қолмоқда.

Турли қийинчиликларга қарамай Шомуродов Италияда ўз ўрнини эгаллаш учун курашишда давом этмоқда. Италияда муваффақиятга эришиш учун имконият кўп, аммо ҳамма ҳам у ерда мослашиб кета олмайди. Элдор “Рома”дан ижара асосида “Специа” ва “Кальяри”га ўтган. Шу ёзда эса Римда қолди. “Рома” эса асосий таркибда ўйнаши учун Артем Довбикни олиб келди. Шунга қарамай, Шомуродов ўйин вақтини қўлга киритиб, ундан максимал даражада фойдаланмоқда. У Италия чемпионатида 79 дақиқа ўйнади ва 1 гол ва 1 голли узатма ўз ҳисобига ёзиб қўйди.

Италия чемпионатида қандай ҳолат кузатилишидан қатъий назар, Ўзбекистон терма жамоасидаги Шомуродовнинг ўрни шубҳасиздир. У терма жамоанинг сардори ва етакчиси. Айнан у Ўзбекистоннинг Олимпиададаги илк голини урган футболчи. Афсуски, Элдор охирги Осиё Кубогида жароҳат сабаб иштирок эта олмади. Агар у майдонга тушганида, эҳтимол Ўзбекистон янада узоққа бориши мумкин эди.

Шомуродов, албатта, талантли футболчи, аммо уни даҳо спортчига тенглаштириш қийин. Бироқ у Италияда ўрнини топиб, ўйин имкониятини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда ва ҳеч қачон ўз ўйинидан қониқиш ҳосил қилиб тўхтаб қолмайди. Элдор – курашчи ва меҳнаткаш футболчи. Унинг футбол ўйнаш маҳорати билан бирга, терма жамоага зарур бўлган кураш руҳини пайдо қила олади. Бундай футболчи ёнида ўйнаш ва ҳатто машғулот ўтказиш жуда яхши мактаб вазифасини ўтайди. Шомуродов ёш ўзбекистонлик футболчилар учун юксак намунадир.

Элдор Шомуродов аллақачон Ўзбекистон терма жамоаси тарихидан жой олди. У миллий жамоа сафида энг кўп гол урган футболчи саналади. Аммо агар у жамоага 2026 йилда ЖЧ саралашида ёрдам бериб, мундиалда жамоани майдонга сардор сифатида олиб чиқса, унинг исми Ўзбекистон терма жамоаси тарихида янада ёрқинроқ бўлади.

Остон Ўрунов: фаолиятини қайта қурди ва универсаллиги билан ажралиб туради

Фото: Getty Images
Машҳхур дўкондан ҳаридлар билан тушилган фотосурат, “Спартак”дан кетиш ва “Урал”да қисқа муддатли фаолиятдан сўнг, Остон Ўрунов карерясини ажойиб тарзда қайта яратди. Кўпчилик уни аллақачон четга улоқтирган эди, аммо 23 ёшли Остон яна майдонда нималарга қодирлигини кўрсатмоқда.

Ўрунов — Эрон чемпиони. “Урал”дан кейин у Ўзбекистоннинг “Навбаҳор” клубида ўзини топди, кейин эса “Персеполис”га ўтди. Бу Эроннинг икки асосий клубидан бири бўлиб, Остонга тезда асосий ўйинчига айланиш имкониятини берди. 23 та ўйинда у саккизта гол урди. Маълумот учун, Ўруновнинг жамоадоши бўлган Жалолиддин Машарипов эса Эроннинг яна бир асосий клуби “Истиқлол”да ўйнайди.

Остон Ўрунов терма жамоада қанот ҳужумчиси сифатида ёки марказий ҳужумчи позициясида ўйнайди. У — кўп қиррали футболчи. У нафақат кийим танлашда, балки майдонда ҳам ўзини кўрсатмоқда. Унинг терма жамоадаги асосий эсда қоладиган ўйинларидан бири бу Қирғизистонга қарши учрашув ҳисобланди. Мундиал саралашидан ўрин олган ўша учрашувда Шомуродовдан тўпни қабул қилиб олган Остон икки ҳимоячини алдаб ўтиб дарвозани ишғол қилган эди. Натижа — 3:2, Ўзбекистон регионал дербида ғалаба қозонади.

Остон ўзининг ўйинини топгани яхши бўлди. Жуда кўп ёш ва талантли футболчилар нотўғри йўл тутиб, ўз имкониятларини йўқотади. Бир пайтлар Остонда ҳам шундай хавф туғилган эди. Аммо, кўриниб турибдики, у тўғри йўлни топди.

Эркин Ғайбуллаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон тарихидаги энг яхши авлод: миллий жамоасини мундиалга етаклаётганлар ҳақида