Италия чемпионатининг 21-турида “Рома” ва “Женоа” ўзаро учрашди. “Олимпико” стадионидаги учрашув мезбонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
“Рома” А Сериянинг жорий мавсумидаги еттинчи ғалабасини нишонлади. Ушбу ўйинда Элдор Шомуродов 85-дақиқада майдонга туширилди.
Рим клуби фаолиятини ёритиб келаётган laroma24.it сайти экспертлари пойтахт клубининг ўйинини қуйидагича баҳолади.
Миле СВИЛАР 6:
Барқарор ўйнади. Рақиб футболчиси Патрицио Мазини гол урган вазиятда зарба ўта кучли чиқди ва уни қайтариш имкони бўлмади.
Жанлука МАНЧИНИ 6:
Тажрибали ҳимоячи анча хотиржам ўйнади, лекин айрим вазиятларда рақибга қаршилик қилишга кеч қолди.
Матс ХУММЕЛЬС 6:
Немис футболчиси учрашувда яхши ўйнади, бироқ 76-дақиқада Клуадио Раньери уни захирага олиб, Пизиллини туширди ва тактикани ўзгартирди.
Николо ПИЗИЛЛИ 6:
Ҳужумни кучайтира олди, бир вазиятда ўзи ҳам дарвозани ишғол қилиши мумкин эди. Лекин ёш ҳужумкор футболчи имкониятни бой берди.
Эван НДИКА 6,5:
Дастлаб уч ҳимоячи орасида энг зўри бўлди. Кейин Раньери тўрт ҳимоячи билан ўйнашга қарор қилганида ҳам ўзини кўрсатиб турди.
Алексис САЛЕМАКЕРС 6:
Бу гал Алексис порлагани йўқ, чарчаб қолгани сезилди. Бир марта Пеллегринини қулай вазиятга чиқарди.
Ману КОНЕ 6:
Тиним билмас ярим ҳимоячи бу гал ҳам фаол ўйин кўрсатди ва римликларнинг рақиб ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйган учинчи голида иштирок эди.
Леандро ПАРЕДЕС 6:
Биринчи бўлимни жуда бўш ўтказди, рақиб ҳисобни тенглаштиришида унинг ҳам айби бўлди. Кейин анча фаоллашди.
АНЖЕЛИНО 6,5:
Бу футболчи ҳужум қилишда бирорта хатога йўл қўйгани йўқ. Рақибни таъқиб қилишда ҳам совуққонлик билан ҳаракат қилди.
Пауло ДИБАЛА 7:
Аргентиналик юлдуз гол урмаган бўлса-да, майдонда энг зўри бўлди. У жамоадошларини ғалаба сари етаклади дейиш мумкин.
Матиас СУЛЕ 6:
Дибала ўрнига майдонга тушиб, бир неча дақиқа ўйнаганига қарамай, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди.
Лоренцо ПЕЛЛЕГРИНИ 5.5:
Баҳсни яхши бошлади. Артём Довбикнинг голида иштирок этди. Лекин “Рома” дарвозаси айнан унинг айби билан ишғол қилинди. Танаффусда ўрнини Эл-Шааравига бўшатиб берди.
Стефан ЭЛ-ШААРАВИ 7:
Иккинчи бўлимни тўлиқ ўтказган Стефан жуда фаол ўйнади ва гол уриб жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди
Артём ДОВБИК 6:
Битта вазиятга эга бўлди ва ундан унумли фойдаланди. Умумий ўйини яхши чиқмади. Ўрнини Шомуродовга бўшатиб берди.
Элдор ШОМУРОДОВ 6:
85-дақиқада майдонга тушган ўзбек футболчиси жамоасининг сўнгги дақиқалардаги ҳужумларида фаол иштирок этди. Бироқ самарали ҳаракатларни амалга оширишга вақт етмади.
Клуадио РАНЬЕРИ 6,5:
“Рома” ғалаба қозонди. Раньери учрашув давомида ғалабани таъминлаш учун ўйинчи танлаш қобилиятини яна бир бор намойиш қилди. Рим клуби нега айнан бу мутахассисга ишонч билдиргани тобора ойдинлашиб бормоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар