08:14 / 11.02.2025
9 789

Англия, Ҳусановни яхшилаб таниб ол! Унинг учта “лақаби”ни айтишди...

Англия, Ҳусановни яхшилаб таниб ол! Унинг учта “лақаби”ни айтишди...
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”дан “Манчестер Сити”га кўчиб ўтганидан бери турли муҳокамалар марказига тушиб қолди.

Айниқса, ижтимоий тармоқларда футболчимиз ҳақида жуда кўп маълумотлар тарқатилмоқда. Биринчи навбатда, бунга 20 ёшли легионеримизнинг жами 50 миллион евро эвазига жуда машҳур клубга ўтгани сабаб бўлди.

Қолаверса, ёш футболчи Англияга кўчиб ўтганининг бешинчи куни дунёнинг энг мураккаб ва шиддатли лигасида дебют қилди. Шунингдек, Англия кубоги доирасида “Сити”даги иккинчи учрашувидаёқ, захирадан майдонга тушиб, гол урди ва Хосеп Гвардиолани шармандали мағлубиятдан қутқариб қолди.

Умуман олганда, “Челси”га қарши ўйинда голга сабабчи бўлган Абдуқодир Ҳусанов кейинги имкониятдаёқ “Манчестер Сити”нинг ашаддий мухлислари меҳрини қозонди, мураббийлар ишончини оқлади.

Англия матбуотида Абдуқодир Ҳусанов ҳақида маълумотлар кўпайиб бормоқда. Бу бир томондан ҳамюртимизни инглиз аудиториясига янада кенгроқ танитишда муҳим аҳамият касб этади.

- Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”га келганида уни ҳеч ким танимас эди. Дебют мавсумида кўп ўйнагани йўқ. Лекин кейингисида имконият берилиши билан ақлбовар қилмас нарсаларни амалга ошира бошлади.

Ҳусанов рақибга босим ўтказишни яхши кўради. Ҳеч қачон бўшашмайди, яккакурашларда ютқазишни ҳазм қила олмайди. Жисмонан бақувват ўйинчи, - деб таъриф берди Get French Football News нашри бош муҳаррири Люк Энтвинстл.

Спорт оламида машҳур юлдузларга уларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, лақаб қўйиш одати бор. Абдуқодир Ҳусанов ҳам бундан “қуруқ” қолгани йўқ.

Британиялик журналист Алекс Брозертон айни пайтда Ҳусановнинг учта лақаби борлигини аниқлади. Булар “Монстр”, “Танк” ва “Поезд”.

Хўш, бу ўхшатишларни ким ўйлаб топган.

Абдуқодирни биринчи бор “Монстр”, деб “Ланс” ва Франция терма жамоаси дарвозабони Брис Самба атаган эди.

- Ҳусанов – “монстр”, унинг “Ницца”га қарши қандай ўйнаганини кўрдингизми?... Мен ундан қўрқиб қолдим. Унинг бу ёшда бунақа ўйнаши одамни ҳайратга солади. Бунақа ўйини билан биз уни узоқ вақт ушлаб қололмасак керак, - деган эди тажрибали дарвозабон Брис Самба.

“Ланс”нинг бош мураббийи Уилл Стилл ҳамюртимизнинг жисмоний бақувватлиги, курашувчанлиги ва тўқнашувлардан ҳайиқмаслигини изоҳлаш учун эса, уни “Танк”, деб атай бошлаганди.

Алекс Брозертон ниҳоят, Ҳусановга “Поезд” деган лақаб ўзбекистонлик мухлислар томонидан берилганини ёзади. Дарҳақиқат, терма жамоамиздаги ўйинлари давомида ишқибозлар “Рақибга Ҳусанов урилди нима-ю, Афросиёб поезди тегди нима?”, деб ҳазиллашишади.

Дарвоқе, Ҳусанов ўзи ўйнаган деярли барча учрашувларда легионеримиз рақиб ҳужумчиларига катта тезликда етиб олиб, елкама-елка курашда уларни бир туртиб учириб юбориши одат тусига айланган.

Буни европалик экспертлар ҳам эътироф эта бошлади.

- Абдуқодир Ҳусанов жисмонан бақувват, кучли ва шиддатли ҳаракатлари, ҳавода курашиш маҳорати ва тажавузкор усули билан ажралиб турадиган ўйинчи.

Ўзбек футболчиси тўпга ўзига ишонган ҳолда эгалик қилади, лекин унинг энг кучли томони жуда катта тезлиги, тезкор ҳужумчиларга етиб олиб, улардан тўпни тортиб олиши ва жамоаси ҳужумини бошлаб беришидир, - деган хулосани берди Football Manager марказининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Томас Буллок.

Абдуқодир Ҳусановнинг фаолиятини кузатиб бораётганлар унинг ҳали ёшлигини инобатга олиб, Хосеп Гвардиоладек тажрибали мутахассис ўзбек футболчисининг янгидан янги қирраларини кашф этишига умид билдирмоқда.

Демак, биз ҳам Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинларини синчковлик билан кузатиб боришда давом этамиз. Чунки кўз ўнгимизда янги тарих яратадиган футболчи шаклланмоқда...

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт