07:14 / 18.02.2025
12 482

«Пахтакор» Элит ОЧЛ 1/8 финалига йўлланмани қўлга киритди!

«Пахтакор» Элит ОЧЛ 1/8 финалига йўлланмани қўлга киритди!
Фото: Пахтакор
Илк бор ташкил этилган ОФК Элит Чемпионлар Лигасида қатнашган «Пахтакор» мусобақанинг 1/8 финалига йўллланмани қўлга киритди.

Ўзбекистон вакили сўнгги турда колумбиялик ҳужумчи Брайан Риаскоснинг дубли эвазига «Ас Садд»ни (2:1) мағлуб этиб, турнирдаги илк ғалабасига эришди.

Жамоанинг кейинги босқичга чиқиш-чиқмаслиги бошқа ўйинларга боғлиқ эди ва ўша баҳсларда «шерлар»ни қониқтирадиган натижалар қайд этилди. Аниқроғи, муддатидан аввал плей-офф масаласини ҳал қилиб бўлган Саудия грандлари охирги ўйинда ютқазишмади ва бу «Пахтакор»нинг 1/8 финалга чиқишини расман ҳал қилди. «Ан Наср» «Персеполис» (0:0) билан дуранг ўйнаган бўлса, «Ал Аҳли» эса «Ал Гарафа»дан (4:2) устун келди.

Натижада 8 ўйинда 7 очко тўплаган «Пахтакор» камида 8-ўриндан (12 жамоадан 8 таси чиқади) пастга тушмайдиган бўлди ва Элит ОЧЛ плей-оффида ўйнайдиган илк ўзбек клубига айланди. Нимчоракфиналдаги рақиб — «Ал Ҳилол» ёки «Ал Аҳли» бўлади.

Ҳозирда Ғарб минтақасида 7 йўлланма эгаси аниқ — «Ал Аҳли», «Ал Ҳилол», «Ан Наср» (учаласи — Саудия Арабистони), «Ас Садд», «Ар Райян» (иккаласи — Қатар), «Ал Васл» (БАА) ва «Пахтакор» (Ўзбекистон).

Сўнгги 8-иштирокчи Эрон клуби бўлади. Агар 18 феврал куни Жалолиддин Машарипов ўйнайдиган «Истиқлол» «Ар Райян»га ютқазмаса, кейинги босқичга чиқади. Агар «Истиқлол» мағлуб бўлса, Остон Ўрунов ҳаракат қиладиган «Персеполис» плей-оффда ўйнайди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт