
Хабарингиз бор, Ўзбекистон U-20 терма жамоаси яқинда Хитойда ташкил этилган U-20 Осиё чемпионатида иштирок этиб қайтди.
Мусобақада вакилларимиз чорак финалгача етиб борди ва мундиал йўлланмаси учун кечган чоракфиналда Жанубий Кореяга (3:3, пен, 1:3) енгилиб, жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолганди.
Бугун ЎФА мажлислар залида терма жамоа бош мураббийи Фарҳод Нишонов, ёрдамчилар Павел Захаров, Руслан Матниёзов, Айдер Курбаев, Рауф Инилеев иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ОАВ ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
«Айрим инсонлар, қўштирноқ ичидаги журналистлар ҳар-хил гаплар билан бизнинг ишимизни бўрттириб, шубҳали гаплар қилиб, туҳмат қилишмоқда. Биз шу вақтгача ҳеч қандай шубҳали иш қилмаганмиз. Мақсадимиз нима эканлигини аниқ билардик. Ватан учун хизмат қилганмиз.
Натижага мураббий жавоб беради. Бу нормал ҳолат. Тушкунликка тушмаймиз. Ўйинларни кўрдингиз, озгина омад етишмади. Пенальтилар сериясида манаман деган футболчилар ҳам гол ура олишмаган. Бу босим ёки руҳий ҳолат эмас, шунчаки омад билан боғлиқ деб ўйлайман, - деди у.
- Осиё чемпионати олдидан жамоамиз керагидан ортиқ йиғин ўтказдими?
- Биз Корея ёки Японияга тушишимиз эҳтимолини қуръадан сўнг билдик. Улар ҳам бизга ўхшаб 20 тача ўйин ўтказган. Норасмийлари ҳам бор.
Клублар 15 январдан йиғинга киришяпти. Ички чемпионат ноябрда тугаяпти, Осиё чемпионати февралда бошланади. Сиз йигитларни 20 январда қитъа чемпионатига олиб кетармидингиз? Мусобақага тайёргарлик, тикланиш бор, шунинг учун йиғинни эртароқ бошладик.
Агар пенальтилар сериясида ютганимизда, ҳозир бизга бошқача савол бераётган бўлар эдингиз.
Аввалги анжуманда Саудия Арабистони билан ўйинда футболчиларнинг жисмоний ҳолати қизил ҳудудга тушиб қолдими, деб савол беришганди. Бу ўйинчиларнинг ҳолати ёмон дегани эмас. Қолаверса, ичкаридан бу маълумотларни ташқарига олиб чиққан футболчилар жамоадан четлатилган. Жисмоний ҳолатдан муаммо бўлмаган.
Муаммо ўйинчиларнинг жароҳатлари бўлди. Бу бизни кўп қийнади. Ўринбоев, Ҳайдаров, Хайруллаев, Ризақулов, Файзуллаев, Ибрагимов ва Муратбоевлар айнан, ўйинлардан олдин жароҳат олишганди. Кимлардир клубларидаги эски жароҳатлар билан келганди.
- Ўринбоев муҳим ўйинлар сабаб операция қилинмадими?
- Рентген қоғозларни улар ёш бўлгани учун турлича кўрсатиши мумкин. Қатарда ФИФАнинг энг кучли клиникасида текширтирганимизда ҳеч қандай операция керак эмаслиги, индивидуал ишлаш лозимлигини айтишди. Кейин шундай қилдик. У билан алоҳида шифокор ишлади, орада Туркияга бориб даволаниб келди ва охирги ўйинларимизда умумий гуруҳга қўшилди.
- Журналистларнинг айнан қайси гаплари, маълумотлари жаҳлингизни чиқарди?
- Ишонч билан айта оламанки, жамоага ҳеч қандай коррупцияни аралаштирмадик. юқоридан ҳеч қандай босимлар бўлмади. Раҳбарият бизни қўллаб-қувватлади. Бу даврда ўйинчиларнинг формаси ҳар-хил бўлади. Кимдир эрта, кимдир кеч ўсади. Ўзини кўрсата олмаган ўйинчиларимиз бўлди. Уларга вақт етмади, баъзиларига жароҳат сабаб бўлди.
Кимлардир жамоанинг йиғинларидан норози бўлган. У ёшлар миллий жамоада ўйнамаса, қандай қилиб ўсади. Суперлига билан Пролига, ёшлар лигасининг фарқи жуда ҳам катта. Суперлига клублари уларни ўйнатмагани учун айбдор эмас. Уларнинг ҳам ўз олдиларига қўйган вазифалари бор. Вақти келиб ёшлар ҳам асосий жамоасида ўйнаб кетади.
ФИФА кунларида Аргентина, Франция чақирса бормайсизми, ўйнамайсизми? Улар бизни ўзига муносиб рақиб сифатида кўргани учун ҳам чақиришяпти. Корея, Япония биттаям ўйин ўтказмади дейишяпти. Ваҳоланки, биз корейслар билан ҳам японлар билан ҳам ўйнаганмиз. Улар ҳам мусобақага тайёргарлик кўришди. Осиё кубоги бошланишига жамоасини йиғиб келаётгани йўқ, ахир.
Футболчиларни тўғри тушуниш керак. Халқаро ўртоқлик ўйинлар ёшларимиз учун катта тажриба бўляпти. Уларни қайсидир гапларга ишониб, йўлларини тўсиш керак эмас. Улар ҳали ёш ва вақти келганда клубларида ҳам ўйнайди. Ёшлар миллий жамоаси уларни клубларига тайёрлаб беради.
- Лазиз Мирзаев ва Амирбек Саидов рақобатда енгилишдими?
- Улар клубларида бўлиши керак эди. Лекин биз кутган формада келишмади ва шунчаки рақобатда енгилишди.
- Мураббийлар штабини ўзингиз шакллантирдингизми?
- Бу жамоага келганимда ҳозирги штат бор эди. Келдим ва улар билан ишлаб кўрдим. Ҳаммаси ўз ишини яхши билади ва асосийси ўз ишида тоза инсонлар экан. Шунинг учун шу штаб билан қолдим ва охиригача ишонаман.
- Бу терма жамоа 2028 йилги Олимпиадага тайёргарлик олиб боради. Терма жамоани ўзингиз бошқаришда давом этасизми?
- Бизга қўйилган вазифани бажара олмадик. Мақсадимиз чемпионлик эди ва жаҳон чемпионатига ҳам чиқа олмадик. Мураббиймиз ва ҳаммасини тўғри тушунамиз. Ишдан бўшатишса, боша клубимиз бор ва ўша ерда ишлаймиз. Катта эҳтимол билан бошқа мураббийларга беришар. Буни раҳбарият ҳал қилади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар