22:31 / 22.03.2025
14 002

Жаҳон чемпионати: Ўзбеклар ҳаммани ҳайратга солади!

Жаҳон чемпионати: Ўзбеклар ҳаммани ҳайратга солади!
2026 йили бирданига уч мамлакат – АҚШ, Канада ҳамда Мексика мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионати ўзбек футболи учун тарихий аҳамият касб этиши кутилмоқда.

Катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати – Ўзбекистон футболчилари забт этолмаган ягона мусобақа ҳисобланади. Ўтган йили ҳамюртларимиз Париж Олимпиадасида қатнашганидан кейин қадамимиз етиб бормаган турнир фақатгина мундиал бўлиб қолди.

Айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқиш учун ҳар қачонгидан яхши имконият ҳосил қилган. Осиё саралаш турнири учинчи босқичида футболчиларимиз ўз гуруҳида иккинчи ўринда бормоқда. Пешқадам Эрондан уч очко орқадамиз ва 25 март куни айнан форслар билан куч синашамиз.

Йигитларимиз бу босқичда қолган учта учрашувда тўрт очко жамғариши биз учун Шимолий Америкага йўл очади. Ҳозирча, ҳаммаси Тимур Кападзе бошқараётган терма жамоамиз қўлида.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг илк бор жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти хорижда ҳам муҳокама қилинмоқда.

Хусусан, ўз даврида терма жамоа ва “Пахтакор”ни бошқарган россиялик таниқли мутахассис Валерий Непомняшчий футболчиларимизнинг саралаш босқичдан муваффақиятли ўтишига ишонаятганини таъкидлади.

- Кейинги йилларда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси халқаро майдонда жиддий натижаларни қайд этмоқда. Ўтган йили улар Олимпия ўйинларида ҳам иштирок этди.

Мамлакатда ёшлар футболига эътибор катта, улар униб-ўсди ва бу бош жамоа учун ҳам самара келтира бошлади.

Ўзбекистоннинг айрим ўйинчилари, жумладан Элдор Шомуродов ва Абдуқодир Ҳусанов Европада ўйнаяпти.

Бир томондан Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқиши ҳаммани ҳайратга солади, бошқа тарафдан айнан шундай бўлиши ҳам керак.

Бу яхши олиб борилган ишларнинг самараси бўлади ва мен ҳам бу ҳаққоний ютуқни қўллаб-қувватлайман, - деди 81 ёшли Валерий Непомняшчий.

Эслатиб ўтамиз, россиялик мураббий 2006-2007 йиллар давомида “Пахтакор” ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи бўлиб ишлаган. Бундан ташқари, у 1990 йилги жаҳон чемпионатида Камерун терма жамоасини муваффақиятли бошқаргани билан футбол тарихида ном қозонган.

Валерий Непомняшчий 1996 йили узоқ йиллик мураббийлик фаолиятига Самарқанднинг ўша даврдаги “Спартак” номли жамоасида ўйновчи мураббий бўлиб киришган. 2018 йилгача давом этган мураббийлик карьерасида Россия, Туркманистон, Туркия, Хитой, Япония, Жанубий Кореянинг қатор клубларида фаолият юритган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт