14:17 / 24.03.2025
348

Европада драматик ўйинлар: Италияга даҳшатли камбэк ҳам ёрдам беролмади, Роналдудан янги рекорд

Европада драматик ўйинлар: Италияга даҳшатли камбэк ҳам ёрдам беролмади, Роналдудан янги рекорд
Миллатлар лигасида чоракфинал баҳслари драмаларга бой бўлди. Италия Германия билан ўйинда учта гол фарқини йўққа чиқарди, аммо икки ўйин натижасига кўра қолиб кетди (1:2, 3:3), Испания ва Нидерландия икки ўйинда ҳам дуранг ўйнади (2:2, 3:3) ва футбол лотереясида испанларга омад кулиб боқди, биринчи ўйинда Данияга ютқазиб қўйган (0:1) португаллар, жавоб ўйинида асосий вақтда мувозанатни тиклади (3:2) ва овертаймларда яна иккита гол урди, биринчи ўйинда Хорватияга ютқазган (0:2) Франция эса ўз уйида шу ҳисобда ғалаба қозонди ва пеналтилар сериясида аниқроқ ҳаракат қилиб, яримфиналга ўтди.

Энди яримфиналда Франция Испания, Португалия Германия билан ўйнайди.

Италияликлар 0:3 ҳисобидан кейин камбэк қилиб ҳам яримфиналга чиқолмади. Германияга Трент услубидаги бурчак зарбаси ёрдам берди

Миллатлар Лигаси. 1/4 финал
Жавоб ўйинлари. 23 март
Германия — Италия 3:3
Голлар
: Киммих (30, пеналти), Мусиала (36), Кляйндинст (45) — Кен (49, 69), Распадори (90+5, пеналти).
Германия — Бауманн, Та, Рюдигер (Биссек, 77), Шлоттербек, Киммих, Штиллер (Гросс, 63), Горетцка (Амири, 63), Миттелштедт, Сане (Адейеми, 63), Мусиала (Андрих, 77), Кляйндинст.
Италия — Доннарумма, Гатти (Политано, 46), Буонжорно, Бастони, Ди Лоренцо, Барелла, Тонали (Распадори, 68), Риччи (Заккани, 85), Удожи, Кен (Лукка, 85), Малдини (Фраттези, 46).
Огоҳлантиришлар: Гатти (21), Штиллер (22), Буонжорно (29), Адейеми (68), Бастони (79), Кляйндинст (79).
Биринчи ўйин — 2:1.

● Италия немислар билан ўйиннинг биринчи бўлимидан кейин 0:3 ҳисобида ортда бораётганди, иккинчи бўлимда эса учта гол билан жавоб қайтарди, аммо якунда икки ўйин натижасига кўра (1:2, 3:3) барибир турнирни тарк этди. Куннинг энг ёрқин голи – Трент Александер-Арнолд услубидаги бурчак зарбасидан кейин шу ўйинда урилди. Жанлуиджи Доннарумма жамоадошларини жарима майдони бўйлаб жойлаштириш билан бандлигида, Жамал Мусиала Йозуа Киммиҳнинг узатмасидан кейин тўпни бўш дарвозага йўллади.

Киммиҳ немисларнинг икки ўйиндаги барча голларида иштирок этди. Жавоб ўйинида у аввалига пеналтидан ҳисобни очди, кейин бурчак зарбасини ижро этишда италияликларни доғда қолдирди, бўлим охирида эса форвард Тим Кляйндинстга ҳам учинчи голни уришда ёрдам берди.

Иккинчи бўлимда италянлар ўйинда бурилиш ясади. Мойзе Кин дубл расмийлаштирди, Киммиҳ унинг биринчи голида ҳам иштирок этди – ҳимоячининг ноаниқ узатмасидан кейин гол ўтказиб юборилди. 76-дақиқада италияликлар пеналти сўрашди, аммо бош ҳакам Шимон Марчиняк Нико Шлоттербек Жованни Ди Лоренцога қўполлик ишлатмаган деб топди.

Немислар дарвозасига фақат қўшимча дақиқаларда, ҳисоб 3:2 ҳолатида Максимилиан Миттелштедт қўл билан ўйнаганида 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди. Жакомо Распадори уялтирмади, аммо ҳисоб тенглашиши етарли бўлмади. Италянлар иккинчи бўлимда ёрқин ўйин кўрсатишди, аммо икки ўйин натижасига кўра 5:4 ҳисобида ортда қолишди.

Киммиҳ – бу қарама-қаршиликнинг асосий қаҳрамони, у икки ўйинда тўрт ассист ва бир гол муаллифи бўлди. Германия Италияни ҳақли равишда ортда қолдирди (бештага қарши 19 зарба) ва Мюнхен ва Штутгартда ўтказиладиган Тўртлар финалига йўлланмани қўлга киритди. Энди улар ўз майдонида ўйнайди, италияликлар устун келган тақдирда, барча Туринга йўл олган бўларди.

Италия қаторасига учинчи ўйинда ғолиб чиқолмаяпти: жамоа гуруҳ босқичининг сўнгги турида Францияга ютқазганди (1:3). Энди – чоракфиналда мағлубият ва мағлубиятга тенг дуранг қайд этилди. Германия эса саккиз учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия қайд этмоқда. Немислар сўнгги бор 2024 йил ёзида – Европа чемпионати 1/4 финалида Испанияга ютқазганди (1:2). Шундан кейинги даврда беш ғалаба ва уч дуранг қайд этилди.

Нидерландия уч марта ҳисобни тенглаштирди. Пеналтилар сериясида Ямал хато қилди, лекин Педри қутқарди

Испания — Нидерландия 3:3
Пеналтилар серияси — 5:4.
Голлар: Ойарсабал (8 пеналти, 67), Ямал (103) — Депай (54, пеналти), Матсен (79), Симонс (109, пеналти).
Испания — Симон, Мингеса (Порро, 94) Ле Норман, Ҳейсен, Кукуреля, Субименди (Гарсия, 106), Олмо (Педри, 84), Руис (Мерино, 84), Ямал, Уилямс (Баэна, 117), Ойарсабал (Торрес, 69).
Нидерландия — Вербрюгген, Гертрюйда (Мален, 78), ван Ҳекке, ван Дейк, Матсен, Рейндерс (Копмейнерс, 110), Де Йонг (Тэйлор, 106), Фримпонг, Клюйверт (Симонс, 78), Гакпо (Ланг, 78), Депай (Бробби, 101).
Огоҳлантиришлар: Ле Норман (53), Депай (61).
Биринчи ўйин — 2:2.

● Испания Нидерландияни қийинчилик билан ортда қолдирди (пеналтилар бўйича 5:4). Микел Ойарсабал дубл қайд этди: 8-дақиқада пеналти ишлади ва уни ўзи аниқ ижро этди, 67-дақиқада эса бошда йўллаган аниқ зарбаси билан испанларни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. Нидерландия сафида Мемфис Депай жарима майдони ичида Ле Норман билан тўп учун курашда пеналти ишлаб ҳисобни тенглаштирди.

Ойарсабал – Луис де ла Фуэнте даврида Испания миллий жамоасининг барча турнирлардаги энг яхши тўпурари: у бу оралиқда аллақачон тўққизта гол урди. Алваро Моратада 7 та, Ферран Торрес, Дани Олмо ва Ҳоселу 6 тадан.

Аммо бу ўйинда унинг иккинчи голи ҳам ғалабани таъминламади: триллер сюжетида кечган ўйиннинг 79-дақиқасида Ян Матсен ҳисобни тенглаштириб, ўйин овертайларга ўтди. Қўшимча бўлимлар бошида эса Ламин Ямал навбатдаги шедевр голи билан жамоасини яна ҳисобда олдинга олиб чиқди, аммо олти дақиқа ўтиб Ҳави Симонс ўзи ишлаган пеналтини аниқ ижро этиб, ўйин давомида учинчи бор ҳисобни тенглаштирди.

Шу тариқа, ўйин пеналтилар сериясигача борди. Аввалига нидерландияликлар сафида Ноа Лангнинг зарбасидан кейин тўп тўсинга борди, испанлардан эса Ямалнинг зарбаси муваффақиятсиз чиқди. Узоқ давом этган серия якунида испанлар Дониэлл Маленнинг хатоси эвазига яримфиналга йўл олишди – Унаи Симон чапга ташланиб, минимал баландликда учиб келаётган тўпни бир қўли билан қайтариб қолди. Педри эса ҳал қилувчи уринишда совуққонлик билан ҳаракат қилиб, Ламин танқидлардан қутқарди (10:9).

Испания мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда: 2024 йил мартидан буён – 14 ғалаба ва тўрт дуранг.

Роналду пеналтида хато қилди, лекин ўйиндан гол уриб, барибир жамоаси билан яримфиналга йўл олди

Португалия — Дания 5:2
Голлар
: Андерсен (38, автогол), Роналду (72), Тринкау (86, 91), Рамуш (115) — Кристенсен (56), Эриксен (76).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Роналду (6).
Португалия — Кошта, Далот (Семеду, 81), Диаш, Инасиу, Мендеш, Витиня (Невеш, 99), Силва, Фернандеш, Леау (Жота, 62), Консейсау (Тринкау, 81), Роналду (Рамуш, 90+2).
Дания — Шмейхел, Кристенсен, Андерсен, Вестергор, Доргу (Ҳардер, 97), Ҳюлманн, Эриксен (Френдруп, 83), Нёргор (Фроҳолдт, 83), Исаксен (Кристансен, 73), Линдстрем (Сков Олсен, 65), Ҳойлунд (Биерит, 73).
Огоҳлантиришлар: Эриксен (50), Диаш (50), Нёргор (66), Жота (75), Андерсен (105+3), Вестергор (120+1).
Биринчи ўйин — 0:1.

● Португалия данияликлар тўсиғидан бир амаллаб ўтди (умумий ҳисоб 5:3). Биринчи ўйинда Расмус Ҳойлунд голини ўз услубида нишонлашини яқин масофадан кузатишга мажбур бўлган ва жавоб ўйинида унга жавоб қайтаришга ваъда берган Криштиану Роналду ўз мақсадига ўйин бошидаёқ эришиши мумкин эди. У 3-дақиқада Патрик Доргу билан тўқнашувдан кейин жарима майдони ичида йиқилди. Бош ҳакам Славко Винчич VAR билан маслаҳатлашувдан кейин 11 метрли нуқтани кўрсатди. Криштиану тўпга ўзи борди, аммо Каспер Шмейҳелни доғда қолдира олмади. Бу вақтда эса Бруно Фернандеш жамоа сардорига ҳаддан ташқари ишониб юбориб, голни нишонлашга киришиб кетганди.

Роналду фаолиятидаги 32-бор пеналтидан гол уролмади. Криштианунинг жами 205 та уринишдан 203 та гол урган – 84 фоиз аниқлик. Лионел Месси 140 та имкониятдан 109 тасини голга айлантирган – тахминан 78 фоиз.

Биринчи бўлимда португалларга Йоаким Андерсеннинг автоголи ёрдам берди. Бруно бурчак зарбасидан тўпни узоқроққа етказиб берди, тўп Криштианудан ўтиб кетди ва Андерсеннинг боши орқали дарвоза тўрига йўл олди.

Иккинчи бўлим бошида данияликлар ҳисобни тенглаштирди, 72-дақиқада эса Роналду барибир ўйиндан гол урди ва Ҳойлунддан қарзини қайтарди, меҳмонлар устози эса бир дақиқа ўтиб ҳужумчисини алмаштирди. Аммо Дания яна тезда ҳисобни тенглаштирди ва фақат охирги дақиқаларда Франсишку Тринкау португалларни яна ҳисобда олдинга олиб чиқиб, жамоаларни қўшимча бўлимларга олиб ўтди. Овертаймлардан биринчиси бошланганида эса жамоасини икки ўйин натижасига кўра ҳисобда олдинга олиб чиқди, Роналдунинг ўрнига туширилган Рамуш эса умумий ҳисобни 5:3 га етказди.

Криштиану миллий жамоа сафида илк бор 40 ёшида гол урди. 40+ ёшда гол урган футболчилар жами 10 нафар эди. Роналду ўн биринчисига айланди. Унгача энг кекса тўпурарлардан машҳурлари: англиялик Стэнли Мэтюс (41 ёш-у 248 кун) ва камерунлик Роже Милла (42 ёш-у 39 кун). Виржин ороллари жамоаси футболчи Кейтрой Корнелиус терма жамоаси сафида 43 ёш-у 196 кунлигида ҳам гол урган. Роналду бу натижани яхшилашга ҳам уриниб кўрса бўлади.

Португалия энди яримфиналда Германияга қарши икки ўйин ўтказади.

Франция 0:2 ҳисобидан чиқиб кетди. Аммо хорватлар пеналтилар сериясигача етиб боришди

Франция — Хорватия 2:0
Пеналтилар серияси
— 5:4.
Голлар: Олисе (52), Дембеле (80).
Франция — Менян, Кунде, Упамекано, Салиба, Эрнандес, Коне (Заир-Эмери, 111), Чуамени, Олисе (Камавинга, 106), Дембеле (Коло-Муани, 99), Барколя (Дуэ, 66), Мбаппе.
Хорватия — Ливакович, Станишич, Чалета-Цар, Шутало, Гвардиол (Понграчич, 106), Модрич (Моро, 81), Ковачич (Якич, 81), Перишич (Пашалич, 71), Сучич, Крамарич (Батурина, 71), Будимир (Иванович, 60).
Огоҳлантиришлар: Станишич (35), Мбаппе (37), Ковачич (45), Гвардиол (45+3), Чалета-Цар (61), Ливакович (74), Коло-Муани (103).
Биринчи ўйин — 0:2.

● Французлар ўз уйида қўйилган вазифани уддалашди ва асосий вақтда 2 та жавобсиз гол уриб, пеналтилар сериясида ҳам устун келишди. Биринчи бўлимда Франция кучли босим ўтказди, аммо ҳисоб очилмай қолди. Ҳолбуки, хорватлар биринчи ўйиндан кейин 2:0 ҳисобида олдинда эди. Бу Килиан Мбаппени асабийлашди ва 37-дақиқада Доминик Ливаковични тепиб юборгани учун сариқ карточка ҳам олди. У бу вазиятда хорватлар посбонининг қўлидан тўпни олиб қўймоқчи бўлиб, унинг елкасига тиззаси билан зарба берганди.

Бунинг учун Оливер ҳужумчини огоҳлантирди, Лука Модрич эса Ливаковичдан кечирим сўрашга мажбур қилди – хорватиялик яримҳимоячи намойишкорона Килианнинг қўлидан ушлаб, дарвозабон олдига олиб борди. Ўтган ўйинда у Мадрид жамоасидаги шеригига симуляция учун бақирганди.

Фақат иккинчи бўлимда гол урилди. Майкл Олисе стандарт вазиятдан аниқ зарба берди. 80-дақиқада эса Усмон Дембеле Олисенинг пасидан кейин иккинчи голни урди ва умумий ҳисобни тенглаштирди (2:2).

Бу ўйин ҳам пеналтилар сериясигача борди. Серияни очиб берган Килиан идеал зарба берди, хорватлар сафида нуқтага биринчи бўлиб яқинлашган Батурина эса Менянни алдай олмади. Иванович эса тўпни қийшиқ тепди. Унинг ортидан нуқтага борган Кунде каби. Французлар сафида серияни якунлаб бериши керак бўлган Тео Эрнандес ҳам хато қилди. Натижада бештадан зарба билан ғолиб аниқланмади ва якунда еттитадан зарба беришга тўғри келди. Станишичнинг уриниши Хорватия тақдирини ҳал қилди. Менян унинг ҳам зарбасини қайтарди, Упамекано эса Франция учун «Тўртлар финали» эшигини очиб берди. Июнда Диде Дешам жамоасини Испанияга қарши жанг кутмоқда.

Миллатлар Лигасидаги чоракфинал ўйинлари натижаларига кўра Европа қитъасида 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун саралаш гуруҳлари ҳам тўлиқ шаклланди.


Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт